Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Ҳайдовчилик гувоҳномаси хорижда ўтадими?


Хорижда олинган ҳайдовчилик гувоҳномасини Ўзбекистонда ишлатиш учун, уни ўзбек ёки рус тилига таржима қилдириш лозим.
Хорижда олинган ҳайдовчилик гувоҳномасини Ўзбекистонда ишлатиш учун, уни ўзбек ёки рус тилига таржима қилдириш лозим.

OzodJavobнинг бугунги сонида Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг чет элда, хорижда олинган гувоҳноманинг Ўзбекистонда ишлатилиши тартиб-қоидаларига оид тафсилотлар билан таништирамиз.



Тошкентлик Ниғмат исмли муштариймиз email орқали савол йўллаб, Ўзбекистонда берилган ҳайдовчилик гувоҳномасининг хорижий мамлакатларда ўтиш-ўтмаслиги билан қизиқди.

“Мен яқинда Европага 2-3 йилга ишлашга кетмоқчиман. Қўлимда ўзимизда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси бор. Шу гувоҳнома билан чет элда машина ҳайдаш ҳуқуқига эга бўла оламанми?” дея сўрайди тошкентлик Ниғмат.

Россиядан Skype орқали савол йўллаган Шермат исмли йигит эса хорижда олинган ҳайдовчилик гувоҳномасининг Ўзбекистонда қўлланиши тартиби борасида сўради.

“Мен Москва шаҳридаги автошколалардан бирида ўқиб, права олмоқчиман. Лекин бу ҳужжатни Ўзбекистонга боргач, ишлата оламанми ёки у ерда яна бошқатдан ўқишим керак бўладими?” дея сўради Шермат.



Миллий гувоҳноманинг хорижда қўлланилиши

Хорижга кетаётган ва у ерда машина ҳайдаш эҳтиёжига эга бўлган ўзбекистонликлар учун икки хил йўл бор.

Биринчиси, Ўзбекистон Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси департаментидан халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш.

- Бизнинг департаментда Ўзбекистон миллий гувоҳномаларини 6 та хорижий тилга таржима қиламиз ва халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси берамиз. Бу ҳужжат билан дунёнинг исталган давлатида машина ҳайдаш ҳуқуқига эга бўласиз, дейди ўзини таништирмаган Ўзбекистон Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси департаменти ходими.

Суҳбатдошга кўра, халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси олишни хоҳловчи ўзбекистонликлар департаментга қуйидаги ҳужжатларни топширишлари лозим:

1) Ўзбекистоннинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси

2) 3,5х4,5 ҳажмдаги 2 та фотосурат

3) Паспорт

4) Пул:
1 йил учун – 295 400 сўм
2 йил учун - 345 500 сўм
5 йил учун – 395 500 сўм



Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қайта имтиҳон топшириш шарт эмас.

Хорижда машина ҳайдаш ҳуқуқига эга бўлишнинг иккинчи йўли, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан тасдиқлатиб олиш ва хорижга бориб, халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш.

Бунинг учун фуқаро ҳужжатларни легализация қилиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи фирмаларга мурожаат қилиши лозим.

Шундай фирмалардан бири "Азия Транслейшн" ходимаси (исмини ошкор қилишни истамади) фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси, паспорт ва 2 та фотосуратни тақдим қилиши лозим, дея тушунтирди.

- Миллий гувоҳномани апостиль (легализация) қилдириш керак. Бунинг учун биринчи правадан (ҳайдовчилик гувоҳномаси-таҳр.) копияси олинади. Уни хорижий тилга таржима қилиб, нотариусдан тасдиқлатамиз. Қайси тил лозим бўлса, ўша тилга таржима қилинади. Кейин уни ташқи ишлар вазирлигига олиб бориб, тасдиқлатамиз,- дейди суҳбатдош.

Фуқаро бу ҳужжат билан чет элга бориб, халқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш имконига эга бўлади.


Хорижий ҳайдовчилик гувоҳномасининг Ўзбекистонда қўлланилиши

Ўзбекистон Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси департаментидан олинган маълумотга кўра, ўзбекистонликлар хорижда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан Ўзбекистонда машина ҳайдаш ҳуқуқига эга эмас.

"Азия Транслейшн" фирмасининг ходимасига кўра, агар хорижда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси нотариусдан тасдиқлатиб олинса, машина ҳайдаш ҳуқуқига эга бўлиш мумкин.

- Хорижда олинган правани ўзбек ёки рус тилига таржима қилиб, нотариусдан тасдиқланади. Шундан кейин халқаро права олиш мумкин. Менинг бир мижозим бор. У Ўзбекистон фуқароси, Америкага турмушга чиққан. Правани ўша ерда олган. Ўзбекистонга келгач, таржима қилдириб, нотариусдан тасдиқлатиб, халқаро права олиб, ўша билан Тошкентда машина ҳайдади. Бизнинг ГАИ ходимларимиз инглиз тилини билмайди-ку. Шунинг учун рус ёки ўзбек тилига таржима қилдириши шарт,- дейди "Азия Транслейшн" фирмасининг ходимаси.


Ўзбекистон Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси департаментининг манзили:

Тошкент шаҳри, Глинка кўчаси, 40-уй.
Тел.: ( +99871) 254-00-07, ( +99871) 255-32-04
Электрон почта: mail@idl.uz


Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:22 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG