Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:55

Каримов Эски шаҳарнинг Бош меъморига айланди


29 август куни Тошкентнинг Хадрасидаги қурилишни бориб кўрган президент Эски шаҳардаги уйларнинг уч қаватдан ошмаслиги ҳақида кўрсатма берди. Бу баëнотдан сўнг меъморлар Эски шаҳарда беш қаватлик уйлар қуриш бўйича тайёрланган лойиҳани ўзгартиришга мажбур қолдилар.

Меъмор ва қурувчи президент

Пайшанба куни Тошкент марказидаги Хадра майдонида амалга оширилган қурилиш ишлари билан танишиш пайти Ислом Каримов яна Эски шаҳарни қайта қуриш лойиҳасидан гап очиб, пойтахтнинг бу мавзесида қурилажак замонавий уйларнинг уч қаватдан ошмаслигини қайта таъкидлади:

- Ман Тошкентнинг Эски шаҳрини яна ҳали қурилиши ҳақида лойиҳалар жуда кўп вариантларни ҳозир кўраяпмиз. Энг муҳим масала бугунги кунда неча этажли уйларни, айтайлик, Эски шаҳарда ташкил қилиш. Мани фикрим, уч этаждан кўп баландроқ бўлмаслиги керак. Уч этажли қилса, агар мана бу Эски шаҳарни, эски қиëфасини Тошканни кўҳна шаҳар, 2000 йилдан кўпроқ тарихи бор бу гўзал шаҳарни яна эски ҳолатини қайтарамиз. Мисол учун, дарвозаларни, бошқаларни ҳаммасини яна қайтаришга имкон пайдо бўлади, деди президент Ислом Каримов. (Каримов гапларининг эга-кесими ўзгартирилмасдан ëзилди - таҳр.)

(Ўзбекистон телеканалининг Ахборот дастурида берилган бу видео YotuTube видеопорталидан олинди - таҳр.)

Президент Каримов 19 июн куни Жиззах вилоятига сафари чоғида ҳам Жиззах шаҳрининг Бош плани ҳақида гапириб, кўп қаватли бинолар қурилишини танқид қилган ва Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида қайта қуриладиган уйлар уч қаватдан баланд бўлмаслигини алоҳида урғулаган эди.

Президентнинг ҳар гапидан сўнг ўзгараётган лойиҳа

Эски шаҳардаги уйларнинг уч қаватдан ошмаслиги бўйича президентнинг 29 августдаги қайта таъкидидан сўнг, Эски шаҳарни қайта қуриш бўйича тайёрлаб¸ қурилиши бошланиши белгиланган лойиҳа қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Бу ҳақда Озодликка мазкур лойиҳани ишлаб чиқаётган “Тошкентбошпланлити” ташкилотидаги манба исмини очиқламаслик шарти билан хабар йўллади.

Унинг сўзларига кўра, меъморлар айни кунларда Эски шаҳарни қайта қуриш бўйича таппа-тайёр лойиҳани ўзгартиришга мажбур қолган.

“Сентябр ойида Мустақиллик байрами билан боғлиқ тадбирлар ўтганидан кейин Эски шаҳар бўйича қурилиш бошланиши керак эди. Лекин президентимизнинг кечаги гапларидан кейин лойиҳани қайта ишлашга тўғри келаяпти. Боиси¸ лойиҳага кўра, Эски шаҳардаги уйлар беш қаватлик қилиб қурилиши керак эди”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг сўзларига кўра, президентнинг Эски шаҳардаги уйлар уч қаватдан баланд бўлмаслиги ҳақида Жиззахда қилган луқмасидан сўнг ҳам лойиҳага маълум ўзгаришлар киритилган.

“Жиззахдаги гапларидан кейин беш қаватлик уйларнинг пастки икки қаватини тижорат масканларига мўлжаллаган эдик. Фақат тепадаги уч қавати аҳоли учун турар-жойлар бўлиши керак эди. Лекин кеча яна уч қават бўлсин¸ дея айтгани боис¸ энди лойиҳани қайта ўзгартиришга тўғри келаяпти. Энди Эски шаҳардаги уйлар фақат уч қаватлик бўлса керак, дейди “Тошкентбошпланлити” даги Озодлик манбаси.

Эски шаҳарни япон сакуралари безайди

Қадимий Эски шаҳарни "янгилаш" борасидаги лойиҳа ҳам¸ мавзенинг янги кўринишдаги макети ҳам шу пайтгача жамоатчиликка очиқланмаган.

“Тошкентбошпланлити”даги Озодлик манбаси лойиҳа билан боғлиқ барча тафсилотларга тўхталмаган ҳолда¸ Эски шаҳарни кўкаламлаштириш режасига бироз тўхталди.

“Шаҳарнинг бошқа жойларида бўлгани каби япон сакураси, сосна ва каштан каби дарахтлар Эски шаҳар кўчаларига ҳам экилади”, деди бу манба.

Эски шаҳарда бузиладиган уйлар рўйхатга олинмоқда

Тошкентнинг Эски шаҳар қисми пойтахтнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Шу ҳудуддаги Олмазор туманида 400 мингдан ошиқ, Шайҳонтоҳур туманида эса 400 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Шу кунларда ушбу туманларнинг Эски шаҳар қисмидаги бузилиши лозим бўлган уйлар рўйхатга олинмоқда.

Озодликнинг WhatsAppдаги манбасига кўра, Олмазор туман ҳокимияти вакиллари бузилиш эҳтимоли бўлган хонадонларда қанча оила яшаётганини суриштириб¸ рўйхат тузмоқда.

2020 йилга қадар Тошкентнинг Эски шаҳар қисмини тўлиқ таъмирдан чиқариш ҳақидаги президент қарори 2012 йилнинг 12 мартида имзоланган.

Дастлаб Эски шаҳарда қурилиш ишларининг 2012 йил охирида бошланиши эълон қилинган эди. Кейинчалик қурилиш бошланиш санаси бир неча бор ўзгартирилди.

Президент луқмасидан сўнг қайта кўриб чиқилаëтган навбатдаги лойиҳанинг қачон Каримов тасдиғидан ўтиб¸ қачон амалга оширила бошлаши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG