Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Бемор талабани шифокор қабул қилмади


Бемор талабалар шифокор навбатида.
Бемор талабалар шифокор навбатида.

Гулистон шаҳридаги коллежлардан бирида ўқийдиган талабанинг акаси пахтадан хасталаниб қайтган укасини шифокорлар қабул қилмаганидан шикоят қилди. Унинг айтишича, шифокорлар соғлиғидан шикоят қилиб келган теримчи талабаларни кўрмасдан уйига қайтариб юборяпти. Бироқ Гулистон шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тез ёрдам мулозимлари бу иддаоларни рад қилмоқда

Пахта теримида икки буйраги шамоллаб қолган Гулистон шаҳридаги коллежлардан бирида ўқиётган талаба курсдошлари ёрдамида ўз уйига етиб олган.

Озодликка бу ҳақда гапирган бемор талабанинг акасига кўра, талаба пахта терган Боёвут туманидаги тез ёрдам врачлари ҳам, Гулистон шаҳридаги тез тиббий ёрдам шифокорлари ҳам беморни қабул қилишдан бош тортган:

- Иккита ўртоғи укамни уйга суяб олиб келишди. Боёвутдаги "скорий" қабул қилмапти. Биз Гулистон шаҳрининг 3-мавзесида жойлашган шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб бордик. Дўхтирлар "талабами", деб сўраяпти, "Ҳа", десак, қабул қилмаяпти, "Олиб кетинглар", деяпти. Нима энди 16 яшар бола ўлиб кетиши керакми? - деди бемор талабанинг акаси.

Озодлик Гулистон шаҳридаги шошилинч тез тиббий ёрдам билан боғланди. Ўзини таништирмаган шифокор “бемор талабалар қабул қилинмаяпти” деган иддаони кескин рад этди:

- Бизда экстренний, оғир аҳволдаги беморларни қабул қилади. Агар плановий касал бўлса вилоят касалхонасига ёки поликлиникага жўнатилади. Ўз оёғи билан юриб келса экстренний ҳисобланмайдику, бу бола билан ҳам шундай ҳолат бўлган бўлиши мумкин.

Гулистон шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Самариддин Тилавов ҳам бемор талабаларни шифокорлар қабул қилмаётгани ҳақидаги гапларни ҳақиқатга зид деб баҳолади.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаевнинг айтишича, пахта сиёсати шунчалик кучли йўлга қўйилганки, талабалар сўнгги нафасигача пахта теришга мажбур этилади:

- Пахта жуда қаттиқ бўляпти. Гулистон туманида пахта тераётган талаба жиянимни кўргани борган эдим. Биринчи курсда ўқийдиган қизни "скорий" олиб кетаётганига гувоҳ бўлдим. Иситмаси шу даржада кўтарилибдики, тутқаноқ тутиб қолибди. Болалар коллеждан ҳайдаб юбормасин деб, касал бўлса ҳам чидаб пахта теришяпти.

Озодликнинг “WhatsApp Пахтакор” блогига ёзаётган теримчи блоггерлардан бири хаста талабалар ҳам теримга мажбурланаётгани ҳақида ёзди.

Озодликнинг пахтакор блоггерлари сафига қўшилган илмий ходим пахта боис унинг учун белгиланган жарроҳлик амалиёти кечиктирилганини “WhatsApp Пахтакор” блогига ёзган эди. У шикаст еган оёғи билан аввал пахтага борган, ўрнига мардикор ёллаган ва қайтгач, амалиёт ўтказилган.
XS
SM
MD
LG