Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Россия фуқаролигини қандай олиш мумкин?


Кейинги пайтларда Россия фуқаролигини олиш истагидаги ўзбекистонликлар сони сезиларли даражада кўпаяпти. Шу муносабат билан OzodJavob дастурига Россия фуқаролигини қандай олиш мумкин, деган мазмунидаги саволлар ҳам тез-тез келмоқда.


Санкт-Петербургда уч йилдан буён меҳнат қилаётган тўрткўллик Марат Facebook орқали Озодликка мурожаат қилиб, Россия фуқаролигини олиш учун нималар қилиш лозимлиги билан қизиқди.

“Мен оилам билан Санкт-Петербургда яшаяпман. Болаларимни ҳам шу ерда мактабга жойладим. Ўзим қурилишда ишлайман. Хотиним дўконда сотувчилик қилади. Биз келажакда шу ерда яшаб, қолишни истаяпмиз. Шунга Россия фуқаролигини олишга ҳаракат бошламоқчиман. Лекин йўл-йўриқларини билмайман. Таниш-билишларим орасида ҳали Россия фуқаролигини олганлар йўқ. Илтимос бу борада маълумот берсангиз”, дея сўради Марат Facebook орқали мурожаат қилиб.

Айни мазмундаги илтимослар кўпайгани учун ушбу мавзуни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Россия фуқаролиги сўраш учун асослар:

1) Қариндошлик асослари бўйича;

2) Квота бўйича;

3) Ватандошлар дастури (Ўзбекистонликнинг ўзи ёки ота-боболари аввал Россия ёки СССР фуқаролари бўлган бўлса, ушбу дастурда иштирок этиши мумкин);

4) Россияда олий ёки ўрта таълим олган бўлса (фақат 2002 йил 1 июлдан кейин);

Россия фуқаролигини олиш тўрт босқичдан иборат:

1) Россияга келгач, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш (Регистрация);

2) Россияда вақтинча яшашга рухсат олиш (РВП);

3) Россияда яшаш учун рухсатнома олиш (Вид на жительство);

4) Россия фуқаролиги расмийлаштирилиши; (Гражданство)

Амалдаги тартибга кўра, Россияда яшаш учун рухсатнома олгандан сўнг, ушбу мамлакат ҳудудида беш йил давомида узлуксиз яшаган киши учун Россия фуқаролигини олиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Россия ҳудудидан ташқарига 1 йил мобайнида 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга чиқмасангиз, бу узлуксиз ҳисобланади.

Россия фуқаролигини олишга камида 1,5 йилдан 3 йилгача вақт кетиши айтилади.

Асли бухоролик, ҳозирда Россия фуқароси бўлган ва Москвадаги юридик ташкилотлардан бирида ҳуқуқий-маслаҳатчи бўлиб ишлаётган Раъно Иброҳимова амалда бу жараёнга қанча вақт кетиши борасида тўхталди.

- Чегарадан ўтгандан кейин бирор бир манзилни топиб уч ойга регистрация қилиши керак. Бу шарт қонун бўйича. Кейин тахмин қилдикки, квотани топди, квота бор. Майли Москва вилояти бўлмасин. Бошқа регион бўлсин. Россияда вақтинча яшашга рухсатнома уч йилга берилади. Бу қулай нарса. Чунки вақтинча яшашга рухсатнома олган фуқародан ишга жойлашиш учун рухсатнома талаб қилинмайди. Хоҳлаган мутахасислик бўйича ишга ўрнашиши мумкин. Жуда қулай нарса. Кейин фуқаролик олиш учун кейинги босқич бошланади. Уч йил кутиш шарт эмас РВП олгандан кейин. Олти ойдан кейин иккинчи босқичга ҳужжат топшириши мумкин Вид на жительство учун. Вид на жительство беш йиллик бўлади. Уни уч марта чўздириш мумкин. РВПни чўздириб бўлмайди. Фақат уч йилга берилади. Айни пайтда Вид на жительство олгач, беш йил кутиш шарт эмас. Бир йилдан кейин Фуқаролик учун ҳужжат топширасиз,- дейди ҳуқуқшунос Раъно Иброҳимова.

Ўзбекистонликлар орасида, асосан, қариндошлик асосида ва квота бўйича Россия фуқаролигини сўраш ҳолатлари кўпроқ учрайди. Шунинг учун ушбу икки ҳолатга батафсилроқ тўхталамиз.


Қариндошлик асосида:

“Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисидаги қонун”га кўра, бирор қариндоши Россия фуқароси бўлган ўзбекистонлик бу мамлакатдан фуқаролик сўраб ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга.

Раъно Иброҳимованинг Озодликка айтишича, фуқаролик олиш истагидаги шахснинг фақат яқин қариндоши россиялик бўлиши талаб қилинади.

- Агарда Ўзбекистон фуқаросининг Россия фуқаролигига эга вояга етмаган фарзанди (18 ёшга тўлмаган) бўлса асос бўлиши мумкин. Агарда Россия фуқароси билан никоҳ тузилган бўлса, унда ҳам. Пенсионер отаси ёки онаси бўлса, Россия фуқароси бўлган. Унда асос бўлиши мумкин,- дейди Иброҳимова.

Амалдаги тартибга кўра, бу ҳолатда турмуш ўртоғингиз ёки ота-онангиз Россияда доимий пропискада бўлиши, вояга етмаган фарзандингиз эса ҳеч бўлмаса, вақтинчалик қайддан ўтган бўлиши талаб қилинади.

Россия ҳудудида сотиб олинган мулк фуқаролик сўраш учун асос бўла олмайди.


Квота бўйича:

Агарда фуқароликка даъвогар бўлиш учун бирор бир қариндошлик асоси бўлмаса, квота асосида мурожаат қилиш мумкин.

- Москванинг турли субъектларида квота масаласи турлича ҳал қилинади. Баъзи бир субъектларда квота бор, баъзи бир субъектларда умуман квота йўқ. Баъзи бир субъектларда квота бўла туриб, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролигига эга бўлган, миллати ўзбек ëки тожик бўлган одамларга квотани бермайдиган бўлаяпти. Негласное правило. Ëзилмаган қонун...

Юқори малакали мутахассис бўлса, без квота олади. Разрешение на работу уч йилга, шу асосда РВП олади. Булар без квота ва кейинги босқичларга ўтиши мумкин. Лекин юқори малакали мутахассиснинг ойлиги 2 миллион рубл бўлиши керак бир йилда ва НДФЛ (налог на доход физических лиц) тўланган бўлиши керак,- дейди Иброҳимова.

Ўзбекистон қонунларига кўра, икки фуқаролик тақиқланади. Россия фуқаролигини олган ўзбекистонлик Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиши талаб қилинади.

Россия фуқаролигини олиш истагида бўлган ўзбекистонликларга ҳуқуқий-маслаҳат бериш билан шуғулланадиган Раъно Иброҳимова бу жараёнга ойдинлик киритади.

- Ҳозирги кунда Россия фуқаролигига ҳужжат беришдан олдин Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаяпман деган ариза нотариал тарзда тасдиқланган бўлса етарли. “Паспортингни топширдингми? Фуқароликдан чиқдингми?” деб ҳеч ким сўрамайди. Текшириб ўтирмайди. “Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаришингизни сўрайман” деган маънода ариза ëзилади ва бориб нотариал тасдиқланади. Шунинг бир нусхаси заказной писмо қилиб, элчихона (Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси. таҳр)нинг манзилига узатилади. Хатни узатдим деган квитанция билан иккинчи нусхаси УФМСга топширилади,- дейди Иброҳимова.

Суҳбатдош Ўзбекистон фуқароси паспортининг амал қилиш муддати камида 2 йил бўлишини тавсия қилади.

Иброҳимованинг айтишича, Россия фуқаролигига ариза топширган ўзбекистонликдан молиявий маълумотнома ҳам сўралади.

- Масалан, РВПни олгандан 6-7 ойдан кейин вид на жительствога топширганингизда, ҳужжатларнинг орасида ë иш жойидан справка керак ойлик ҳақида, ойлик ҳам давлат белгилаган минимал ойликдан кам бўлмаслиги керак, агар иш жойдан справка ололмасангиз, банкда маблағим бор деган справка керак. Бу маблағ тахминан 100 минг рубл атрофида бўлиши керак,- дейди ҳуқуқий маслаҳатчи.

Шунингдек, Россия фуқаролигини олиш истагида бўлган фуқаро маълум миқдорда ҳаражат қилиши лозим.

- Қонунда давлат божи бор. Масалан РВП учун 1000 рубл, вид на жителство учун давлат божи 1000 рубл. Унча катта маблағ талаб қилинмайди агар қонуний бўлса ҳамма ишлар. Иккита медицинская справкаси бўлиши керак. Тиббий назоратдан ўтиши керак. Туберкулëз йўқ деган справка олиниши керак, справка о состоянии здоровье дейилади ва отсутсвие ВИЧ/СПИД сертификат берилади. Тиббий справкаларнинг муддати уч ой. Одатда уч ой ичида топширса бўлади. У унча қиммат эмас. Тахминан 1500 рубл атрофида. Чунки чет эл фуқароси бўлгани учун тиббий хизмат пуллик. Шу боис бу справкаларнинг расмий поликлиника кассасига тўланадиган тўловлари бор. Ҳар босқичда тиббий справкаларни топшириш керак. Уч босқич бўлгандан кейин уч босқичда ҳам тиббий справкалар керак,- дейди Иброҳимова.

Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган ўзбекистонлик рус тилини етарли даражада билишини исботлаши учун тест синовидан ўтиши лозим.

Россиядаги ўзбекистонликлар билан суҳбатларимиздан маълум бўлдики, Россия фуқаролигини олишнинг айрим ноқонуний йўллари ҳам мавжуд.

Ҳозирда ўзбекистонликлар орасида квотани пулга сотиб олиш ҳолатлари кўплаб кузатилади.

- Квота олишда коррупция авжига чиққан. Бу йил 70-80 минг рубл деб эълон қилган эдилар март ойларида,- дейди Раъно Иброҳимова.

Кузатувларга кўра, Россия фуқаролигини олиш мақсадида россиялик билан сохта никоҳдан ўтиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Twitter, Facebook каби ижтимоий тармоқларда ёзилишича, ўзбекистонлик аёлларга нисбатан эркаклар орасида Россия фуқаролигини олиш истагида россиялик билан сохта никоҳдан ўтиш кенг тарқалган.

Москвадаги манбаларимиздан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда россиялик аёл билан сохта никоҳдан ўтиш ўзбекистонлик учун тахминан 5000 АҚШ доллар (150000 рубл)га тушади.

Эслатиб ўтамиз, Россия қонунлари фуқаролик олишда бу каби ноқонуний ҳолатларни тақиқлайди. Ноқонуний ҳолатлар ошкор бўлган тақдирда фуқаро жиноий жавобгарликка тортилади.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG