Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:47

Президентни судга тортган косонлик ҳуқуқ фаоли ўн йилга қамалди


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими аъзоси Чўян Маматқулов ўн йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон жиноят Кодексининг ўндан ортиқ моддалари билан айблангани айтилмоқда.


Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Оброн қишлоғида истиқомат қилган Чўян Маматқулов ўтган йилнинг кузида ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, суд ҳукми билан декабр ойида10 йилга озодликдан маҳрум этилгани айтилмоқда.

Чўян Маматқулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш, товламачилик, диний ташкилотларга аъзолик каби моддалари билан айбланган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораеванинг айтишича, Чўян Маматқулов ўтган йилнинг ноябр ойида машинасида наркотик модда топилганлиги айби билан ҳибсга олинган:

- Мен адвокатларнинг ўзаро гапини эшитдим. Ўтган йилнинг ноябр ойида Чўян Маматқулов Миллий банк идорасининг олдида қўлга олинган экан. Гўёки унинг “Матиз” машинасидан наркотик модда топилган экан, уни подставит қилишган деб айтишяпти,- дейди Гулшан Қораева.

Косон тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам Озодлик билан суҳбатда Чўян Маматқуловнинг психотропик моддалар сақлаш айби билан ҳибсга олиниб, ўн йилга озодликдан маҳрум этилганини тасдиқлади.

Мустақил журналист Тўлқин Қораевга кўра, шартнома асосида ҳарбий хизматда бўлган Чўян Маматқулов 2000 йилда ғайриқонунуний ишдан бўшатилганидан сўнг ўз ҳақини тиклаш учун турли идораларга мурожаат қилган. Унинг аризалари наф бермагач, у Ўзбекистон Қуролли кучлари бош қўмондони Ислом Каримов устидан судга шикоят қилган:

- Чўян маҳаллий суд идораларидан адолат тополмагач, президентни судга бергани 2004 йилда Тошкентга келади. У фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судига бош қўмондон Ислом Каримовни жавобгарликка тортиш ҳақида ариза беради. Мен ўша пайтгача бирор киши президентни судга берибди деб, эшитмаган эдим. У суддан 10 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарни ундириб беришни сўрайди. Суд унинг аризасини қабул қиладию лекин жавобгар томонни чақирмайди. Ундан сўнг у Олий Судга мурожаат қилади. Бироқ бу аризалар ҳам инобатсиз қолади,- дейди Тўлқин Қораев.

Республика судларидан адолат тополмагач, Чўян Маматқулов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятини бошлайди ва ўша пайтда Толиб Ёқубов раҳбар бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятига аъзо бўлади.

Косон туманидаги “Дўстлик” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Норов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Чўян Маматқулов фермерларни ва оддий одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилганини айтди:

- У бизнинг қишлоқда яшагану, лекин фаолият доираси ташқарида бўлган. Хўжалик судларида жуда кўп фермерларни ҳуқуқларини ҳимоя қилган деб эшитганман. Уни ёмон одам эди дейишга бизда асос йўқ,- деди Бахтиёр Норов.
XS
SM
MD
LG