Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:52

Мустақиллик декларацияси ташаббусчилари унутилмоқда


23 йилдан бери Ўзбекистон мустақиллигининг асл ташаббусчилари қамоқ ва сургунда қолар экан¸ бу байрам куни мустақилликка қаршилик кўрсатган Ислом Каримов рақсга тушиб келмоқда.
23 йилдан бери Ўзбекистон мустақиллигининг асл ташаббусчилари қамоқ ва сургунда қолар экан¸ бу байрам куни мустақилликка қаршилик кўрсатган Ислом Каримов рақсга тушиб келмоқда.
20 июн куни жаҳон харитасида Ўзбекистон Республикаси деб аталган янги давлат туғилишига асос бўлган сиëсий жараëнлар бошланган кун - Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси эълон қилинганига 23 йил тўлди.

Ўзбекистонликлар унутаëтган тарих

Бундан 23 йил бурун 1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 40 нафар депутати мамлакат мустақиллиги баëнномасини қабул қилиш ташаббуси билан чиқишди.

Ўша пайтда бутун Совет Иттифоқи ўзгаришлар истаги билан яшаган бўлсада¸ Ўзбекистоннинг аксар аҳолиси ўртасида Болтиқбўйидаги каби мустақилликка жипс бўлиб интилиш ҳаракатлари кузатилмаган эди.



Шу маънода Ўзбекистон аҳолисига таққослаганда жуда оз рақам бўлган 40 нафар депутатнинг мустақиллик талаби билан чиқиши оқил озчиликнинг ўз сиëсий иродасини кўпчиликка ўтказгани сифатида тарихга кирди.

40 нафар депутатнинг Ўзбекистонни Совет Иттифоқидан ажратиш ғояси кўтарилган 1990 йилнинг 20 июн кунги Олий кенгаш сессиясида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги коммунист раҳбари Ислом Каримов қатнашмаган эди.

Бундан 23 йил олдинги тарихий сессия иштирокчиси Абдувоҳид Паттаевнинг Озодликка айтишича¸ ўша куни Ислом Каримов зудлик билан Андижон вилоятига жўнаб кетган.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос¸ профессор Муқимжон Қирғизбоев ўз мақоласида Ислом Каримовни мустақиллик декларацияси муаллифи деган иддаони саслантиради:

- Президент Ислом Каримов ва ҳукумат республика миллий мустақиллигининг конституциявий асосларини яратиш, уни қонунлаштириш ҳаракатларини бошлаб юбордилар. Бу соҳада халқ суверенитетини ўрнатиш, яъни халқ иродаси ва хоҳиши асосида миллий мустақилликка эришишга муҳим эътибор қаратилди. Шу мақсадларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланди. 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган Ўзбекистон Олий Кенгашининг иккинчи сессиясида бир овоздан "Мустақиллик Декларацияси" қабул қилинди… деб ëзади ўзбекистонлик профессор Муқимжон Қирғизбоев.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Москвадаги “Учителская газета”нинг Тошкентдаги мухбири бўлиб ишлаган Анвар Усмонов бу иддаонинг буткул ëлғонлигини айтади:

- Бу энди ўта кулгили иддао. Каримов ҳеч қачон мустақиллик тарафдори бўлмаган. У доимо Kремл сиëсатини қўллаб-қувватлаган ўшанда. Масалан, Горбачев Болтиқбўйидаги мустақиллик ҳаракатларини чеклаш учун Литвага борганида ўзи билан Каримовни бирга олиб кетган. Каримов литваликларга СССРда яшашнинг яxшилигини тушунтириш учун агитатор сифатида борган¸ дейди Усмонов.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати раҳбари¸ Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда ўша пайтда ҳам иқтидорда бўлган Ислом Каримов ва унинг сафдошлари декларация қабул қилинишига жиддий қаршилик қилганини эслайди:

- Жуда катта қаршилик бўлди. Хусусан, Ислом Каримовнинг ўнг қўли ҳисобланган Ўзбекистон Марказқўмининг рус секретари Ефимов жуда катта қаршилик кўрсатди. Тақдим қилингандан кейин овозга қўйилишидан олдин матн таҳрири устида ишлаш учун Мирсаидов бошлиқ Эркин Воҳидов, Нурали Қобул ва бошқалар ичкарига кириб кетди. Улар бироз ҳаяллади. Улар тезда олиб чиқиши керак эди. Матн устида деярли ҳаммамиз келишиб олган эдик. Мен булар нимага кечикаяпти, деб кирсам матн олдида Мирсаидов ўтирибди. Сал нарироқда Эркин Воҳидов ва Нурали Қобул гаплашиб турибди. Юзларида хавотир бор эди.

Мен Мирсаидовдан нима бўлаётганини сўрасам, у секин Ефимовга ишора қилиб, ўша қаршилик қилаётганини айтди. Ефимов Москвага қўнғироқ қилаяпти. “Булар хоинлик қилаяпти. Бу ерни националистлар эгаллаб олган. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилмоқчи”, деб очиқ текстда айтаяпти. Кейин у телефонни қўйиб бизнинг яқинимизга келди.

Мен унга: “Ўзбекистон сизнинг конституциянгизда ҳам суверен мустақил жумҳурият. Сизнинг бизнинг ишимизга аралашишга нима ҳаққингиз бор?”, деб очиқдан-очиқ гапирдим. “Унда билганларингизни қилинглар”, деб қизариб ўрнидан туриб кета бошлади. Ўша пайтда Каримов кириб келди. У: “Нима бўлди? Яна жанжал қилаяпсизларми?” деди”¸ деб эслайди “Эрк” партияси етакчиси, Мустақиллик декларацияси матни устида чиққан мунозаранинг бевосита иштирокчиси Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ 23 йилдан бери давлат матбуоти «ўзбек халқига мустақиллик ҳадя қилган президент» дея тақдим этиб келаëтган Ислом Каримовнинг 1990 йил 20 июнда қилган саъй-ҳаракатларини эслар экан¸ ўшандаги халқ вакиллари орасидаги руҳ Москвадан қўрқувдан кўра кучлироқ бўлганини эслайди.

1990 йили Марказий телевидение мухбири билан суҳбатда Ислом Каримов “Бизга мустақиллик керак эмас¸ биз иккита қоп ичидаги республикамиз¸ ҳолимиз танг бўлади» деган эди.

1990 йилги Олий Кенгашда мустақил депутат бўлган Абдувоҳид Паттаев 20 июн кунги декларация ҳақида эслаб: “Бу мустақилликка қараб босилган илк қадам эди. СССР республикалари ичида биринчи бўлиб кўтарилган масала эди. Ўзбекистоннинг кейинги Мустақиллик декларацияси асосини биз қабул қилган 20 июндаги декларация ташкил қилди”, дейди.

Абдувоҳид Паттаев 1990 йил 20 июнни ўзбек халқининг ҳақиқий мустақилликка эришган куни, деб билади.

1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши “Биз, Ўзбекистон халқи” сўзлари билан бошланган тарихий ҳужжат — биринчи Мустақиллик декларациясини қабул қилган эди.

Журналист Анвар Усмонов бундан 23 йил олдин Ўзбекистон мустақиллиги масаласини парламент кун тартибига қўйган миллат вакилларини "халқ қахрамонлари" деб ҳисоблайди.

Ўша тарихий сессия иштирокчиси Абдувоҳид Паттаев ўзини қаҳрамон эмас¸ балки депутатлик вазифасини бажарган ватандош деб билади.

Унутилган қаҳрамонлар

Бундан 23 йил олдин Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилган 40 депутатнинг кейинги ҳаëти мустақил Ўзбекистонда силлиқ кечмади.

Ўша 40 депутатдан икки нафарининг қамоқдан ўлиги чиқди. Уч депутат ҳануз қамоқда. Баъзи депутатлар эса мамлакатдан чиқиб қочқинлик мақомини олишди.

Мустақиллик ҳақида қайғурганлар эмас¸ балки мустақиллик душманларининг ошиғи олчи келганини 1993 йилдан бери қочқинликда юрган собиқ депутат Абдувоҳид Паттаев тақдирнинг синови деб билади.

Мазкур мақолани тайëрлаш асносида Ўзбекистон мустақиллиги баëнномасини қабул қилиш учун ташаббус кўрсатган 40 нафар депутатдан фақат 17 нафарининг исм-шарифини аниқлай олдик.

Мана улар:

Баҳриев Карим - журналист, ишдан четлатилган;

Воҳидов Эркин - шоир, нафақада;

Жўраев Мурод - “Эрк” фаоли¸ 1993 йилдан бери қамоқда;

Йўлдошев Рейимбой - “Эрк” фаоли. Қамоқда ўлди;

Муҳаммад Солиҳ- “Эрк” демократик партияси раиси, 1993 йилдан бери қочқинликда;

Маматов Жаҳонгир - журналист¸ қочқинликда;

Нусратов Шуҳрат - 2012 йилнинг феврал ойида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди;

Паттаев Абдувоҳид - “Эрк” фаоли. Қочқинликда;

Полвонов Отажон -“Эрк” фаоли¸ депутатликдан четлатилганидан кейин ишсиз қолиб кетган;

Рўзимуродов Шовруқ - “Бирлик” фаоли. 1993 йили қамоқда ўлди;

Саидов Насрулло - “Эрк” фаоли. Қочқинликда;

Турсунов Иномжон - “Эрк”нинг Фарғона вилояти бўйича раҳбари. Қамалиб чиққанидан кейин оламдан ўтди;

Тўлаганова Тоййиба - “Бирлик” фаоли¸ ишдан четлатилганидан кейин касал бўлиб ўлди;

Файзиев Имом - “Эрк” фаоли. Ҳозирги ҳаëти ҳақида маълумот йўқ.

Xудойбердиевa Ҳалима - шоира¸ нафақада;

Қобул Нурали - ëзувчи¸ нафақада;

Қўқонов Самандар - “Эрк” фаоли¸ 1993 йилдан бери қамоқда.

Азиз муштарий¸ бундан 23 йил олдин "Ўзбекистон мустақиллиги баëнномаси қабул қилинсин!" деган ташаббус билан чиққан барча депутатнинг исми- шарифини аниқлай олмадик.

Ўзбекистон давлат архиви ва тарих институтларига қилган мурожаатларимиз самарасиз бўлди.

“Миллат ўз қаҳрамонларини билиши керак” деган ақидадан келиб чиқиб¸ уларнинг номлари тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ëзилиши лозим.

Агар сизда бу шахслар ҳақида аниқ¸ ҳужжатли маълумотлар бўлса¸ уларни Озодлик билан баҳам кўринг - токи мустақиллик қаҳрамонларининг номлари унут бўлмасин!
XS
SM
MD
LG