Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:39

Пушкин зўрми, ё Қодирий?..


Дафъатан, савол беўхшов туюлади. Бири – фатиласоч, бири – қоракўз; бири – руснинг, бири – ўзбекнинг кўзга тўтиё адиб. Бу, энди “Инсон учун ўнг қўл зарилроқми ё чап қўл?” дегандек гап-да.

Лекин ҳар қанча мантиқсиз, ҳар қанча ўринсиз бўлмасин, “Пушкин: сўнгги дуэль” ҳужжатли фильми кўнгилда шу саркаш саволни уйғотворди...

Наталья Бондарчук муаллифлигидаги киноасар Пушкиннинг сўнгги кунларидан нақл қилади.

1837 йил 27 январь. Ҳассос шоир Пушкин устаси фаранг Жорж Дантес билан омонсиз ва омадсиз дуэлга чиқади.

Дуэль адоқсиз мунозара-мужодалаларга мавзу бўлиб келяпти. Баҳсни давом эттириб, калавани баттар чувалаштириш ниятимиз йўқ.

Эътиборли жиҳати – фильмда чораккам икки аср муқаддам рўй берган воқеалар тизими соатма-соат, дақиқама-дақиқа тикланган! (Эринмаган бандалар, замондошлари шоир ўлимига доир тафсилотларни икир-чикиригача ёзиб кетганини айтинг).

Яна эътиборли жиҳати – дуэль бир шоирнинг фожиаси эмас, бутун миллатнинг фожиаси сифатида талқин қилинган.

Барака топсин, рус киночилари миллат улуғининг бевақт ўлими ҳақида кўрса кўргудек фильм ишлабди (аслида, кинобисот кавланса, Пушкин ҳаётига бағишланган яна ўнлаб картина топилади).

Хўш, бизда ҳаёти фожеий якун топган улуғларимиз ҳақида қачон тарози босадиган ҳужжатли фильмлар ишланади?

Бобораҳим Машраб ё Нодирабегим фожиасини эслатсак, киночиларнинг капалаги учиб кетмасин. Майли, инсоф сари барака, яқин тарихдан сўрайлик.

Бухоро амирига тик боққан маърифатпарвар, жадидлар отаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатли ҳамон сир пардасига ўралган.

Томошабин қилқалам ёзувчи Абдулла Қодирийнинг сўнгги кунларидан паққос бехабар, шаҳид кетган адибнинг ҳатто қабри маълум эмас.

Зах ва рутубатли тутқунхонада жон берган ўтюрак Усмон Носир тақдири ҳақида узуқ-юлуқ фаразлар бор, холос.

...Эҳ-ҳе, ҳужжатли фильмга тортадиган тарихий шахсларимиз осмонга сочилган юлдузлардек сероб.

Ўзбек киносида қайнона-келин ўртасидаги қўйди-чиқдилар, таванхона даражасидаги маиший масалалар “тараннум этилган” кинонамо маҳсулотлар бемаза қовуннинг уруғидек кўпайди.

Томошабин дидини чўлтоқ супургига айлантираётган хом-хатала “эъжод” намуналари ҳақида кўп ва хўб гапириляпти.

“Халтура” картиналар туфайли ўзбек тилининг ҳолига маймунлар ҳўнг-ҳўнг йиғлаётганини эслатмай. Тағин, сизнинг ҳам ҳасрат китобингиз ланг очилиб кетмасин.

Кино каби қудратли санъатнинг кучи қачонгача “ўтин ёриш”га сарфланади?
Тарихий сиймолар ҳақида пишиқ-пухта ҳужжатли фильмлар олиш – ёпиғлиқ қозонларини очиш вақти келмадими?!
XS
SM
MD
LG