Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:51

Қирғизистон суди "қонундаги ўғри"дан оғир айбловларни олиб ташлади


Хорижда юрган Қамчи Кўлбаев ўтган йилнинг декабрида Қирғизистонга қайтган эди.
Хорижда юрган Қамчи Кўлбаев ўтган йилнинг декабрида Қирғизистонга қайтган эди.

АҚШнинг дунёдаги энг йирик наркабаронлар рўйхатига киритилган “қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаевдан қирғиз суди айбловнинг энг оғир моддаларини олиб ташлади ва бунинг оқибатида жиноят олами лидери бир йил оралиғида қамоқдан чиқиши мумкин.

Қирғизистонда 2011 йилда уюшган жиноятчиликка қарши уруш эълон қилинганидан сўнг мамлакатни тарк этган Қамчи Кўлбаев ўтган йилнинг декабр ойида Бирлашган Араб Амирликларидан ўз ихтиёри билан Бишкекка қайтган эди. Ўшандан бери Миллий хавфсизлик ҳибсхонасида сақланаётган Қамчи Кўлбаевдан Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди “жиноий тўда ташкил қилиш”, “қурол ва гиёҳванд модда сақлаш”, “ҳукумат расмийсига зўравонлик қилиш” каби энг оғир айбловларни олиб ташлади.

Бир неча ойга чўзилган жараёндан сўнг суд ҳукми билан Қамчи Кўлбаев ўзгаларнинг мулкига зўравонлик билан эгадорлик қилиш айблови билан беш йил олти ойга озодликдан маҳрум қилинди. Мутахасисларнинг айтишича, ҳибсда сақланган ҳар бир кун қонунчиликда уч кунга ҳисобланади. Шундан келиб чиқилса, жиноят олами лидери деб аталаётган Кўлбаев бир йил оралиғида қамоқдан озод қилиниши мумкин.

Мутахасисларга кўра, суд Кўлбаевдан “жиноий тўда ташкил қилиш” айбловини олиб ташламаганида, у ҳар қандай сабаб билан қамоқдан озод қилиниш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда камида ўн йилга кесилган бўлур эди.

Давлат айбловчиси Нуридин Молдотаев суд жараёнида Қамчи Кўлбаевнинг “қонундаги ўғри” экани исботланганини айтган эди:

-Кўлбаев Қамчибек Асанбекович 2008 йилда жиноят оламида “қонундаги ўғри” мақомини олган. Шундан сўнг жиноий гуруҳ ва жиноий уюшма иташкил қилган, -деди Нуридин Молдотаев.

Қамчи Кўлбаевга нисбатан бундай енгил жазонининг қўлланилишини суд жараён давомида гувоҳларнинг асосий қисми ўз кўрсатмаларидан воз кечгани билан изоҳланмоқда.

Қирғиз судининг бу ҳукми айрим сиёсатчиларнинг норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда:

-Жиноят олами билан кураш тўхтатилди, десак бўлаверади. Жиноятчилардан сиёсатда, бизнесда ва митингларда фойдаланишаяпти. Сўнгги вақтларда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг фаолияти ҳам жиноятчиларни оқлаш фаолиятига ўхшаб қолди, -деди парламент депутати Равшан Жээнбеков.

Таҳлилчилар эса “қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг қамоқдан муддатидан олдин озод қилиниши ва Россияга махсус самолётда элтиб қўйилиши ортидан бошланган сиёсий жанжал якунланмай туриб, яни бир жанжалнинг учи чиққанини башорат қилмоқдалар.

2006 йилда парламент депутатини ўлдирганликда айбланиб 17 йилга қамалган Азиз Батукаев шу йилнинг 8 апрелида Норин қамоқхонасидан озод қилинган эди. У 9 апрел куни махсус ажратилган учоқда Қирғизистондан Чеченистонга учиб кетган.

Бунинг ортидан бошланган сиёсий жанжал оқибатида Қирғизистонда Бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов истеъфо беришга мажбур бўлган. Қирғизистон прокуратураси эса бир неча кун олдин собиқ Омбудсмен Турсунбек Акуннинг Батукаевни қамоқдан озод қилинишига кўмаклашиш эвазига 100 минг доллар пора олгани тўғрисида қирғиз матбуотида пайдо бўлган маълумотни текшира бошлаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG