Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:42

Дилмурод Саййид Сангородга келтирилди


Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид салкам уч йилдан буён қамоқда қолмоқда.
Журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид салкам уч йилдан буён қамоқда қолмоқда.

Шу йилнинг 6 март куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, журналист Дилмурод Саййид Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/36-сонли муассасадан Тошкентдаги 18-сонли махсуслаштирилган колония (Сангород)га олиб келинган. Бунга журналистнинг соғлиғи жиддий ёмонлашгани сабаб бўлган.


Бу ҳақда Озодликка маълум қилган маҳкумнинг укаси Обид Саидов 17 март куни акаси билан 64/18-муассасада учрашгани, журналистга Навоий қамоқхонаси тиббий бўлими томонидан невроз хасталиги ташхиси қўйилганини айтди.

Ҳозирда журналист мукаммал флюрографик текширувлардан ўтмоқда, текширув натижалари унинг қамоқда қолишини белгилайди.

- Акам жуда озиб кетган, вазни 52 килограммга тушиб кетган. У ўзини ёмон ҳис қилмоқда, ўткир сурункали сил хасталиги хуруж қиляпти. Менга жисмоний қийноқларнинг йўқлигини айтди, аммо руҳан тушкун аҳволда, - деди Обид Саидов.

Шунингдек, Дилмурод Саййид укаси билан учрашувда шу йилнинг 22 февралида Навоийдаги қамоқхонада муассаса тартибини бузганлик айби билан 10 кунлик жазо карцерига ташлангани ҳақида гапирган.

Маълум бўлишича, журналистга жисмоний нормативларни бажаришдан бўйин товлаш эпизоди билан жазо тайинланган ва бунга унинг қамоқхонадан хат чиқаргани, мактубнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилингани сабаб бўлган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг 18 март куни ушбу ҳодиса юзасидан тарқатилган баёнотида айтилишича, жамият журналистга қўлланган жазо ва унинг айни пайтдаги аҳволи юзасидан Навоий вилояти махсус прокуратурасига мурожаат қилган, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББ маъмуриятидан эса изоҳ сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Саййид 2010 йилнинг июнида жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

У шу пайтга қадар Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББнинг Навоий шаҳридаги 64/36-муассасасида жазо муддатини ўтаётган эди.
XS
SM
MD
LG