Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:30

Сўх йўлидаги чегара масканида яна чеклов жорий қилинди


Ўзбекистоннинг атрофи Қирғизистон ҳудуди билан ўралган Сўх ва Шохимардон экславларига олиб борувчи йўлда жойлашган чегара-ўтиш нуқталарида ҳам йўловчилар қатновига чеклов жорий қилингани тўғрисидаги маълумотни Озодлик Қирғизистоннинг Боткен вилояти расмийларидан олди. Ўзбек-Қирғиз чегарасининг Андижон ва Ўш ўртасидаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш маскани ёпилганига 3 кун бўлгани тўғрисида 13 август куни хабар берган эдик.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори матбуот вакили Мамажон Бердишевга кўра, чегара орқали Ўзбекистондан ватанига қайтаётган қирғизистонликлар ва Қирғизистондан ватанига қайтаётган Ўзбекистон фуқаролари тўсиқларсиз ўтказилмоқда.

- Шунингдек, қариндошларининг касаллиги ёки дафн маросимларига таклиф этувчи телеграммалар ҳамда қўлида учоқ чиптаси бор Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам бу чеклокловлар таъсир қилмайди. Жиддий сабаби бўлмаган фуқаролар байрамгача сабр қилиб туришса керак энди, - дейди Бердишев.

Ўзбекистон Мустақиллик куни муносабати билан қўшни давлатлар билан чегараларида ҳар йили чекловлар киритиб келади.

Сўхликлар чегарадаги бу каби чекловларга кўникиб қолишганини айтишади.

- Чегара 6 сентябргача ёпилган экан. Энди байрамни тинч ўтказиш, хавфсизликни таъминлаш учун қилиняптимиш бу. Чеклов асосан ташқаридан келганлар учун экан. Маҳаллий пропискаси борларни жиддий сабаб бўлса ўтказаяпти экан, - дейди Сўхда яшовчи 52 яшар Раҳматулло ака.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси байрамлардан ташқари бошқа сабабларга кўра ҳам тез-тез ёпилиб туради.

Шу йилнинг 5-7 январ кунлари Ўзбекистоннинг Сўх эксклави аҳли билан Қирғизистон чегарачилари ўртасида чиққан можаро боис икки мамлакат чегараси қарийб бир ой давомида ёпиқ қолди. Чегаранинг кейинроқ очилиши ҳам сўхликлар узоғини яқин қилмади. Улар шу кунгача ҳам Ўзбекистонга яқин йўлдан - Риштон орқали эмас, узоқ йўлдан - Водил орқали қатнамоқда.

Худди шунга ўхшаш ташвишлар Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги экслави - Барак қишлоғи аҳолисини ҳам қийнамоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги “Қадамжой” назорат-ўтказиш маскани энг серқатнов масканлардан ҳисобланади.

-У ердан асосан ўзбек фуқаролари бўлган Сўх анклави аҳолиси Ўзбекистонга ўтади. Кимдир қариндошини кўриш учун, кимдир бозор-ўчар учун боради. Айни пайтда Ўзбекистондаги этник қирғизлар ҳам қариндошларини зиёрат қилиш учун Қирғизистонга шу чегара масканларидан ўтишади. Узоқ йиллик савдо-сотиқ, қариндош-уруғчилик ришталари бор. Шундай экан чегара ёпилиши бу ердаги халқлар учун анча қийинчиликлар туғдиради, -дейди Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори матбуот вакили Мамажон Бердишев.

Сешанба куни “Қадамжой” чегара маскани орқали Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган сўхликлардан бири Қирғизистон томонидан Ўзбекистонга ўтмоқчи бўлган ўнлаб машина чегарада тўпланиб қолганига гувоҳ бўлганини айтади.

- Ўзбекистонга ўтиш қийин бўляпти. Кеча чегарадан ўтаётсам Ўзбекистон тарафга ўтадиган йўлда қатор машиналар йиғилиб қолганини кўрдим, - дейди исмини айтмаган сўхликлардан бири.

Чегарадаги чекловлар чегара оша савдогарлик билан тирикчилигини кўраётганларга айниқса қийинчиликлар туғдириши тайин.

Чегараларнинг бир очилиб, бир ёпилиб туриши Сўх ва Шохимардон бозорларидаги озиқ-овқат нархларига ҳам таъсир қилмоқда.

Чегарадаги доимий ёпилишлар сабабли сўхликлар Фарғонага бозор-ўчарга чиқмай, маҳсулотларни ўзида етиштира бошлаган.

- Чиқмаяпмиз. Сабзи,пиёзни ўзимиз экяпмиз. Бошқа илож йўқ-да. Олдин арзонга олиб келар эдик. Ҳозир илож йўқ, ҳамма томорқасига бир нима экяпти. Одамлар шунга мажбур бўляпти. Сабаби чегара ёпилиши йўлни анча узоқ қилиб қўйяпти, бу эса нарх-навода акс этади. Ҳозир бир қоп ун энг яхшиси 75 минг сўмгача. Риштон бозоридаги нархдан 10 минг сўмга қиммат. Ёғ 21 минг, - дейди Озодликка гапирган сўхликлардан бири.

Чегарада жорий этилган чекловлар қачонгача амалда бўлиши ҳақида Ўзбекистон томони расман билдирмаган.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати давлат чегара қўмитаси расмийларидан бу ҳақда аниқ маълумот олиш имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG