Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:02

Лола Каримова Беверли Ҳиллздаги қаср учун сал кам 32 миллион доллар тўлаган


Ўзбекистон президентининг қизи Лола Каримова-Тиллаева Беверли Ҳиллзда (АҚШ, Калифорния) "Le Palais” қасрини сотиб олиш учун аввал айтилганидек 58 миллион АҚШ доллари эмас, балки 32 миллион 750 минг АҚШ доллари тўлаган.

Кўчмас мулк савдоси соҳасига ихтисослашган curbed.com Интернет нашрига кўра, ҳақиқатан ҳам Калифорниядаги "Le Palais" қасри учун 2012 йилда 58 миллион АҚШ доллари сўралган, лекин Лола Каримова –Тиллаева бу уйни шу нархдан 25 миллион доллар арзонроққа сотиб олган ва бу тўлов мураккаб схеманинг бир қисмидир.

Аввалроқ, кўчмас мулк савдосига ихтисослашган бошқа бир нашр The Real Estalker Ўзбекистон президентининг 34 ёшли кенжа қизи 58 миллион АҚШ доллари турадиган “Le Palais” қасрини сотиб олди, дея хабар берган эди.

Айтилишича, “Le Palais” юридик шахс – Калвер Ситидаги савдо маркази номига рўйхатга олинган, лекин вилланинг ҳақиқий хўжайини ўзбек диктаторининг кенжаси Лола Каримова-Тиллаевадир.


Умумий майдони 48 минг квадрат метрга тенг қаср АҚШда “Ritz Carlton” меҳмонхоналари қурилишидан бойиган машхур девелопер Муҳаммад Ҳадид томонидан тикланган.

“Beverly Hills” осмонўпар меҳмонхонасининг ёнгинасида жойлашган бу қасрда еттита ётоқхона ва ўнбитта ваннахона бор.

Уйда, шунингдек, кутубхона, иш кабинети, кинозал, суратлар галереяси, меҳмонхона, тамаддихона, қирқ киши ва ундан зиёд одамларни сиғдира оладиган кинозал, дискотека ва спорт заллари, 30 метрли ховуз, сауна, турк ҳаммоми ва ўндан зиёд машина сиғадиган гараж бор.

Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги ваколатхонаси раҳбаридир.

Унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаев Ўзбекистонга хориждан келтириладиган кўпгина истеъмол моллари импортини назорат қилади, деб ишонилади.

Аввалроқ, Швейцария матбуоти эр-хотин Тиллаевлар Женева кўли соҳилида ҳашаматли виллаларни сотиб олганлари ҳақида ёзган эди.

Жумладан, Лола Каримова-Тиллаева турмуш ўртоғи Темур Тиллаев билан бирга 2008 йилда Женева кўли бўйида жойлашган Коллон-Белрив мавзесидан 4 миллион швейцария франкига ҳовли олишган.

Бу уй уларга камтарроқ кўринган шекилли, 2010 йилда июл ойида эр-хотин Лола ва Темур Тиллаевлар Женева бойлари яшайдиган Вандувер маҳалласидан 43,4 миллион швейцария франкига (бугунги курс бўйича тахминан 45 миллион АҚШ доллари) 5812 квадрат метр ер майдонига эга уйни ҳам харид қилишган эди.

Аҳолисининг ўртача ойлик маоши 30 долларни ташкил этадиган Ўзбекистонда президент қизлари Гулнора ва Лола Каримовалар ўтган ўн йилликлар ичида улкан бойлик орттиришга маваффақ бўлишди.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ҳам Швейцария, Франция, Испания, Ҳонг Конг ва бошқа мамлакатларда кўп миллион долларлик кўчмас мулки борлиги айтилади.

Ўтган ой Франция полицияси Швейцария прокуратураси сўровига кўра, Францияда 18 июн куни Гулнора Каримовага тегишли, деб иддао қилинаётган уйларда тинтув ўтказгани хабар қилинган эди.
XS
SM
MD
LG