Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Қирғизистон ЎИҲ фаоллашиши мумкинлигидан ташвишда


Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Қундуз вилоятида. Журналист Игор Ротар архивидаги фотосурат.
Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Қундуз вилоятида. Журналист Игор Ротар архивидаги фотосурат.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси икки давлат ҳарбийлари томонидан ҳамкорликда назорат қилинади. Бундай маълумот жорий йилнинг баҳор-ёз мавсумида Ўзбекистон исломий ҳаракати фаоллашиши мумкин экани тўғрисида ёйинланган хабарлардан сўнг пайдо бўлди.

Қирғизистон Чегара хизмати 14 март куни қирғиз ва тожик чегара қўшинлари қўмондонлари Исфара шаҳрида учрашиб, давлат чегарасини ҳамкорликда қўриқлашга келишиб олганларини маълум қилди. Имзоланган шартномага мувофиқ икки давлат чегарачилари барча йўловчиларни ва юк автомашиналарини бир гуруҳга бирлашган ҳолда текширади, чегарадаги фавқулодда ҳодисаларни эса давлатлараро комиссия текширади.

Баёнотда қандай таҳдидлар ёки фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бундай қарорга келингани айтилмаган. Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов эса Озодлик радиосига берган суҳбатида Марказий Осиёга террорчи гуруҳларнинг яқинлашиб келаётгани сезила бошлаганини билдирди.

-Бундан 3-4 кун аввал Тожикистон билан Афғонистон чегарасида толиблар билан афғон хавфсизлик кучлари ўртасида катта жанг бўлди. Жангда 40 одам, асосан Афғонистон ҳукумати ҳарбийлари ҳалок бўлди. Бу воқеа террорчи жангари гуруҳлар Марказий Осиёга яқинлаб қолганини кўрсатди, -деди Тўқўн Мамитов.

Расмий Ўзбекистон чегарачилари раҳбарлари билан ҳам учрашганини ва хавфсизлик масаласлари муҳокама қилинганини айтди.

Мазкур учрашувлар арафасида “Интерфакс –Қозоғистон” ахборот агентлиги Ўзбекистон махсус хизматидаги манбага таянган ҳолда, шу йилнинг ёзида Фарғона водийсида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаоллашуви кутилаётганини хабар қилган эди. Агентликка Ўзбекистон махсус хизматидаги манба Афғонистон ва Покистонда Ўзбекистон исломий ҳаракати ўз сафига янги аъзоларни жалб қилаётгани тўғрисида тезкор маълумотлар олинганини билдирган.

Бироқ хавфсизлик масалалари бўйича бишкеклик эксперт, генерал Артур Медетбеков Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаоллашуви ва унинг Марказий Осиёга таҳдид солиши мумкинлиги тўғрисидаги гапларни ўта бўрттирилган деб ҳисоблайди.

-1999 йилда бўлгани каби 200-300 кишилик гуруҳ ҳозир чегарадан ўта олмайди, чунки вазият 99 -йилгидай эмас. Қирғизистон Коллектив хавфсизлик ташкилотининг аъзоси ҳисобланади. Бундан ташқари Қантда Россиянинг, Манасда эса НАТОнинг ҳарбий базалари бор, -деди Артур Медетбеков.

Шу билан бир қаторда, эксперт террорчи гуруҳларнинг минтақа давлатлари ичидаги ячейкалари фаоллашувининг олдини олиш ва уларнинг бир давлатдан иккинчи давлатга ўтишига йўл қўймаслик мақсадида чегараларни кучайтирлган тарзда қўриқлаш лозимлигини эътироф этди.

Ўзбекистон исломий ҳаракати 1999 ва 2000 йилларда Қирғизистоннинг Боткен вилоятига яширин йўллар билан етиб келган ва қирғиз қуролли кучлари билан жанг қилган эди. Бу жангларда Қирғизистон ҳарбийларидан 70 киши ҳалок бўлган ва юздан ортиқ аскар яраланган.
XS
SM
MD
LG