Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:07

Ғарб терговчилари назарига тушган Лола Каримова опасидан "воз кечди"


Лола Каримова эри Тимур Тиллаев билан Парижда ўтказган зиëфатларидан бирида.
Лола Каримова эри Тимур Тиллаев билан Парижда ўтказган зиëфатларидан бирида.
Озодлик манбаларига кўра¸ Европа терговчилари катта миқдорда пул ювиш операцияларида гумонланаëтган Гулнора Каримова ишини ўрганиш жараëнида унинг Парижда ишлаб¸ Женевада яшовчи синглиси Лола Каримова-Тиллаевага қарашли банк ҳисобларини ҳам музлатиб қўйган. Ана шу жараëн давом этаëтган бир пайтда илк бор BBC Ўзбек хизмати саволларига ëзма жавоб берган Лола Каримова¸ опаси билан 12 йилдан бери гаплашмаслигига "иқрор" бўлди.

Ўзбекистон президентининг кенжа қизи¸ Ўзбекистон Республикасининг Парижда жойлашган UNESCO бош қароргоҳидаги доимий намояндаси Лола Каримова-Тиллаевага яқин манбанинг Озодликка билдиришича¸ айни кунларда Каримова-Тиллаеванинг Швейцариядаги банк ҳисоблари музлатиб қўйилган.

Хавфсизлиги боис ўз шахси очиқланмаслигини сўраган бу манбага кўра¸ Лола Каримованинг аввалига Швейцария¸ сўнгра эса¸ Франция терговчилари назарига тушишига¸ опаси Гулнора Каримова ҳисоб рақамлари ва кўчмас мулкларининг музлатиб¸ муҳрлаб қўйилгани сабаб бўлган.

Ишончли манбага кўра¸ айни кунларда Гулнора ортидан унинг синглиси ҳам пул ювиш операцияларига алоқадорликда гумонланмоқда ва прокуратура тизимлари Лоланинг Европадаги қимматбаҳо уйларининг қайси пулларга¸ қандай йўллар билан олингани билан қизиқмоқда.

Манба таъкидича¸ бу ҳақда шахсан Лола Каримованинг ўзи яқинларига шикоят қилган ва ўзининг опасининг "касрига қолганидан" нолиган.

Ҳозирча Лола Каримова-Тиллаеванинг Швейцария банкларидаги ҳисоб рақамларининг музлатиб қўйилганига оид маълумот тегишли расмий тизимлар ва мустақил манбалар томонидан тасдиқланганича йўқ.

Аммо манбанинг таъкидича¸ опаси туфайли Европадаги "осуда оилавий ҳаëти"га дарз кетганидан ғазабга минган Лола Каримова¸ бундай терговдан омон чиқишнинг ўзига хос йўлини танлашга қарор қилган.

Терговчилар диққатида қолаëтган бир кезда¸ ҳозирга қадар матбуотга¸ хусусан¸ Ғарб матбуотига оғиз очмаган Каримова-Тиллаева хоним¸ ўзини опаси Гулноранинг бизнес фаолияти¸ қолаверса¸ "диктатор отаси" сиëсатидан жамоатчилик олдида узоқлаштириш уринишини бошлади.

25 сентябрь куни Лола Каримованинг шу йўлдаги илк ҳаракати - BBC Ўзбек хизматининг ëзма йўлланган саволларига ëзма тарзда қайтарган жавоби очиқланди.

Би-би-си Ўзбек хизматининг ëзма тарзда берган саволларига мактуб орқали жавоб берган Каримова-Тиллаева ота –онаси¸ хусусан опаси Гулнора билан муносабатлари масофали эканлигини таъкидлаган.

Ўз жавобларида Каримова-Тиллаева хоним опаси Гулнора билан умуман муносабати йўқлиги ва 12 йилдан бери гаплашмаётганини айтган.

Каримова-Тиллаева хоним ўзининг бой-бадавлат эканлигини инкор қилиб¸ Женевадаги уйини ипотека тарзида қарзга олганини таъкидлаган.

Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ўз жавобларида мажбурий болалар меҳнатига қарши эканлиги ва исломий радикализм муаммосини куч билан ечиш тарафдори эмаслигини урғулайди.

"Қора ишлар"да гумонланаëтган Каримова ўзини қутқармоқчи

Лола Каримова-Тиллаеванинг Ғарб матбуотида илк бора эълон қилинган фикрлари билан танишган Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер фикрича¸ бундай жавоблар билан “Лола Каримова ўзини оппоқ қилиб кўрсатмоқчи”:

- Лола Каримова-Тиллаева эҳтимолий келажакда фаровон Ғарб мамлакатларидан бирида тинч ва башанг яшаш илинжида ўз оиласидан масофаланмоқда¸ дейишимиз мумкин. Лекин бу жуда бўрттирилган иддао. Гулнора Каримова билан 12 йилдан бери алоқам йўқ ¸ дегани ҳам жуда иддаоли гап. Масалан¸ ҳар иккала опа-сингилнинг Парижда ва Женевада уйлари бор. Париж ва Женевада бир маҳаллада яшаб турган опа-сингилнинг борди-келди қилмаслиги ҳақидаги гапга ишониш қийин. Албатта¸ Гулнора Каримова билан боғлиқ жанжаллар синглисини бездирган¸ дейишимиз мумкин. Лола ўз опаси каби жанжал марказида қолишни истамаяпти¸ десак тўғрироқ бўлади. Ғарб матбуоти Гулнора ҳақида ўта салбий мақолалар чоп қилмоқда. Швеция ва Швейцарияда Гулнорага қарши тергов суриштируви давом этмоқда. Бу терговчилар ўз эшигини ҳам тақиллатаëтганини сезган Лола Каримова терговчи ва журналистлар нишонига айланган опаси Гулнора Каримовадан масофада эканлигини писанда қилаяпти. Ғарб жамоатчилиги олдида Лола Каримова ўзини оппоқ қилиб кўрсатмоқчи¸ дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер.

Лола Каримова ўз отасининг сиëсий терминга мос “диктатор” эканлигини қисман тан олди

Rue89 нашри тарафидан отасининг "диктатор" дейилиши юзасидан француз маҳкамасига шикоят қилганлиги борасидаги Би-би-си саволига жавоб берган президентнинг кенжа қизи¸ энг аввало ўз обрўсини ҳимоя қилганини урғулайди:

- Матбуот назари "диктатор" сўзи қўлланиши туфайли арз қилганимга қаратилган эди. Мана шу ерда мен бир аниқлик киритишни истар эдим - мен бу сўзнинг нақадар ҳаққоний ё ҳаққоний эмаслигига қарши арз қилганим йўқ эди, чунки яхши тушунаманки бу сиёсий термин. Оммавий ахборот воситалари, ҳеч шак-шубҳасиз, ўз нуқтаи назарлари ва ўз фикрларига эга бўлишдек ҳуқуққа эгадирлар. Лекин, мен ҳақимда матбуотда гапира туриб, мени фақат "диктаторнинг қизи" деб тилга олишлари менинг шахсиятимга оғир ботади.

Лола Каримованинг бу гапларини шарҳлаган Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер фарзанд ота қилмиши учун жавоб бермайди¸ деган қоида доимо ҳам тўғри бўлмаслигини айтади:

- Rue89 нашри устидан маҳкамани яхши эслайман. Лола Каримова бу маҳкамада ўзини эмас¸ балки отаси шаънини ҳимоя қилган эди. Ҳозир Лола Каримова "диктаторнинг қизи" деб тилга олиниши шахсиятимга оғир ботганидан шикоят қилмоқда. Аммо Rue89 нашри устидан маҳкамада Ислом Каримовга нисбатан "диктатор" калимаси қўлланганлиги шикоят қилинган эди. Лола Каримованинг бугун айтаëттган гапи олдингисига мувофиқ келмаяпти. Бу эса Каримовлар оиласидаги муҳит ўзгарганидан нишона¸ дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер.

Лола Каримова-Тиллаева ўзини бадавлат деб ҳисобламайди ва уйини қарзга олган

Каримова-Тиллаева хоним ўз жавобларида бой-бадавлат эканлигини инкор қилиб¸ Женевадаги уйини ипотека тарзида қарзга олганини таъкидлаган:

- На мен, ё на менинг турмуш ўртоғим бошқарув идораларида ишлаганмиз. Менинг эрим тадбиркор, у ҳеч қачон Ўзбекистон сиёсий ҳаётида қатнашмаган. Шунингдек, у ҳеч қачон қандайдир давлат тендерлари ёки давлат таъминоти ишларида иштирок этмаган. Унинг бизнеси пахта, газ, нефть ёки бошқа милиий табиий заҳиралар билан боғлиқ эмас. Унинг бизнеси солиқлар ёки қандайдир божхона тўловларидан соқит қилинувчи давлат имтиёзларига эга эмас ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа ширкатлардан фарқли ўлароқ, монополия эмасдир. Менинг турмуш ўртоғимнинг бизнеси тўлалигича хусусий маблағ ва сармояларга қурилган ва бошиданоқ унинг ўзи шу ширкатга асос солган. Унинг бизнесининг ҳеч қачон менинг қариндошларим билан боғлиқлик жойи бўлмаган¸ дея таъкидлаган Лола Каримова ўзининг қарздор эканини писанда қилади:

- Женевадаги оилавий уйимиз масаласига келсак, бу уй - биз яшайдиган асосий жой, биз Ўзбекистондаги барча кўчмас мулкларимизни сотганмиз. Фақат фарзандларимиз билан Ўзбекистонга сафар қилганда яшаш учун Тошкентда битта квартирамиз бор¸ холос. Женевадаги уйимиз нархининг 18 фоизини ўз хусусий маблағларимиз билан қоплаганмиз, қолгани эса банк кредити билан қопланган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, уйимиз "mortgage", яъни ипотека остида¸ дея таъкидланади президент қизининг жавобларида.

Лола Каримованинг бу гапларини шарҳлаган Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер бунга ишонмайди:

-Ўзбекистонда мулозимлар қўлловисиз бадавлат бўлиш жуда мушкул. Бу энг камида шундай. Агар Лола ва унинг эри оилавий қўллаб-қувватланмаган ҳолда бадавлат бўлган бўлса, бу жуда ажабланарли ҳолат. Каримовнинг куëви қайнатасининг ëрдамисиз бой бўлган бўлса, у жуда ажабтовур одам экан. Лекин мен бу иддаога жуда шубҳа билан қарайман¸ дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер.

Закот дея тамсил қилинган xайрия

“Сен ëлғиз эмассан” ташкилотини отасининг ëрдамисиз “қийинчиликларни енган ҳолда” юритаëтганини писанда қилган Лола Каримова, xайрия маблағлари ўз чўнтагидан чиққанини иддао қилади:

- Мен бунинг учун ўз хусусий маблағимдан фойдаланаман. Қўшимча ҳомийлар дастагини биз жалб қилмаймиз. Оллоҳга эътиқоди кучли бўлган шахс сифатида, мен ўз маблағимнинг бир қисмини закот сифатида ночор одамларга беришни ўз бурчим деб ҳисоблайман¸ дея таъкидланади президент қизининг жавобларида.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер қандай қилиб “қарзга уй олган камбағалгина оила”нинг ҳомийликка пул топганини савол остига олади:

- Бунинг бир гапи иккинчи гапига тўғри келмайди¸ қарзга уй олдим¸ бадавлат эмасман¸ дея айтиб турган хоним бирдан миллионларни закот учун сарфлаëтган саховатпеша муслимага айланади. Бунинг бошқа томонида эса тақлид бор. Опасига тақлид қилиб ўзини “саховатпеша” қилиб кўрсатмоқда. Агар у ўз пулини сарф қилаëтган бўлса¸ қандини урсин¸ молодец. Аммо бу пулнинг манбаи қаерда деган саволга жавоб йўқ. Бу маблағнинг илдизига қараш керак¸ дейди Озодлик таҳлилчиси.

Президентнинг қизи болалар меҳнатига қарши

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева илк бора Ғарб матбуотига интервю бераëтган айни пайтда Ўзбекистон аҳолиси пахта теримига мажбуран сафарбар қилинмоқда.

Бу интервю эълон қилиниши арафасида Бухорода 6 яшар болакайнинг пахта остида бўғилиб ўлгани маълум бўлди.

Би-би-сининг пахтазордаги болалар меҳнати ҳақидаги саволига жавоб берган Лола Каримова ўзини мажбурий меҳнатга қарши курашчи каби тақдим қилади:

- Мен ҳар қандай эксплуатация, айниқса¸ болаларнинг эксплуатация қилинишига қаршиман. Мен ўзим уч фарзанднинг онасиман ва бола ҳақиқий болаликни бошидан кечириши нақадар муҳим эканини тушунаман... Болаларнинг ҳар қандай йўлда эксплуатация қилинишини мен мутлақо қабул қила олмайман. Мен учун бу вазиятни баҳолаш қийин, лекин агар шундай ҳолатлар мавжуд бўлса, бу ачинарлидир. Бу ҳол жаҳоннинг ҳеч қайси мамлакатида юз бермаслиги керак.
Мен тушунаман, балки мен қилаётган ишлар етарли эмасдир... Бир бола ўз хоҳишига қарши қандайдир ишга мажбур қилинаётган бўлса ва ҳуқуқлари поймол этилаетган бўлса, мен буни ўзимнинг шахсий фожиам деб ҳис қиламан.. Мен, она сифатида, болалар таълим олиши, китоб ўқиши керак деб ҳисоблайман... Уларга яхши таълим бериш керак, ва шундагина улар жамиятнинг муносиб аъзолари бўлиб етишадалар ва албатта ўз юрти учун фойда келтирадилар. Яна такрорласам ҳам, айтмоқчиманки, боланинг бола бўлиб қолиши жуда муҳим¸ дея таъкидланади президент қизининг жавобларида.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер бу гапларнинг самимий эканлигига ишонмайди:

- Расмий Тошкент ҳам болалар меҳнатига қаршимиз дейди. Лола Каримованинг отаси ҳам¸ Туркманистон ва Тожикистон президентлаери ҳам шунақа дейди. Лекин бу гаплар гап шаклида қолиб мажбурий меҳнат амалиëти давом этаверади. Биласизми¸ қора мушукни ювсангиз ҳам оқармайди¸ деган гап бор. Бу гапларни айтган билан каримовлар оиласининг вакиласи бўлган Лола Тиллаева оппоқ бўлиб қолмайди. Ҳатто Тиллаева деган номни олгани ҳам ëрдам бермайди. Отаси пулига давру даврон сурган болалардан ҳисоб сўралади. Худди Муаммар Қаддафий фарзандларидан ҳисоб сўралганидек¸ дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер.

Қаср сотиб олишга қурби етган “қарздор қиз”

Ўтган ойда Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Лос Анжелеснинг энг ҳашаматли Бел Эйр маҳалласидан рекорд нарх – 58 миллион АҚШ долларлик қасрни сотиб олгани ҳатто Америка бойларини ҳайрон қолдирган эди.

Женевадаги уйини ипотекага олганини ëзган дипломат Лола Каримова¸ АҚШдаги энг қиммат қасрни қайси пулга олгани ҳақида индамади.
Женевадаги уйини ипотекага олганини ëзган дипломат Лола Каримова¸ АҚШдаги энг қиммат қасрни қайси пулга олгани ҳақида индамади.
АҚШда чиқадиган Forbes ва Business Insider нашрларининг ёзишича, Le Palais деб номланувчи қаср Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат уйлардан биридир. Ўтган йили 58 миллион АҚШ долларига баҳоланган қасрнинг умумий майдони 48 минг квадрат метрга тенг. Бу савдо халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлганидан сўнг унга изоҳ беришга мажбур қолган Лола Каримова¸ қасрни овоза қилинган каби 58 эмас¸ балки 34 миллион АҚШ долларига сотиб олганини айтиб¸ матбуот хабаридаги "хатолик"ни тузатган эди.

Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат қасрнинг янги эгаси Лола Каримова-Тиллаеванинг Женевада ҳам ҳашаматли ҳовлиси бор. 2010 йилда Женева кўли соҳилида у 41 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси, ватанида ўзини ҳомий ва саховатпеша, деб тақдим қилувчи Лола ва Каримова мамлакат ташқарисида ҳашамга берилгани, гламур дунёси кунда-шундаси сифатида танилган.

Би-би-си Ўзбек хизматининг ëзма тарзда берган саволларига мактуб орқали жавоб берган Каримова-Тиллаева Женевадаги уйини ипотекага олганини иддао қила туриб¸ АҚШ ва дунëнинг бошқа шаҳарларидаги қимматбаҳо кўчмас мулклари ҳақида лом-мим демаган.


Лола Каримова-Тиллаева ҳақида ëки "арқонни узган Лола"

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия институтини хатм қилган 35 яшар Лола Каримова Ўзбекистон Миллий университетида руҳшунослик бўйича фан номзоди даражасини олган.

Лола Каримова Ўзбекистондаги сағир болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Сен ëлғиз эмассан" жамғармасига раҳбарлик қилади.

Кузатувчиларга кўра¸ Лола Каримова-Тиллаева ўз опаси Гулнора Каримова соясида қолиб келади. Каримовалар оиласини яхши билганлардан бирининг Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ Ўзбекистон президенти катта қизини кичигидан кўра кўпроқ яхши кўрган.

Интернетдаги Kompromat.ru нашрига кўра, Лола Каримова маишатни яxши кўрадиган, жанжалкашликка мойил аëл.

1990 йил ўрталарида Лола Каримова Тошкент марказида Basha тунги кўнгилочар клубини очди ва кейинчалик бу клуб Club 25 номини олди. Айни манбага кўра¸ Лола Каримова қимматбаҳо машиналарга ўчлиги билан ҳам ажралиб туради. Унинг гаражида Porsche Cayenne S, Mercedes-Benz SL-55 AMG, BMW M6 русумидаги қимматбаҳо машиналар борлиги айтилади. Kompromat.ru нашрига кўра¸ яқинда Лола Каримова-Тиллаева алоҳида буюртма қилиб люкс русумида йиғилган «Майбаҳ» соҳиби бўлган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги дипломати мақомидаги Лола Каримованинг бу машинаси учун 400 мингдан кўп пул тўлангани айтилади.

Лола Каримованинг тунги клублардаги маишати АҚШниинг Тошкентдаги элчиси назарига тушиб¸ Вашингтонга юборилган номаларга ҳам мавзу бўлган эди.

"Лола арқонни узди" деб номланган бу махфий ëзувлар WikiLeaks нашрида эълон қилинган эди.

"Каримова одатда Тошкентда битта бўлган Porsche Cayenne S Sports Utility машинасида кечки соат 10 ларда, анъанавий рақслар шоуси бошланишига келади ва тонг саҳаргача дабдабали дискотекада ҳолдан тойгунча рақсга тушади. Ўзи учун ажратилган махсус кабинада, тўртта тан соқчисининг ҳимояси остида ўтирадиган Лола Каримова сезиларли миқдорда алкогол ичимликларни ичиб, рақсга тушади. "Бархан" клубининг “Тимур” деб танилган хўжайини ва Каримованинг бандитларга ўхшаган йигити навбатма-навбат у билан рақсга тушади"¸ деб ëзилади АҚШ дипломатларининг Вашингтонга йўллаган махфий ëзувларида.

WikiLeaks нашри эълон қилган ëзувларда Лола Каримованинг "Бархан" ресторанидаги кайфу сафоси тасвирланган. Воқеалар ривожи Каримованинг кайфу сафолардан масофаланиб¸ уч боланинг онаси бўлганини кўрсатмоқда.

Айнан кенжа қиз Лола журналистларнинг ўз отасини "диктатор" деб аташига қарши чиқиб¸ 2011 йилда Rue 89 француз интернет нашри мухбирини Париж маҳкамасига берди. Маҳкаманинг 1 июлдаги қарори Лола Каримова талабини қондирмади - Лола Каримова "диктаторнинг қизи" мақомида қолди.

Лола Каримова жиноят оламидаги авторитет экани иддао қилинадиган Ҳаким Тиллаевнинг ўғли Тимурга эрга теккан. Ҳаким Тиллаевнинг Ўзбекистондаги криминал авторитет Салим Абдувалиевнинг яқинларидан бири экани айтилади.

Норасмий манбаларга кўра¸ Лола Каримова ва унинг эри Тимур Тиллаевлар Ўзбекистонга хориждан кирадиган истеъмол моллари оқимини тўлиқ назоратига олган "Абу Сахий" ширкати эгалари ва айни шу ширкат ҳозирда Ўзбекистон бозорларини божхона тўлови ва қайдисиз киритилаëтган моллар билан таъминловчи монополистга айланган.

Бундан олдин Лола Каримова Аҳроров С. деган андижонлик йигитга турмушга чиққан ва биринчи фарзандининг отаси ҳам Аҳроров экани айтилади. Бу ҳақда 2008 йилнинг март ойида Усмон Ҳақназаров номи остида эълон қилинган мақолалардан бирида билдирилган. Мазкур мақолада 2002 йили Лоланинг илк эридан ажралиш тафсилотлари ҳам ëзилган.

Аҳроровлар оиласининг¸ Хақназаровга кўра¸ бошланган тазйиқлардан сўнг Ўзбекистондан қочиб¸ Грециядан бошпана топгани тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG