Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:34

Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтлари ҳакерлик ҳужумига учради


12 июн куни Ўзбекистон Футбол федерациясининг 2 та расмий сайти ва Twitterдаги 4та саҳифаси ҳакерлар ҳужумига учради. Ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳига кўра, шу йўл орқали ўзбек футболидаги муаммоларга эътибор қаратишни мақсад қилишган.


CLONE-SECURITY вакили, шахсини очиқлашни истамаган ҳакернинг Озодликка айтишича, чоршанба куни Ўзбекистон Футбол федерациясининг the-uff.com ва pfl.uz сайтлари ҳамда федерация вакилларига қарашли Twitterдаги @uzbff, @Uzbffonline, @pfluz, @theuffdotcom аккуантларига ҳужум қилинган.

“Иккита сайтни ишдан чиқардик. Twitterдаги 4 та аккуантини ҳам бузиб кирдик. Бу аккуантлар энди умуман ишламайди. Улардаги барча контактлар ҳам бизга ўтди”, деди ҳакер йигит.

Унинг айтишича, 11 июн куни Сеулда Жанубий Корея жамоаси билан учрашувда ўзбек футболчилари ишқибозлари ишончини оқламагач, ҳакерлар гуруҳи Футбол федерациясининг Интернет сайтларига ҳужум қилган.

“Ўзбек футболчиларининг Мессидан нимаси кам? Ҳаммасининг югурадиган икки оёғи бўлса. Нимага Ўзбекистон ҳеч қачон жаҳон чемпионатига чиқа олмайди? Тарихда бирор марта чиқмаган. Мана кеча 30 миллионлик Ўзбекистон аҳолиси интизор бўлиб кутди. Футболчилар нима қилди? Автогол уриб, шарманда қилди”, дейди ҳакер йигит.

Ҳакернинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, федерация мутасаддилари футболга эътибор қаратиши лозим.

“Бугун раҳбарлар футболга тўлиқ эътибор қаратмаяпти. Биз ҳужум орқали шу нарсага эътиборни тортиш ниятидамиз”, деди ҳакер йигит.

Ҳакерлар ҳужумидан сўнг федерация сайтларига Ўзбекистон терма жамоасининг мураббийси Миржалол Қосимовнинг суратини жойлаб, тагига “Автогол зўр чиқди-а?” деган ёзувни қолдиришган.

Шунингдек, "Терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқолмапти… Ҳа, чиқолмайдиям-да!", деб ёзишган.

Ҳакер йигитга кўра, бу марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг машҳур ибораси, аслида ҳакерлар гуруҳи ҳам ўзбек футболчиларини жаҳон чемпионатида кўриш ниятида.

Мақола сайтга тайёрланаётган пайт ҳакерлик ҳужумига учраган the-uff.com ва pfl.uz сайтлари яна ўз фаолиятини давом эттираётгани хабар қилинди.

11 июн куни сафарда Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасида Жанубий Корея жамоасига мағлуб бўлди.

Ўйин давомида киритилган ягона тўп соҳиби ўзбек футболчиси Акмал Шораҳмедов бўлди ва бу гол автогол бўлгани учун Ўзбекистон жамоаси жаҳон чемпионатига муддатидан олдин йўлланмани қўлга киритиш имконидан маҳрум бўлди.

CLONE-SECURITY гуруҳи жорий йилнинг 18 феврал куни Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти - soliq.uz га ҳужум қилган.

Жорий йилнинг январ ойида эса “Антилағмон” сиёсий акцияси номи остида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайти www.mtrk.uz га қилинган иккита ҳакерлик ҳужуми учун ҳам масъулиятни ҳам мазкур гуруҳ ўз зиммасига олган эди.

Бу ҳужум кампанияси “Миллий телерадиокомпания халққа тарқатаётган ахборотлар ёлғон ахборотдир!” шиори остида ўтказилган эди.

Шунингдек, ўтган йилнинг июл ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тиббиёт порталига уюштирилган ҳужум учун ҳам масъулиятни CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи ўз зиммасига олган эди.

Гуруҳ ўша пайтда айни ҳужум Ўзбекистон ҳукуматининг аëлларни стерилизация қилиш сиëсатига норозилик сифатида амалга оширилганини таъкидлаган эди.

Ҳукумат сайтларини ёриб ўтишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик хакерлар сайтларнинг бош саҳифасига “Бизнинг оналаримизни стерилизация қилманглар!” деган ёзувни жойлаштирган ва бу талаб остига "CLONE-SECURITY” дея имзо қўйган эди.

CLONE-SECURITY гуруҳи сайтларга қилинаётган ушбу ҳужумларни Ўзбекистон ичкарисида туриб амалга ошираётганини таъкидлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG