Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:58

Жанубий Кореядаги ўзбеклар хотиржамлигини йўқотди


Жанубий Корея аксил ракета ҳужуми қўшинлари Шимолдан келаётган таҳдидларга жавоб қайтаришга шайланган.
Жанубий Корея аксил ракета ҳужуми қўшинлари Шимолдан келаётган таҳдидларга жавоб қайтаришга шайланган.

Корея ярим оролидаги вазият таранглигича қолмоқда ва бу ҳолат Жанубий Кореяда ишлаётган минглаб ўзбек меҳнат муҳожирларини ўз хавфсизликлари тўғрисида ўйлашга мажбур қилмоқда. Буни кейинги кейинги кунларда Озодликка келаётган телефон қўнғироқларидан ҳам билса бўлади. Корея ярим оролидаги сўнгги вазият ва у ерда ишлаётган ўзбек меҳнат муҳожирларининг шу кундаги кайфияти билан танишинг.


Жанубий Корея мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ким Мин-Сук душанба куни Сэулда бундай деди:

- Шимолий Кореянинг қанотли ракета отиш эҳтимоли борлигини ҳаммамиз биламиз ва шуни назарда тутган ҳолда АҚШ билан ҳамкорликда Шимолдаги барча ҳаракатларни диққат билан кузатиб турибмиз.

Душанба куни Жанубий Кореянинг бошқа бир мулозими Шимолий Корея навбатдаги ядровий синовини ўтказишга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида баёнот берди.

Корея Бирлашув вазири Рю Кил Жэй бунга оид “ишорат” борлиги тўғрисида душанба куни парламент қўмитаси олдида қилган чиқишида гапирган. Вазирнинг мазкур баёноти Шимолий Корея ядровий иншоотларида шахсий таркиб кўпайгани ва юк машиналари ҳаракатлари ошганига оид маълумотларга таянилган.

***

Мана шундай шароитда Жанубий Кореяда яшаб, ишлаётган ўзбекларнинг шу кундаги кайфияти қандайлигига қизиқдик.

Улардан бири ўзини Зуҳриддин, деб таништирган 30 ёшли йигит. Зуҳриддин қирғизистонлик ўзбеклардан.

Унинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўнглига кейинги кунларда ваҳима оралаб қолган. Лекин маҳаллий аҳоли орасида саросима сезилмайди.

- Маҳаллийлар қўрқаётгани йўқ. Чунки Американинг ҳарбий базасига яқин шаҳарда яшаймиз,- дейди Зуҳриддин,

Унинг айтишича, икки қўшни корейс давлати ўртасидаги вазият кескинлашуви бу ердан юк жўнатувчи ўзбек тадбиркорлари ишига ҳам салбий таъсир этган.

- Контейнерларда юк жўнатадиган бизнесменлар ўз иши тўхтатиб турибди. Чунки юк Шимолий Корея ҳудудидан ўтади-да, дейди Жанубий Кореяда ишлаётган Зуҳриддин.

Унинг айтишича, тадбиркорлар шу пайтгача меҳнат муҳожирлари пулини ватандаги яқинларига етказиб бериш билан ҳам шуғулланган. Бу иш ҳам тўхтаб қолган – тадбиркорлар пул қабул қилмаяпти.

Яна бир суҳбатдошимиз Жанубий Корея пойтахтидаги ўқув юртларидан бирида таҳсил олади. Исмини айтишни истамаган бу қизнинг сўзларидан унинг ҳеч қандай ваҳимага тушмагани билиниб турди.

- Вазиятдан хабарим бор, янгиликларда кўриб турибмиз. Бу ерда 5 та қизмиз ўзбекистонлик. Лекин ваҳима қилганимиз йўқ.

Озодлик: Маҳаллий корейсларнинг ўзларичи?

- Уларда ҳам ваҳима йўқ, дейди Сеулдаги ўқув юртларидан бирида ўқийдиган ўзбекистонлик талаба қиз.

Меҳнат вазири Ли Чэ Пил етакчилигидаги Корея Республикаси делегациясининг 2012 йил декабрида Ўзбекистонга ташрифига доир хабарларда 2007 йилдан буён Жанубий Кореяда 15 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик иш билан таъминлангани айтилган эди.

Корея ҳукумати ажратган 4 миллион долларли грант эвазига Тошкентда очилган Профессионал таълим марказида ҳар йили қарийб минг киши Жанубий Кореяда ишлаш учун касб ўрганади.

***

Шимолий Корея жорий йил февралида учинчи ядровий синов ўтказганидан кейин Корея ярим оролида вазият кескин тус олди.

Пхеняннинг ядровий синовига жавобан БМТ ва Вашингтон Шимолий Кореяга нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилди.

30 март куни Шимолий Корея икки корейс давлати ўртасида “уруш дври ҳолати” эълон қилди.
XS
SM
MD
LG