Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:58

Ўзбекистон ҳукумати импортни кескин чеклашга тайёрланмоқда


Ўзбекистон ҳукумати 1 апрелдан бошлаб пештахталарни маҳаллий товарлар билан тўлдирмоқчи
Ўзбекистон ҳукумати 1 апрелдан бошлаб пештахталарни маҳаллий товарлар билан тўлдирмоқчи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси импорт қилинадиган товарлар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган икки қарор қабул қилди.

4 мартда қабул қилинган 62- ва 63- қарорлар Ўзбекистон Президентининг 1 апрелдан бошлаб энг зарур озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж молларининг Ўзбекистонга импортини кескин чеклаш тўғрисидаги 29 январ кунги қарори ижросини таъминлайдиган ҳужжатлар сифатида кўрилмоқда.


4 март куни қабул қилган 62-қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ўзининг 2006 йилги “Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтаётганда божхона кўригидан ўтказилиши шарт бўлган товарлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-қарорига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритди.

Фарғона водийсидаги божхона масканларидан бири ходимининг айтишича, шу пайтгача ҳам 75-қарорга биноан “Ўзбекистон Республикасига импорт бўладиган ҳар битта товар божхона кўригидан ўтказилади”.



Божгирнинг айтишича, шу пайтгача божхона маскани йўқ йўллардан олиб кирилган товарлар ҳам, барибир, “растаможка” қилинаётганида кўрикдан ўтказилган.

62-қарор билан 75-қарорга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар нималардан иборат?

Бу саволимизга Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати жавоб беришни истамади.

Қўмитанинг расмий сайти ҳам анчадан бери янгиланмаганига гувоҳ бўлдик.
Қарор тўғрисида хабар берган Норма.уз сайтига кўра, янги қарорда божхона органлари божхона чегараларидан ўтадиган товарларни божхона декларациялари тақдим этиладиган жойнинг ўзида пухта кўрикдан ўтказиши лозимлиги уқтирилганки, бу гапдан ва божхона маскани вакилининг айтганларидан “62- қарор 75-қарорда белгилаб қўйилган тартибни кучайтиради”, деган жўнгина хулосага келиш мумкин.

-1 апрелдан импорт қилинадиган товарлар учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони кўпаяди. Чегарадан кираётган товарларнинг коди, қиймати, оғирлиги ва бошқа хусусиятларига оид тўлиқ маълумотлар тақдим этилиши лозим бўлади. Хуллас, шу масалалар мукаммаллаштирилди янги қарорда, деди Фарғона водийсидаги божхона масканларидан бири ходими.

Божгир айтаётган янги талаблар Вазирлар Маҳкамаси 4 март куни қабул қилган божхонага оид яна бир қарор - 63- қарорда белгилаб қўйилди.

Ҳужжатда импорт қилинаётган товар Ўзбекистонга қандай транспорт воситасида олиб келинаётганидан келиб чиқиб, божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати келтирилган.

Товарни ҳаво транспортида олиб келувчилар 4 та, темир йўлда ташувчилар 3 та, автомашина ва сув транспортида ташувчилар 8 тадан ҳужжат тақдим этиши лозим бўлади.

Бундан ташқари божхоначилар товар эгаларидан товарнинг чет тилларда ёзилган ҳужжатларини ўзбек ёки рус тилларига таржима қилиб келишларини талаб қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2013 йилнинг 29 январида “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

Президент қарорида 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга хориждан маҳсулот келтираётган тадбиркорлар зиммасига божхона текшируви пунктлари ходимларига олиб келаётган товарларининг “номи, миқдори, оғирлиги ва юкларнинг қиймати, шунингдек, Товарлар тарифи ва кодини мувофиқлаштириш системаси асосида қўйилган кодига оид тўлиқ маълумотни тақдим этиш мажбурияти” юклатилажаги айтилган.

Президентнинг 29 январ кунги қарори тўғрисида фикр билдирган кузатувчилар 1 апрелдан бошлаб мамлакат бозорида товар тақчиллиги юзага келишини тахмин қилмоқдалар.

Бундай тахмин қарор муаллифининг ўзида ҳам йўқ эмасга ўхшайди. Чунки ҳужжатда хориждан келтирилаётган кенг истеъмол моллари импорти чеклангач, уларнинг ўрнини маҳаллий маҳсулотлар билан тўлиқ таъминлаш учун жойларда ярмаркалар ташкил қилиш режалаштирилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG