Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:30

OzodlikOnline: Гулнора Каримованинг “бизнес империя”си қуладими?


Гулнора Каримова ўзини кенг "намоëн қилган" соҳалардан бири¸ мода майдони ва президентнинг тўнғичи ўзини халқаро майдонда дизайнер ва заргар деб танитишга уриниб келмоқда.
Гулнора Каримова ўзини кенг "намоëн қилган" соҳалардан бири¸ мода майдони ва президентнинг тўнғичи ўзини халқаро майдонда дизайнер ва заргар деб танитишга уриниб келмоқда.
Асл эгаси Гулнора Каримова экани тахмин қилинадиган тўрт телеканал ва уч радиостанциянинг бир неча кун ичида ëпилгани¸ Каримова раислик қилувчи Фонд Форумда кенг кўламли текширувлар бошланиши¸ шамол эсишига қараб қадам оладиган маҳаллий журналистларнинг Каримова тадбирларидан оëқ узишлари кўпчиликда президент тўнғичи давлат ичида қурган давлатнинг қулагани ҳақида тасаввур уйғотмоқда. Сиз нима дейсиз? 28 октябрь куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган Online мулоқотимизнинг навбатдаги сонида ана шу ҳақда суҳбатлашдик.

Кейинги 10 йил давомида Ўзбекистон иқтисодининг нимаики сердаромад соҳаси бўлса¸ улар аксарининг президент тўнғичи Гулнора Каримова назоратига ўтганига ишонилади.

Хусусан¸ нефт ва газ¸ олтин ва рангли металлар¸ пахта ва тўқимачилик¸ ахборот ва телекоммуникация каби стратегик соҳаларнинг Гулнора Каримова ўз отаси қудрати соясида қурган бизнес империяси марказида экани айтилади.



Аввалига Каримованинг бу империяни 2005 йилда Швейцарияда рўйхатдан ўтган Zeromax GmbH конгломерати орқали бошқаргани кузатилди. Аммо 2010 йилда бу ширкат банкрот деб эълон қилинди ва унинг хориждаги кредиторлари қарийб 5 миллиард долларга чув тушганича қолди.

Zeromax орадан кўтарилгач¸ кузатувчилар фикрича¸ норасман мамлакат Маданият ва спорт вазирлиги ваколатиданда каттароқ ваколатни қўлга киритган Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми Каримова бизнесини бошқаришда марказий ролга ўта бошлади.

Каримовага қарашли бизнес империяси кучайиб¸ нафақат ўзбек иқтисодининг барча сердаромад соҳаларини “ўзиники қилгани”¸ балки озми-кўпми бизнес қилишга ҳоли етган маҳаллий тадбиркорлардан ўлпон ундириш воситасида айлангани ва шунинг ортидан Ўзбекистондаги каттаю кичик бизнесменлар норозилигига сабаб бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистондаги АҚШ элчиси 2004-2009 йиллларда Вашингтонга юборган махфий ëзишмаларда (2010 йилда WikiLeaks томонидан эълон қилинди-таҳр.) Гулнора Каримова мамлакатдаги даромадли бизнесларни тортиб олаëтган қароқчи ва Ўзбекистонда энг кўп нафрат қилинадиган шахс дея таърифланган эди.

Айни пайтда¸ хориж ширкатларининг Ўзбекистон бозорига кириш учун асосан битта шахс – яна шу Гулнора Каримовага откат беришга мажбур экани¸ бу бозорга киргач эса¸ унга қарашли турли “хайрия” тизимлари орқали унга мунтазам ўлпон бермаса Ўзбекистонда қола олмаслигига доир иддаолар мавжуд.

Хусусан¸ Швециядаги етакчи суриштирув журналистлари 2012-2013 йилларда ҳозирлаган ҳужжатли филмларда Ўзбекистонда UCell бренди остида ишлаëтган TeliaSonera ширкатининг ўзбек телекоммуникация бозорига кириш учун Каримовага 320 миллион доллар откат бергани иддаоси илгари сурилди.

Бу суриштирув ортидан Европанинг 10 га яқин давлатида Гулнора Каримованинг катта миқдордаги коррупция ва пул ювишга алоқадорлигига оид жиддий гумонлар илгари сурилди ва айни кунларда бу тахминлар асосида очилган жиноий ишлар давом этмоқда.

Европада бораëтган тергов жараëнлари давомида Каримовага қарашли экани айтиладиган бир неча банкдаги ҳисоб рақамларига қўйилган бир миллиард доллардан кўпроқ пул¸ қиммати очиқланмаëтган жавоҳирлар музлатилди¸ Каримованинг Швейцария¸ Франция ва Россиядаги кўчмас мулкларида текширув ўтказилиб¸ муҳрлаб қўйилди.

Бу суриштирувлар ортидан Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ташкилотларидаги доимий вакили лавозимидан ими-жимида истеъфо бериб¸ Европага қайтишдан чўчиб қолган Гулнора Каримова кейинги бир йил давомида Ўзбекистондан чиқа олмай қолди. Тўнғич қиз бир йил давомида асосий вақтини турли кўнгилочар тадбирлар ўтказиш¸ уларни ўз қўлидаги ахборот воситалари орқали тинимсиз намойиш қилишга сарфлади; миллионлаб ўзбекистонлик мажбуран пахтага ҳайдаладиган сентябрь-октябрь ойларида бу кўнгилочар тадбирлар ҳар йилгидек авжига чиқди.

Аммо ўтгандагидан фарқли¸ Каримованинг бу галги “йиллик байрам”ларидаги кайфу сафога энди Европа ҳуқуқ тизимлари баробарида Ўзбекистонда Миллий хавфсизлик хизмати ҳам халал бера бошлади.

21 октябрь куни¸ Каримова хориждан келтирилган меҳмонлари билан кўнгилхушлик қиладиган Art Week Style.uz санъат ҳафталиги бошланиши олдидан бу тадбирни кўз-кўз қилувчи тўрт телеканал эфирдан олиб ташланди.

24 октябрь кунидан бошлаб Гулнора Каримовага тегишли экани ишониладиган Terra Group ширкати таркибидаги FM тўлқинларида эфирга чиқувчи учта радиоканал –“Terra” (105 fm), “Замин” ва “Аъло FM” ўз фаолиятини тўхтатди.

25 октябрь куни эса Озодлик манбалари Гулнора Каримова раислик қиладиган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасида кенг кўламли текширув бошлангани ва Форумдаги молиявий вазиятнинг Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Давлат солиқ қўмитаси тарафидан текширила бошлаганини маълум қилди.

Озодликнинг яна бир манбаси¸ Гулнора Каримова тан соқчиларидан уч нафарининг Ўзбекистондан қочиб кетгани¸ унинг бизнес империясига алоқадор шахсларнинг ҳам мамлакатдан чиқиб кетаëтганини хабар қилди.

Сизнингча:

Ўзбекистон МХХ ва Бош прокуратураси йиллардан бери давлат ичидаги давлат бўлиб келган Гулнора Каримова “ҳудуди”га дахл қилишининг асл сабаблари нимада?

Бу ишни МХХ (раис Рустам Иноятов) Гулнора Каримованинг президент отаси буйруғи билан қилмоқдами¸ ëки Ислом Каримов МХХ (Рустам Иноятов) устидан назоратни йўқотдими?

Каримова бизнес империяси чиндан ҳам қулаëтган бўлса¸ бу унинг сиëсий амбициялари¸ хусусан¸ отасига ворислик иддаоси тугаганини англатадими?

Ўзбекистон иқтисодининг деярли барча соҳаларини ўзида марказлаштирган Каримова бизнес империясининг қулаши мамлакатдаги каттаю кичик бизнесменлар фаолияти¸ оддий истеъмолчилар ҳаëтига қандай таъсир кўрсатади?

Қулатилаëтган (агар шундай бўлса) бу империя парчалари кимга ўтади?

Гулнора Каримова боши устидаги қора булутларнинг Ўзбекистонда ҳам гўëки қуюқлашаëтгани билан 2015 йил баҳорига белгиланган президент сайловлари ўртасида боғлиқлик борми?

Каримова бу каби “текшириш”лар ортидан гўëки отаси ва унинг ҳукумати мухолифига айланиб¸ сиëсий майдонга янгича имиж билан чиқиши мумкинми?

Бу ҳаракатларнинг бари биринчи оила биргаликда ишлаб чиқиб¸ яхши мувофиқлаштирилаëтган сценарий эпизодлари бўлиш эҳтимолига қандай қандай қарайсиз?


Бу ва бошқа қатор саволлар атрофида Сиз билан OzodlikOnline жонли¸ интерактив дастурининг душанба¸ 28 октябрь куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган янги сонида суҳбатлашамиз. OzodlikOnline, OzodSkype каби Skype манзиллари орқали Сиз ҳам бу мулоқотда бевосита иштирок этинг.

Ўз мулоҳазалари билан суҳбатга қўшилиш истагидаги муштарийларимиз OzodlikOnline манзилига сўров юборишлари ва Skypeдаги дўстларимиз сафига қўшилишлари мумкин. OzodlikOnline Сиз учун 24 соат давомида очиқ!





OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG