Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

NYT: Каримовга ворисликка Бош вазир ва унинг ўринбосари қолди!


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли бизнес империясига қарши бораëтган амалиëтларни шарҳлаган New York Times газетаси ҳозирги жараëнлар хотимасини шундай баҳолади. АҚШ нашрига кўра¸ Тошкентда бўлаëтган воқеалар отасининг қаҳрига учраган Гулнора Каримованинг ворислик иддаоси пучга чиққанини англатади.

“Ҳозирга қадар ҳам Гулнора Каримова Марказий Осиëдаги қашшоқлашиб бораëтган бу мамлакатни бошқараëтган ўз отаси ўрнини эгаллашга кўп ҳам лойиқ кўрилмаëтган эди”¸ деб бошланади NYT газетаси 20 ноябрь куни эълон қилган мақола.

Ана шу жуда заиф эҳтимолни¸ америкалик журналист назарида¸ кейинги ҳафталар ичи Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ичкарисидаги бизнес империясига қарши ҳуқуқ тизимлари бошлаган ҳаракатлар чиппакка чиқармай қолмаган.

Голливуд киноларидаги каби оилавий драмага айланиб бораëтган Гулнора Каримова атрофидаги машмашалар¸ мақолада ëзилишича¸ Ўзбекистондаги сиëсий жараëнларнинг кейинги тақдирида акс этмай қолмайди.

“Ўзбекистон Марказий Осиëнинг аҳолиси энг кўп давлати¸ аммо бу мамлакатда рисоладагидай тизимлар йўқлиги боис зўравонлик чиқишига элтувчи сабаблар жуда кўп. Ҳукмдор алмашинувига яқинлашаëтган аксар авторитар давлатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам ворислик масаласи ҳал бўлишининг қон тўкилиши¸ элита ичидаги хиëнат ва ҳатто фуқаровий нотинчликка айланиб кетиши таҳдиди кучли”¸ деб ëзади АҚШ даги нуфузли нашр.

“Ўзбекистон Конституциясига кўра¸ президент ўлса¸ Сенат раиси вақтинча президент вазифасини бажаришга ўтиши керак. Аммо собиқ совет республикаларининг доим ҳам қонун нормаларига амал қилмасликлари инобатга олинса¸ хусусан¸ Каримовлар оиласидаги ички курашга қараладиган бўлса¸ Каримов ўлган тақдирда Сенат спикерига ҳақ берилиши режада йўқлигини кўриш мумкин”¸ деб давом этади АҚШ нашрида 20 ноябрь куни чоп этилган мақола.

“Бу ўйиннинг асл ҳолатини Ўзбекистондаги саноқли одам билади¸ холос. Аммо Гулнора Каримова мақомининг ўзгаргани ошкор”¸ деб иқтибос келтиради газета америкалик Марказий осиëшунос Скотт Ҳортон сўзларини.

“Гулнора Каримова ворислик мусобақасидан чиқарилгани инобатга олинса¸ Ўзбекистонда Каримов ворислигига иккита асосий номзод қолди – бири Бош вазир (Шавкат Мирзиëев – таҳр.) ва унинг биринчи ўринбосари (Рустам Азимов – таҳр.). Улардан қай бири “шоҳ” бўлишини эса¸ Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов белгилашга уринаëтган кўринади”¸ дейилади мақолада.

Гулнора Каримова атрофидаги воқеаларни кимлардир Ислом Каримовнинг заифлашуви ифодаси деб талқин этаëтган бўлса¸ айрим бошқа таҳлилчилар¸ оилавий жанжал Каримовнинг аввалгидан-да қудратлироқ эканидан далолат эканини айтмоқдалар¸ деб хулоса қилади америкалик мухбир.

“Афтидан¸ Каримов ҳеч кимни Гулнорадан кўпроқ яхши кўрмайди. Чунки у отасига жуда ўхшайди ва жуда ақлли. Аммо Каримов ҳатто энг яхши кўрганига ҳам орқа ўгиришга қодирлардан бир ва дунëда бунақалар кам эмас”¸ дейди ота-қизнинг иккаласи билан ҳам учрашган Ғарб дипломатларидан бири NYT мухбирига.

Бу гап мақоланинг сўнгги жумласи эканидан¸ Ислом Каримов ўз ҳукмронлигини узайтириш мақсадида¸ керак бўлса¸ севимли қизидан ҳам воз кечадиган ҳукмдорлар сирасига киради¸ деган мантиқ англашилади.
XS
SM
MD
LG