Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:37

Боткен Апқани билан Сўх Ленбурги чегараси аниқланди


Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Апқан қишлоғи билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти, Сўх туманидаги Ленбург қишлоғи ўртасидаги чегара чизиғи аниқланди.

Бу маълумотни Озодлик радиоси Қирғизистон давлат чегара хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан олди.

Бу хабар етиб келган 5 март куни сўхликлар билан қирғизистонлик чегарачилар ўртасида январнинг бошида содир бўлган можарога роппа-роса икки ой тўлди.


Қирғизистон давлат чегара хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими вакили Гулмира Бўрубаеванинг Озодликка билдиришича, Қирғизистоннинг Апқан ва Ўзбекистоннинг Ленбург қишлоқларини ажратиб турувчи ариқни баҳорги тозалаш зарурати пайдо бўлгач, апқанликлар бу масалани парламент спикери Асилбек Жээнбеков билан учрашувда кўтарган.

- Шундан сўнг, деди Гулмира Бўрубаева, биз маҳаллий ҳокимият вакиллари билан биргаликда Ўзбекистоннинг чегара хизмати ва ҳокимият вакиллари билан учрашдик ва ўша учрашувда Апқан ва Ленбург қишлоқлари ўртасидаги чегара чизиғи аниқланди.



Бўрубаева хонимга кўра, эндиликда апқанликлар чегара чизиғи бўйлаб ўтувчи тозалаш ишлари билан шуғуллана оладиган бўлди.

Апқан ва Ленбург қишлоқлари ўртасидаги чегара чизиғининг аниқлангани Ўзбекистоннинг Сўх эксклави чегаралари билан боғлиқ масаланинг кичик бир қисми, холос.

Бўрубавеанинг айтишича, Ўзбекистонга қарашли эксклав периметрининг умумий масофаси 137 километр атрофида бўлиб, шу кунгача унинг 70 фойизидагина чегара чизиғи аниқланган, қолган қисми бўйича музокаралар давом этмоқда.

Сўх экславини Ўзбекистоннинг асосий ҳудуди билан боғловчи йўллар 5 – 7 январ кунлари содир бўлган инцидентдан сўнг ёпиб қўйилган ва кейинроқ баъзи йўллар очилган эди.

Бироқ сўхликларни асосий ҳудуд билан боғловчи қулай ва қисқа Сўх – Риштон йўли ҳануз ёпиқлигича қолмоқда.

Бу йўлнинг ёпиқлигидан эксклав аҳолиси қандай муаммоларга дуч келаётгани тўғрисида 25 феврал куни батафсил хабар берган эдик.

Қирғизистон чегара хизмати вакили бу йўлнинг қачон очилажаги тўғрисида аниқ маълумот беролмади.

- Мен бу саволга жавоб беролмайман. Бу икки томонлама ҳал қилинадиган масаладир. У эртага ҳам ҳал бўлиб қолиши ёки бир неча ҳафтадан бир неча ойгача ҳам чўзилиб кетиши мумкин, деди Гулмира Бўрубаева.

Маълумки, Сўх инциденти Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳудудидаги Барак анклави аҳолиси ҳаётига ҳам таъсир қилган: бу қишлоққа ўтувчи йўлдаги чегара пунктлари ҳам ёпиқлигича қолмоқда, баракликлар Қирғизистонга яқин йўлдан эмас, Дўстлик чегара пункти орқали узоқ йўлдан қатнашга мажбур қолмоқда.

Бироқ Гулмира Бўрубаеванинг айтишича,баракликларга тез тиббий ёрдам зарурати туғилганда ёки шунга ўхшаш вазиятларда ёпиқ чегара пунктлари орқали қатнашга изн берилмоқда.

Шу йил январ ойи бошида қирғиз чегарачилари ва сўхликлар ўртасида юзага келган можародан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасидаги бир қанча назорат-ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилганди.

Мазкур пунктлар кўп ўтмай очилди, эҳтиёжманд кишиларга гуманитар ёрдамлар етказилди, чегараолди ҳудудларида яшовчи ўзбекистонлик ва қирғизистонлик оқсоқоллар эса ярашиш маросимини ҳам ўтказдилар.

Айни пайтда икки давлат расмийлари Сўх эксклави атрофидаги муаммоларни ҳал қилиш учун жаҳд қилаётганларини билдирмоқдалар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG