Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Ўзбекистонлик ота-она 915 300 сўмгача жаримага тортилиши мумкин


8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига киритилган қўшимча қонун кучига кирди.

“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”, деб номланадиган мазкур моддага киритилган қўшимчага биноан бундан буён ота-оналарга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда жарима солиниши мумкин.


Сарлавҳага чиқарилган сумма - 915 300 сўм – 2013 йилнинг 15 августида белгиланган минимал иш ҳақининг 10 бараваридир.

Энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдордаги жарима фарзандининг 12 йиллик мажбурий таълим олишига тўсқинлик қилган ота-оналарга солинади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасига киритилган бу қўшимча тўғрисидаги қонун жорий йилнинг 31 июлида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, уни 22 августда Сенат маъқуллаган, 7 октябрда Президент имзолаган эди.

Қонун расмий нашрларда 8 октябрь куни эълон қилинди ва кучга кирди.
Маълумки, Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълим цикли ўз ичига умумий ўрта, ўрта махсус ва касб таълими мактабларини қамраб олади.

Шунинг учун ота-оналар жавобгарлигига оид янги қонуннинг зарурати нақадар эканлигини сўраб умумий ўрта ва ўрта махсус мактаблар раҳбарларига мурожаат қилдик.

Фарғона шаҳридаги 1-мактаб илмий бўлим мудири Анорхон опанинг фикрича, у ишлайдиган мактаб ўқувчилари ота-оналари орасида янги қонун бўйича маъмурий жавобгарликка тортиладиганлар йўқ.

- Бизнинг мактабда ҳеч қачон фарзандининг ўқишига қарши ота-оналар йўқ. Балки бизнинг мактабда кўпроқ “яхшироқ ўқитинглар, сизларнинг мактаб яхши ушларкан” деб ҳавас қилиб келадиган ота-оналар сероб. Умуман Фарғона шаҳри мактабларида ота-оналарнинг фарзанди ўқишига тўсқинлик қилиши муаммоси йўқ.

1-мактаб илмий бўлим мудирининг фикрича, муаммо ўқувчи умумий таълим мактабини битириб, коллежларга кирганидан сўнг бошланиши мумкин.

- Муаммо коллежларда бўлиши мумкин. Масалан, бола ўзи танлаган касбига имтиҳон топшириб кира олмаса , кейин қурилиш коллежларига киришга мажбур бўлади ва ўқишга боргиси келмайди.

Фарғоналик бошқа бир ўқитувчининг айтишича, баъзи бир коллежларда давомат масаласи ўта долзарб ва шунинг учун 1- босқич талабаларининг дарсларга мунтазам қатнашини таъминлаш улар битириб чиққан мактаблар ўқитувчилари зиммасига юклатилган.

Навбатдаги суҳбатдошимиз - Жиззахдаги илғор коллежлардан бирининг раҳбари. (У коллеж номини ҳам, исмини ҳам айтмаслигимизни сўради).

У кишидан сўрадик:

Озодлик: Бу қонуннинг долзарблиги нақадар? Чиндан ҳам фарзандининг ўқишига тўсқинлик қиладиган ота-оналар борми?

- Бор. Бунақалар чиқиб туради. Лекин кўп эмаску битта-яримта чиқади. Хўжалик ишлари бор, олма экади кимдир, кимдир деҳқончилик қилади. Шундай вақтларда ўқиш даври ўша мавсумга тўғри келиб қолади. Йиғим-терим мавсумига, экиш мавсумига тўғри келиб, ўша вақтлари болаларни дарсга қўймайди ота-она. Ўша вақтлари бир ҳафта, икки ҳафта дарсдан олиб қолади сабабсиз. Қонуннинг долзарблиги мана шунда. Жуда катта яхши томони бор бунинг.

Демак, ота-она коллежда ўқийдиган фарзандини оила эҳтиёжларини таъминлаш учун бир-икки ҳафта ўқишга жўнатмай томорқада ишлатса, қонунга киритилган ўзгартишга биноан, жаримага тортилиши мумкин.

Айни пайтда давлатнинг ўзи коллеж ўқувчилари таълимида узилиш ясаши мумкин ва бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмайди.


Масалан, раҳбари билан суҳбатлашганимиз Жиззахдаги коллежнинг 2, 3- босқич талабалари 20 кундан буён - 21 сентябрдан бери пахта теримида. Раҳбарнинг мўлжалича, улар яна камида 20 кун пахтада бўлади. Демак, ўқувчиларнинг ўқишида 1 - 1,5 ойлик узилиш бўладики, бунинг учун ҳеч ким жазоланмайди.

8 октябрь куни кучга кирган қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига қўйилиши арафасида коллежлар ўқувчилари давомати масаласига мамлакат Бош прокурори ҳам эътибор қаратиб, “Правда Востока” газетасининг 2 июль сонида мақола эълон қилган, унда коллежлар ва академик лицейлар ўқувчиларининг дарс қолдириши сабабларини таҳлил қилган, лекин сабаблар орасида, прокурор, негадир, меҳнат миграциясини тилга олмаган эди.
XS
SM
MD
LG