Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

ЎИҲ Балужистондаги ҳужум учун масъулиятини зиммасига олди


ЎИҲ Кветта шаҳрида ҳужум уюштирган жой.
ЎИҲ Кветта шаҳрида ҳужум уюштирган жой.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) Покистон жанубидаги Кветта шаҳар полицияси бошлиғига қарши уюштирилган суиқасд учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Суиқасд ЎИҲга тегишли болалар мадрасасига Покистон ҳарбийлари уюштирган ҳужумида 12 ёшли бола ўлдирилганига жавобан амалга оширилгани иддао қилинмоқда.


Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) Покистоннинг Балужистон вилояти маркази Кветтада шаҳари полицияси бошлиғи генерал Муштақ Аҳмад Суҳерага қарши душанба куни уюштирилган суиқасд масъулиятини ўз зиммасига олди.

ЎИҲ матбуот котиби Яҳё Ҳикматий 14 май куни Интернетда эълон қилган баёнотда саккиз киши нобуд бўлиб, юздан ортиқ одам яралангани айтилаётган ҳужумни ҳаракат аъзоси Али амалга оширгани билдирган.

Матбуот хабарига кўра, бомба Кветта шаҳрининг хавфсизлик чоралари кучайтирилган туманида генерал Муштақ Аҳмад Суҳера машинада ўз уйига кириб келаётган пайтда портлатилган. Ҳужумда генералга шикаст етмаган.

Ҳужумдан сўнг журналистлар олдида қилган чиқишида генерал Суҳера ҳужумда полиция ходимлари ва тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганини маълум қилди.

- Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар орасида полиция ходимлари ва тинч аҳоли вакиллари ҳам бор. Мутахассисларимиз берган маълумотига қараганда портловчи моддалар Hino русумидаги юк машинасига жойлаштирилган бўлган. Машинада қанча портловчи модда бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Дастлабки тахминларга кўра, 1500 – 2000 килограмм модда портлаган,- деди полиция бошлиғи.

The Long War Journal нашрига кўра, кучли портлаш оқибатида шаҳарга электр узатиш тўхтаб қолган. Воқеа жойига яқин бўлган бинолар вайрон бўлган.

ЎИҲ матбуот котиби иддаосига кўра, генерал Муштақ Аҳмад Суҳерага қарши ҳужум Покистон армияси вертолёти бир ойча олдин ЎИҲга қарашли болалар мадрасасига ҳужум қилганига жавобан амалга оширилган.

Яҳё Ҳикматийга кўра, ҳарбийлар ҳужуми оқибатида Абдуллоҳ ибн Зубайр номидаги мадрасада 12 ёшли бола нобуд бўлган, 10 нафар бола яраланган.

ЎИҲ матбуот котиби полиция бошлиғига қарши ҳужумни Ҳаракатнинг 52 ёшли аъзоси Али амалга оширганини билдирган.

ЎИҲ баёнотида айтилишича, ўтган йили Алининг қизи ҳам худкуш ҳужумини амалга оширган.

Ҳикматий мазкур ҳужум қаерда амалга оширилганини айтмаган, лекин расмий хабарларга кўра, ўтган йил ноябр ойида Покистоннинг Моҳманд минтақасида бир аёл Жамоати Исломий партияси етакчиси Қози Ҳуссайн Аҳмадга қарши худкуш ҳужуми амалга оширилган.

Ал-Қойда гуруҳига алоқадор Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггарилари асосан Покистон ғарбидаги қабилалар яшайдиган Шимолий Вазиристон минтақасига жойлашиб олган.

ЎИҲ жанггарилари Афғонистоннинг шимолий ва шарқий вилоятларида толиблар билан бирга қўпорувчилик амалиётларини амалга ошириб келмоқда.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар Афғонистон ҳарбийлари билан йиллар давомида ЎИҲ аъзоларини қўлга олиш ва йўқ қилиш амалиётларини давом эттирмоқда.

Ўтган йилнинг августида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати амири Усмон Одилнинг ўлдирилгани эълон қилинган эди.

2013 йил апрел ойида Афғонистон ва Халқаро коалиция кучлари Балх вилоятининг Балх туманида биргаликда ўтказган амалиётда ЎИҲнинг нуфузли етакчиси Фидо Муҳаммад ўлдирилган эди.
XS
SM
MD
LG