Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:52

Зиддиятларнинг 60 фоизи Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида юз беради


Сўх жанжалидан сўнг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини қўриқлаш кучайтирилди ва зиддиятли ҳудудга қўшимча кучлар киритилди.
Сўх жанжалидан сўнг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини қўриқлаш кучайтирилди ва зиддиятли ҳудудга қўшимча кучлар киритилди.

2010 йилнинг январидан 2013 йилнинг февралигача Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 102 та қонунбузарлик ва фавқулодда вазиятлар содир этилган. Бу Қирғизистоннинг Хитой, Қозоғистон, Тожикистон билан чегараларида содир этилган қонубузарликларнинг умумий кўрсаткичидан 60 фоизини ташкил этади.

Қирғизистон Чегара хизматининг 15 март куни бўлиб ўтган йиғилишида мана шундай рақамлар ошкор этилди. Маълумотларда айтилишича, 2010 йилнинг январидан 2013 йилнинг февралигача Қирғизистоннинг қўшни давлатлар билан бўлган чегара ҳудудларида жами 172 қонунбузарлик ва зиддият рўйхатга олинган.

Ўзбек-қирғиз чегараси энг нотинч ҳудуд

Қирғиз –Хитой ва қирғиз-қозоқ чегараси энг тинч ва барқарор ҳудудлардан ҳисобланади. Чегарадаги қонунбузарликларнинг аксарияти Ўзбекистон-Қирғизистон ва Тожикистон-Қирғизистон чегарасида содир этилган. Жумладан, ўзбек-қирғиз чегарасида уч йил мобайнида 102 та, қирғиз-тожик чегарасида эса 62 та қонунбузарлик рўйхатга олинган.

Жорий йилнинг 5-6 январида содир этилган Сўх воқеаси Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги энг катта жанжаллардан бири бўлди. 5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавидаги Ҳушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.
7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Жанжалдан сўнг Сўх анклави қамал ҳолатида қолган. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган эди. Бунинг натижасида Сўх анклавида бир қатор иқтисодий муаммолар юзага келган. Орадан 20 кун ўтгачгина Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига инсонпарварлик юкларини ўтказишга рухсат берганди.

Жанжалларнинг омили-чегаранинг аниқланмагани

Қирғизистон Чегара хизматининг маълум қилишича, чегарадаги нохуш воқеалар ва зиддиятлар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг тўла аниқланмагани сабабли келиб чиқмоқда. Зиддиятлар ва қонунбузарликлар асосан аҳолининг маиший-хўжалик ва қишлоқ хўжалик ишлари фаоллашган баҳор, ёз ва куз мавсумида содир этилар экан. Чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли ўртасида бу мавсумда сув жанжаллари бўлиб ўтади, контрабанда маҳсулотларини олиб ўтиш ҳаракатлари кўпаяди.

Мутахасислар фикрича, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги зиддиятлар сонини озайтириш ва бартараф этиш учун биринчи навбатда баҳсли бўлиб турган ҳудудлар масаласини ҳал этиш, чегара чизиғини мукаммал тарзда аниқлаш зарур. Мазкур масала эса бир неча йиллардан бери расмий Тошкент ва Бишкекнинг баҳсли ҳудудлар юзасидан турлича позицияда экани боис ҳал қилинмай қолаётир. Шу билан бир қаторда, чегара ҳудудида юз бераётган зиддиятлар Чегарани аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия фаолиятини бир неча ой ортга суриб юбормоқда. Сўх воқеасидан кейин ҳам мана шундай ҳолат юзага келгани кузатилади.

Чегарадаги жанжаллар чегарани аниқлаш жараёнини ортга сурмоқда

Чегарани аниқлаш бўйича Қирғизистон Ўзбекистон комиссияси январ ойида содир бўлган Cўх можаросидан сўнг илк маротаба учрашишга келишиб олди.

Ўзбек тараф музокара олиб боришга розилик берганини Қирғизистон ҳукуматининг Чегарани аниқлаш ҳамда чегараолди ҳудудларни ривожлантириш бўйича бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандаров маълум қилди.

Музокараларни 25 мартдан 30 мартга қадар Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Учрашувда Андижон-Кампиробод сув омбори ҳамда Қирғизистоннинг Барак эсклавига йўл очиш масалалари муҳокама қилиниши айтилмоқда.

-Ўзбекистон билан чегарамизнинг умумий узунлиги 1378 километр. Бу рақам чегара бутунлай аниқланиб бўлгач яна ўзгариши мумкин. Чунки қандайдир ҳудудлар билан алмашинишимиз, қайсидир ҳудуд Ўзбекистонга, қайсидир ҳудуд Қирғизистонга ўтиб қолиши мумкин. Шу кунгача чегаранинг 1007 километри аниқланди. Аниқланмаган ҳудуд 315 километрга тенгдир. Бу чегара ҳудудининг 23 фоизини ташкил қилади, -деди Қирғизистон ҳукуматининг Чегарани аниқлаш ҳамда чегараолди ҳудудларни ривожлантириш бўйича бўлими бошлиғи Қурбанбай Искандаров.
XS
SM
MD
LG