Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:43

Ўзбек пахтасининг ярмини Хитой сотиб олмоқчи


2013 йилдан бошлаб Ўзбекистон Хитойга 300 минг тоннадан пахта толаси етказиб беришни режаламоқда. Бу хорижга сотиладиган толанинг қарийб ярмини ташкил қилади.


“Йилига 300 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда доимий равишда пахта етказиб бериш бўйича келишувга икки мамлакат ҳукуматлари даражасида эришилган. Бу борадаги “қатъий” шартнома октябр ойида Тошкентда ўтказилажак пахта ярмаркаси доирасида имзоланади”, деб ёзади РИА Новости вазиятдан хабардор манбасига иқтибосан.

Агентлик манбасига кўра, Ўзбекистондаги давлат назоратида бўлган уч ташқи савдо ширкати сентябр ойи бошида хитойлик харидорлар билан 300 минг тонна пахта толаси етказиб бериш бўйича 570 миллион долларлик шартнома имзолаган.

Аввалроқ Ўзбекистон 2012-2013 йилги мавсумда экспорт ҳажмини ички қайта ишлаш ҳажмини ошириш ҳисобига 600 минг тоннагача қисқартириши ҳақида хабар қилинганди. 2011-2012 йилги мавсумда бу кўрсаткич 620 минг тоннани ташкил қиларди.

Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, ўзбек пахтасининг асосий харидорлари шу кунгача Россия, Бангладеш, Хитой ва Жанубий Корея бўлиб келган. Ўзбекистонда етиштирилган пахтанинг катта қисмини Россия (40 фоиз) ва Бангладеш (39 фоиз) сотиб олган. Хитойнинг ўзбек пахтаси экспортидаги улуши эса 15 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани боис ҳуқуқ ҳимоячилари хориж ширкатларини Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилишга чақириб келмоқда.

Шу кунга қадар дунёнинг 108 та чакана савдо ширкати Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотлардан воз кечган. Улар орасида H&M, Gap, Walmart, TESCO, Gucci, Yves, Saint Laurent каби машҳур ширкатлар ҳам бор.

Ўзбекистонда ҳар йили тақрибан 3,5 миллион тонна пахта хом ашёси ва 1-1,2 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқарилади. Чигитдан ажратилган пахта толасининг қарийб 60 фоизи экспорт қилинади.

Тахминларга кўра, бу йил Ўзбекистонда 3,35 миллион тонна пахта хом ашёси етиштирилиши, 1 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Пахта хом ашёси асосан сентябр-октябр ойларида йиғиштириб олинади.
XS
SM
MD
LG