Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:01

“Калла” абитуриентни ўқишга киритса, 6000 доллар олади


Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида икки йил давомида абитуриентларнинг ўқишга киришига кўмаклашиб, пул ишлаган собиқ талаба телефон орқали Озодликка ўз ҳикоясини сўзлаб берди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз бу йигитнинг айтишича, у тест имтиҳонлари пайти “Калла” бўлган.

- “Калла” кимлигини ҳозир билиб оласиз. Бирор олий ўқув юртининг домласи - уни “Танка” деб атаймиз. “Танка” ҳар йили тест имтиҳонлари олдидан аълочи талабалардан битта гуруҳ тузади. Бу гуруҳга бошқа институтлардаги аълочи талабалар ҳам жалб қилинади. Ўша гуруҳдаги талаба “Калла” бўлади. Уларга маълум суммада пул таклиф қилинади. Ўзаро келишилади. Июн ойида ўқиш тугагач, “Калла” талаба “Танка”нинг уйида яшайди. “Танка” турар-жой, квартира ва еб-ичиш билан таъминлайди. Агар “Калла” ўз билимига ишонса, “Танка”га шарт ҳам қўйиши мумкин. Нарх ва шароитлар бўйича. “Калла” 1 августгача тест синовларига тайёрланади. Одатда, “Калла” ўқишга ўз кучи билан кирган, аълочи талабалардан иборат бўлади.

“Калла” имтиҳонга тайёрланаётган пайтда “Танка” унга бошқа бировнинг паспортини олиб келиб беради. Бу одам ўша олийгоҳга ҳужжат топшириб, ДТМ варағини олган бўлиши керак. Энг асосийси, бу одам “Калла”га ўхшаб кетадиган бўлиши керак. У ўзи институтга кирмоқчи эмас. Лекин унинг паспорти билан ДТМ қоғози “Калла”нинг тест бўладиган аудиторияга кириши учун зарур.

Тест куни 1-постда милиция, 2-постда МХХ, баъзи ҳолларда 2 та постда ҳам МХХ ходимлари туради. Имтиҳондан 2-3 кун олдин ўша эшикнинг олдида турадиган МХХ ходимларидан бир неча киши одам камроқ бўлган бирор кафега боришади. Ўша жойда мххчилар “Калла”лар билан учрашиб, келишиб олишади. Битта парол танлаб олинади. Масалан, қизил ручка. Ҳамма “Калла”лар кўк кўйлакда келади ва кўйлакнинг чўнтагига қизил ручкани солиб қўяди. Ёки ручка қўлида турган бўлиши керак.

“Калла”га ўхшаган одамнинг паспорти нима учун керак? Чунки барча МХХ ходимлари билан ҳам келишилмаган. Масалан 10 та МХХ ходими бўлса, шундан 3- 4 таси билан келишилган. Ўша келишилмаган МХХ ходими паспортларни текширган пайти керак бўлади.

“Калла” ҳам барча кирган аудиторияга киради. Қабул комиссиясида ҳужжат қабул қилувчилар орасида ҳам сизнинг одамингиз бўлади. Ўша одам “Калла”ларнинг ҳаммасини битта хонага туширадиган қилади. Хонага киргандан бошлаб, дарров тестни ечишга бошлайсиз. Тушунтириш, инструкция ҳақидаги гапларини эшитиб ҳам ўтирмайсиз. Вақт кетади. Кейин ҳаммасини биласиз. Дарров тестларни ечасиз. Мен математика, инглиз тили, она-тили ва адабиётдан тест ечганман. “Калла” учта фандан ҳам тест ечади. Одатда битта эмас, иккита тест ечади.

“Калла”чилар гуруҳида 5-6 талаба бўлади. Шуни ҳисобига “Танка” битта сезонда 10-12 абитуриентни ўқишга киргизади.

10 август куни тест натижалари чиқади. Бориб кўрганингиздан кейин "Танка"нинг олдига борасиз. “Танка” сизга келишилган пулни беради. Масалан ўтган йили Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети ва Молия институтида битта “Калла”нинг нархи 5-6 минг АҚШ доллари бўлган, деди суҳбатдошимиз собиқ “Калла”.
XS
SM
MD
LG