Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:28

“Муҳташам юз йил” Ҳуррамсиз қолди


Ҳуррам Султон ва Султон Сулаймон.
Ҳуррам Султон ва Султон Сулаймон.

Дунёнинг олтмишдан зиёд мамлакатида эфирга берилаётган “Муҳташам юз йил” турк сериалида Ҳуррам Султон ролини ижро этиб келган Марям Узерли ва филмни суратга олаётган TIMS Production студияси ўртасида юзага чиққан келишмовчилик оқибатида¸ Узерли филмни тарк этди.


TİMS Production вакили Гўзде Йилмаз Озодлик билан суҳбатда филмни суратга олиш Марям Узерлисиз давом этаётганини тасдиқлади:

–Ҳа тўғри, ҳозир Мерям Узерли ва студиямиз ўртасида йўллар айрилди. Лекин филмни суратга олишни давом эттирaяпмиз, бу ҳақда бошқа гап айта олмайман сизга, деди Йилмаз хоним.

TİMS Production баёнотида айтилишича, Марям Узерли шу ой ўрталарида Бодрумга уч кунлик таътилга кетганича студияга қайтмаган.

Съемкага бир кун қолганда Узерли режиссёрига Берлиндан қўнғироқ қилган, ўзини яхши ҳис этмаётгани, немис тилида гаплашадиган докторга эҳтиёжи борлигини маълум қилган.

Бунинг ортидан TİMS Production филмни суратга олишни вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилган.

23 май куни “Муҳташам юз йил” филмининг 100-серияси “бош рол ижрочисининг соғлиги билан боғлиқ техник сабаблар”га кўра эфирга берилмади.

“Муҳташам юз йил” филми продюсери Темир Савжи номидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, TIMS Production Марям Узерлини қайтариш учун қўлидан келган ишни қилган:

"Унга Туркиядан немисча ва инглизча биладиган энг малакали ҳакимларни топиб беришимизни айтдик. Махсус учоқ юборишимизни ҳам билдирдик. Аммо Узерли ўртага акасини қўйиб, бизга Германияда қолишни истаётгани ва уни ортиқ безовта қилмаслигимизни айтди. Қўлимиздан бошқа нарса келмаслигини тушунганимиздан сўнг, олти кунлик танаффус ортидан, айрим ўзгаришлар билан яна филмни суратга олишга киришдик", дейилади TIMS Production баёнотида.

Турк матбуотига кўра, Германия фуқароси бўлган 30 яшар актриса Марям Узарли TIMS Production студияси билан филмдаги рол учун берилаётган ҳақ борасида келиша олмаган.

“Бош рол учун ҳафтасига бериладиган 30 минг турк лираси (15 минг АҚШ доллари) лик ҳақдан рози бўлмаган Узерли, аразлаб Германияга кетиб қолди”, деб ёзди Туркияда чиқадиган “Milliyet”газетаси.

Ҳуррам Султон ролни энди ким ўйнайди, деган саволга TİMS Production вакиллари ҳозирча аниқ жавоб беришмаяпти.

Турк матбуоти хабарларига кўра, ҳозир бир нечта актриса бу ролга даъвогарлик қилмоқда.

Сериал продюсери Темур Савжи филмнинг учинчи сезонида кексайган Ҳуррам Султон роли ижроси масаласида туркиялик актрисса Ваҳиде Гўрдум билан сўзлашув олиб борган. Шунингдек, кўриб чиқилаëтган номзодлар орасида бир қанча чет эллик актрисаларининг ҳам борлиги айтилмоқда.

“Муҳташам юз йил” сериалида Ҳуррам Султон образини яратишда Марям Узарли ўрнини босадиган актрисани топиш осон бўлмаса керак", деб ёзди “Milliyet”газетаси.

“Муҳташам юз йил” турк сериали бир вақтнинг ўзида дунёнинг 60 давлатида эфирга бериб келинади. Сериални Россия телеканаллари ёки Интернет орқали томоша қилиб келаëтган ўзбекистонликлар орасида ҳам Ҳуррам Султон машҳур образга айланган.

Бу каби жанжал турк сериал саноатида биринчи марта бўлаётгани йўқ. Икки йил аввал Туркияда суратга олинган “Энг сўнг боболар билади” сериали бош қаҳрамонлари ҳам продюсерлар таклиф қилган иш ҳақига рози бўлмасдан, филмни тарк қилишган эди.
XS
SM
MD
LG