Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Қон босими ошганлар “УзГазОйл”дан ҳайдалди


“УзГазОйл” ширкатида махсус тиббий кўриклар ўтказилиб, ўнлаб АËҚШлардаги ходимлар ишдан бўшатилиб¸ уларнинг ўрнига пора эвазига бошқа ишчилар ёлланаётгани ҳақида мақола эълон қилинганидан кейин Озодлик таҳририятига ишдан бўшаганлардан бир нечтаси мактуб ëзди.


Ўз манзиллари ва телефон номерларини аниқ ëзган мактуб муаллифлари “УзГазОйл” ширкатидаги ишчиларга муносабат қулдорлик тузумидагидан баттар эканини таъкидлашди.

Ана шундай мактуб муаллифларидан бири “УзГазОйл”дан бўшаганидан кейин иқтисодий аҳволи жуда ëмонлашгани ва ижарама-ижара сарсон бўлаëтганидан нолиди:

- Бу “УзГазОйл”даги жуда катта муаммо. Ўнлаб одам ишдан олинаяпти. Янги баҳона - медосмотр. Ҳатто "қон босими юқори", деб ҳайдаворяпти. Ўрнига бошқа одамлардан "соққа" олиб, ишга олаяпти. Бу шунақа бизнес. Ўзбекистонда қон босими деярли ҳаммада бор. Куни кеча яна биттаси ноҳақ ишдан бўшатилди. Текширишса, у кишининг қон босими нормадан юқори экан, - деб шикоят қилди суҳбатдош.

Кейинги бир ҳафта ичида “УзГазОйл” ишчиларидан Озодликка бу мазмундаги мактублардан бир нечтаси келди.

Бундан олдин Озодлик мухбири “УзГазОйл”дан ишдан бўшатилган 30 ёшли тошкентлик йигит билан суҳбатни эфирга узатган эди.

Суҳбат асносида “УзГазОйл” бензин қуйиш шохобчаларидан бирида ишлаган ва саломатлиги ëмон¸ дея ишдан бўшатилган бу йигит ширкат кадрлар бўлими юритаëтган “иш ўрни сотиш” тижоратининг қурбони эканлигини даъво қилган эди:

- Мени "сариқ касалсан, бошқаларга юқади", деб ишдан бўшатишди. “УзГазОйл”даги кадрлар бўлимининг каттаси Фаррух Исроилов деган одам медосмотр ташкил қилиб, мени ва яна ўнлаб одамларни касалга чиқарди. Кейин мажбурлаб, "ўз ихтиëрим билан бўшайман" деб ëз¸ бўлмаса¸ "статья қўйиб бўшатамиз", деб ариза олишди. Ҳозир ишсиз ўтирибман¸ - деб таъкидлаган эди суҳбатдош.

Бу иддаони текшириш учун “УзГазОйл”даги кадрлар бўлими ҳуқуқшуноси билан гаплашган Озодлик мухбири “УзГазОйл”нинг 47 ходими ҳайит арафасида ишдан бўшатилганини аниқлаганди.

“УзГазОйл”даги кадрлар бўлими ҳуқуқшуносига кўра, ишдан бўшатилганлар асосан сервис ходимларидир. Улар тиббий кўрикдан ўтолмагани учун ишларидан мосуво бўлганлари айтилди.

Ширкат раҳбариятининг ишчиларни асоссиз бўшатаëтгани ҳақидаги навбатдаги иддаоларни текшириш учун Озодлик радиоси “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс билан боғланди.

Озодлик радиоси билан суҳбатда исмини айтилмаслик шарти билан гапирган манба шу кунларда яна юз киши ишдан бўшатилганини маълум қилди:

- “УзГазОйл” ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг корхона раҳбарияти оз муддатга бўлса ҳам қинғир ишларни тўхтатишга қарор қилди. Аммо раҳбарият кутилмаганда бошқа қинғир ишга қўл урди. Мақола эълон қилинганидан сўнг тезликда янги қарор қабул қилиниб, “УзГазОйл” бензин қуйиш шохобчаларида ишлайдиган ходимларни ëппасига тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақида буйруқ берилди. 2 кун ичида 100 нафарга яқин ходим тиббий кўрикдан ўтмагани важидан ишдан бўшатиб юборилди. Бўшатилган ходимларнинг аҳволи жуда танг. Уларнинг ўрнига бир кун ичида юзга яқин янги ишчи олинди. Бу ишга олинганларнинг ҳаммаси бош офис мулозимларининг яқинларидир, - дейди "УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс Озодлик билан суҳбатда.

Порахўрлик иддаолари ëки “иш ўрни сотиш” тижорати

“УзГазОйл” ширкатини яқиндан билган тошкентлик 35 ёшли муҳандиснинг исми сир сақланиш шарти билан Озодликка маълум қилишича, кейинги пайтларда бу ширкатда пора эвазига ишчи олиш тизим ҳолига келган.

Аввалроқ Тошкентдаги “УзГазОйл” бензин қуйиш шохобчаларидан бирида ишловчи Азамат исмли йигит ҳам эскидан ишлаб келган ишчилар бўшатилиб, ўрнига пора эвазига янги ишчилар олинаëтганлигини тасдиқлаганди.

Озодлик радиоси билан суҳбатлашган “УзГазОйл” бошқарувига яқин шахс бу иддаоларга аниқлик киритди:

- Шахсан ўзим яқин танишимнинг 4000 АҚШ доллари эвазига ишга киришига кўмаклашдим. Чунки бошқа иложи йўқ. Ҳар бир янги ходим “УзГазОйл”даги оператор лавозими учун 3500 дан 4500 долларгача пора беради. Сервис ишчиси бўлиш учун 500 дан1000 долларгача пора берилмоқда. Буни аниқ тасдиқлайман, - деди ишонч билан суҳбатдош.

Озодлик мухбири суҳбатдошнинг бу гапларини ҳужжат билан тасдиқланмаган иддао ўлароқ қабул қилди.

Озодлик тасарруфида “УзГазОйл”га пора бериб, ишга кирганини айтган камида уч нафар ишчининг иқрори мавжуд.

Аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси “УзГазОйл”да ўтказган тафтиши чоғида порахўрлик бўйича бирорта ҳам жиноят иши қўзғатилмаган.

“УзГазОйл” бошқарувига яқин шахснинг Озодлик билан суҳбатда аниқлик киритишича¸ ширкат ишчилари Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза берганларидан кейин прокуратура “УзГазОйл”да тафтиш ўтказган.

Суҳбатдошга кўра, тафтишчилар аризагўй ишчиларнинг ëнини олишмаган.

“УзГазОйл” ҳақида

“УзГазОйл” 2010 йилгача Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йили “УзГазОйл” асосан нефт, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб, давлат корхонасига айлантирилди.

Кузатувчиларга кўра, “УзГазОйл” давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция урчиган.
XS
SM
MD
LG