Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:51

Беҳзод Аҳмедовга қарши бир кунда иккита видеокомпромат ташланди


Видеокомпроматларнинг иккинчисида Беҳзод Аҳмедовнинг аммаси Светлана Файзиева тақдим қилган оилавий сурат.
Видеокомпроматларнинг иккинчисида Беҳзод Аҳмедовнинг аммаси Светлана Файзиева тақдим қилган оилавий сурат.
19 март куни МТС-Ўзбекистон ширкатининг собиқ бош директори¸ Гулнора Каримованинг яқин ўтмишдаги яқин бизнес ҳамкори¸ айни кунларда эса¸ унинг учун “шантаж манбаи”га айланган Беҳзод Аҳмедовни қароқчиликда айбловчи кетма-кет иккита видеолавҳа Youtube.com порталига ташланди.

Беҳзод Аҳмедовга қарши иккала видеокомпромат ҳам бир кунда – 19 мартда пайдо бўлди ва бу ҳақдаги хабар Озодлик электрон почта қутисига аноним манбадан юборилди.

Улардан бири овозсиз ва ҳеч бир изоҳсиз суратга олинган 4 минуту 55 секундлик видеолавҳа бўлиб¸ у оқ қоғозга русча қилиб ëзилган “Ўздунробита – МТС Ўзбекистон собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг қочишга ҳозирлик пайтида яширин камера орқали олишга муваффақ бўлинган нарсалар. Унинг бекитилган пуллари¸ мол-мулки ва уйи” деган ëзув билан бошланади.



Шундан сўнг афтидан мобил телефонига ëзилган видеокадрларда ўнлаб 100 долларлик пуллар тахлами пайдо бўлади.

Яшил деворлик¸ миллари соат 13:05 ни кўрсатиб турган қора девор соати ерга қўйилган кичик бир хонада оддий қора идора курсиси устига тахлаб қўйилган АҚШ доллари боғламлари¸ камерани яқинлаштириб¸ серия рақамларига қадар кўрсатилади.

Шундан сўнг видеокадрларда сакраш рўй беради ва Беҳзод Аҳмедовники деб иддао этилаëтган ҳашаматли уй хоналари бўйлаб бирма-бир сайр бошланади.

Видеолавҳадаги бу сакраш¸ пул суратга олинган хонадаги жиҳозлар ва сайр қилдирилган уй муҳитидаги улкан фарқ¸ кадрларнинг алоҳида-алоҳида жой ва вақтда ëзилиб¸ сўнгра бир-бирига уланганидан дарак беради.

Европа услубида жиҳозланган хоналар бўйлаб саëҳатда пайдо бўладиган девор соатларидан бирида вақтнинг 16:40 экани кўрилса¸ Аҳмедовники деб кўрсатилаëтган ëтоқ хонасининг ëпиб қўйилган пардалари тирқишидан кўрилган ташқаридаги манзара¸ унинг тунда суратга олинганини англашга ëрдам беради.

Қизиғи¸ қочишга ҳозирлик жараëнида яширин ëзилгани иддао қилинган кадрларда на бирор шошилиш аломатлари¸ на бирор уй эгасининг қораси кўрилмайди. Аксинча¸ уйдаги саранжом-саришталилик¸ унинг кимсасизлиги¸ бу кадрларнинг ушбу уйни ўз назоратига олганларнинг бир неча бор бемалол кириб олинган суратларни шошилмай улаб-ямаб чиққанини тахмин қилишга асос беради.

Агар қарийб беш дақиқалик биринчи видеокомпроматда Беҳзод Аҳмедов уйида бели букилмаган юз минглаб доллари бор¸ ниҳоятда бадавлат бир шахс сифатида кўрсатишга сассиз ва изоҳсиз ҳаракат қилинса¸ иккинчи лавҳанинг тартиб ва моҳияти бундан ўзгача.

18:15 дақиқалик иккинчи видеоматериалнинг илк кадридан сўнггигача¸ унинг ортида анча профессионал “ижодкор”лар тургани¸ унда профессионал монтаж воситалари қўлланилганини сезиш қийин эмас.

Гарчи бу материалда ҳам муаллифга оид бирор маълумот берилмаса-да¸ унинг Беҳзод Аҳмедов ва оиласининг “қароқчи” ва “пул қутуртирган кимсалар” қилиб кўрсатишни мақсад қилгани “компромат”нинг охирларига бориб очиқлашади.

Марҳум кинорежиссëр Латиф Файзиев суратга олган “Алибобо ва қирқ қароқчи” филмидаги кадрлар билан бошланадиган бу видеоматериал тезда Файзиевнинг уйига кўчади ва унинг рафиқаси Светлана Файзиеванинг монологига айланади.

Светалана Файзиева ҳам гапни узоқ-узоқлардан бошлайди ва Латиф Файзиевнинг ижоди¸ совет кинорежиссëрининг аëли бўлиш ноқулайликлари¸ ўз уйида бўлган маҳшур меҳмонларни қандай сийлаганию¸ ўғилларининг қачон туғилгани ҳақида шошилмай ҳикоя қилади.

Интервючи камера ортида қолдирилиб¸ фақат Файзиеванинг гаплари улаб чиқилган бу видеоматериалнинг МТС-Ўзбекистон собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга қандай алоқаси борлигини тушуниш учун бу ҳикоянинг 9-минутига қадар унга тоқат билан қулоқ солиш керак бўлади.

"Менинг биттаю битта укам бор ва Латиф акам уни Театр институтига кирғизиб қўйганлар"¸ деб бошаланадиган гапдан¸ бу видеоматериалнинг асосий қаҳрамонлари – Аҳмедовлар оиласига оид монолог бошланади.

Ҳикоядан аëн бўлишича¸ Беҳзод Аҳмедов Светлана Файзиеванинг ана шу ягона укаси Баҳодир Аҳмедовнинг яккаю ëлғиз ўғли. Латиф Файзиев қўллови билан¸ таланти бўлмаса-да¸ режиссëрга айланган Баҳодир Аҳмедов эса¸ ўз умрини фарзандларига бағишлаган жафокаш бир аëлни – ўз онасини кўчага чиқариб ташлаган бебудр фарзанд.

Гарчи Светлана Файзиева ўз жияни Беҳзод Аҳмедов ҳақида кўп ҳам ëмон гапирмаса-да¸ унинг МТС мижозларининг миллионлаб долларини ўғирлагани ва “қилмишига яраша жазо олгани”га ишонишини яширмайди.

“Яқинда бир танишимнинг келини бориб келган экан Москвага¸ ресторанда кўрибди. Ўтирган эна. Значить жив и здоров¸ никто его не посадил¸ не поймал”¸ дейди видеоматериал охирроғида қаршисидаги кўринмас суҳбатдошига қарата Беҳзоднинг бир пайтлардаги “севимли аммаси”.

Бу баëнотдан 19 март куни кетма-кет Беҳзод Аҳмедовга қарши пайдо бўлган иккала видеокомпроматнинг асосий муддаоси очиқлашгандек бўлади, дейди ўзбекистонлик киноҳужжатчи Олег Карпов Озодлик билан суҳбатда:

- Бу видеороликлар ммхчиларимизнинг ҳаммага яхши таниш бўлган айни андозаси¸ айни имзоси билан олингани кўриниб турибди. МХХда чиндан ҳам шунақа компроматлар тайëрловчи ўз студияси бор. Унинг ортида эса¸ кўпчилик тахминича¸ Гугуша турган бўлиши мумкин. Зотан кейинги пайтларда у МТС жанжалига алоқаси йўқлигини зўр бериб таъкидлаб¸ ўзининг оқлашга астойдил уринмоқда. Аммо нимагадир¸ у ҳамма балони Беҳзод Аҳмедовга тўнкашга қанчалик кўп уринса¸ унинг бу можарага алоқаси борлигига нисбатан ишонч кучайиб бормоқда¸ дейди Олег Карпов.

Ўзбекистонлик киноҳужжатчига кўра¸ Светлана Файзиева монологи остидан русча субтитрнинг ўтиб туриши¸ бу материалларнинг нафақат ўзбекистонликлар¸ балки хориж¸ хусусан россияликларга мўлжалланганини тахмин қилишга асос беради.

"Гулнора Каримованинг навбатдаги пиар қадами деб қабул қилиш мумкин бу видеороликларнинг тез орада Youtube.com дан ўзбек телеканаллари экранига кўчишини кутиш мумкин"¸ дейди Олег Карпов.

Икки ҳафта олдин Швейцарияда чоп этиладиган Bilan журналига берган интервюсида президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова¸ Беҳзод Аҳмедов МТС ширкати билан биргаликда ўзини ойлар давомида шантаж қилганидан шикоят этди.

Ана шу суҳбатнинг Каримова блогига қўйилган тўлиқ матнида Беҳзод Аҳмедов ва оиласининг хориж давлатларидан бирига қочиб¸ у ердан бошпана топгани иддао қилинди.

Бу баëнот эса¸ Беҳзод Аҳмедовнинг Москвадан Тошкентга олиб келингани ҳақида Ўзбекистондаги "Даракчи”да пайдо бўлиб¸ сўнгра саноқли соатлар ичида олиб ташланган хабарга буткул зиддир.

Айни пайтда норасмий манбалар ҳам Беҳзод Аҳмедовнинг Каримова талаби билан Тошкентга олиб келиниб¸ МХХ қамоғига ташлангани¸ ҳаттоки Каримованинг бизнес амалиëтлари ҳақида керагидан ортиқ ахборотга эга бўлган Аҳмедовнинг жисмонан йўқ қилиб юборилганини иддао қилади.

Аҳмедовнинг тақдири устидаги мавҳумлик Гулнора Каримовага соя солаëтган бир пайтда¸ унинг қочиб кетганини далиллашга уринувчи видеолавҳаю¸ Аҳмедов аммасининг”Беҳзодни ҳеч ким ушламади ҳам¸ қамамади ҳам” деб гувоҳлик бериши¸ бу иккала видеоматериалнинг кимни¸ нимадан ҳимоялаш учун ҳозирланганини англашга ëрдам беради.

2012 йилнинг июн ойида қочиб кетгани иддао қилинаëтган МТС-Ўзбекистон собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга қарши иккала видеокомпроматнинг 2013 йил 19 мартига келиб эълон қилиниши¸ унинг яқин келажакда Тошкентдан қўйилажак айрим қадамларни тахмин қилишга ҳам озуқа беради.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:16 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG