Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:27

Ўзбекистонда хорижий диплом ўтадими?


OzodJavobнинг бугунги сонида чет эл олийгоҳларида таълим олганлик тўғрисидаги дипломларни Ўзбекистонда тан олиш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Россиянинг Урал молия-юридик институтида ўқиётган ўзбек йигити OzodJavobга мурожаат қилиб, ўзи ўқиётган институт томонидан бериладиган дипломнинг Ўзбекистонда ўтиш-ўтмаслиги билан қизиқди:

- Ўзим ўзбекистонликман. Ўқишимни битирсам Ўзбекистонга қайтиб, молия соҳасида ишламоқчиман. Лекин ҳозир билмаяпман, бу ерда олган дипломим Ўзбекистонда ўтадими, ўтмайдими? Шуни билмоқчи эдим, дея мурожаат қилди ўзини таништирмаган ўзбекистонлик йигит.



Навбатдаги суҳбатдошимиз-исми сир сақланишини сўраган хоразмлик йигит эса Қозоғистондаги олийгоҳлардан бирида ўқийди. Уни ҳам айни савол жавоби қизиқтираяпти:

- Мен Ўзбекистон фуқароси бўламан. Чет элда ўқийманда. 4-курсман. Дипломни бу йил оламан Худо хоҳласа. Дипломатия, международное отношение соҳасида ўқийман. Ўзимизга боргандан кейин ўзимизда дипломатия соҳасида ишлай оламанми, бизнинг диплом ўтадими деб сўрамоқчи эдим. Нима қилиш керак, кимга мурожаат қилиш керак? Шуни билмаяпман. Илтимос шуни билиб беринг, дея сўради хоразмлик йигит.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан олинган маълумотга кўра, 1992 йилнинг 1 январига қадар олинган хорижий дипломлар ҳеч қандай чеклов ва муаммосиз Ўзбекистонда тан олинади. Бироқ 1992 йилнинг 1 январидан сўнг хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар фақат махсус текширувдан сўнг тан олиниши мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарорига асосан хорижий дипломларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби билан Давлат тест маркази шуғулланади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида бунинг учун махсус бошқарма- Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси ташкил қилинган.

Хориждаги умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим даргоҳларидан олинган ҳужжатларнинг барчаси фақат мазкур бошқарма текширувидан сўнг қонуний кучга эга бўлиши мумкин.

Давлат тест марказидаги исмини ошкор қилмаётганимиз мутахассисга кўра, хорижда ўқиган фуқаро ўзи яшаётган ҳудуддаги вилоят халқ таълими бошқармаларида ташкил қилинган махсус комиссияга ариза билан мурожаат қилади:

- Дипломни давлат тилига таржима қилдириб, нотариусга тасдиқлатиб топширади, паспорт ксеронусхаси билан бирга. Қолган аризаларни шу ерда тўлдиради. Кейин давлат божи тўлайди. Бир минимал оклад миқдорида, дейди мутахасис.

Шунингдек, фуқаро хориж олийгоҳида ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талабларини кўрсатиши лозим бўлади.

Фуқаронинг ҳужжатлари вилоят халқ таълимидан Тошкентга - Давлат тест марказидаги махсус бошқармага жўнатилади:

- Комиссия бор бизда. Комиссия кўриб чиқиб хулоса беради. Махсус экспертизадан ўтказади. Экспертиза натижасида бирорта фан аниқланса, масалан соатлар фарқи, фанлар фарқи фарқланадиган бўлса, ўша фанлардан комиссиянинг махсус синовига киради. Комиссия синовида ижобий баҳоланса, комиссия нострификацияга тавсия қиладиган бўлса, унга тегишли гувоҳнома ëзиб берилади. Нострификация жараëни иккита босқичдан иборатда. Биринчи ўринда ҳужжат сифатида тан олиниши. Иккинчиси унинг Ўзбекистон республикаси давлат таълим стандартларига мослигини текшириш, дейди мутахассис.

Амалдаги тартибга кўра, Давлат тест марказидаги махсус эксперт комиссияси хорижий дипломни текширишда қуйидагиларни ҳисобга олади:

1) Ўқув режалари ва дастурларининг мазмуни ҳамда мувофиқлиги;
2) Кириш синовларининг мавжудлиги;
3) Имтиҳонлар ва синовлар тизими;
4) Таълим олувчининг ўқиш давридаги баҳолари (эришган натижалари, рейтинги, ўзлаштириши);
5) Ўзлаштирилган фанлар ҳажми (фанларнинг номи ва соатлар миқдори);
амалиётнинг мавжудлиги ва унинг давомийлиги;
6) Якуний малака аттестациясининг мавжудлиги ва даражаси;
битирув малака ишининг мавжудлиги;
7) Қўшимча таълимнинг мавжудлиги.


Давлат тест марказидаги махсус комиссия кўпи билан бир ой муддатда тегишли қарорини бериши лозим.

Мутахасисга кўра, агар ўқув режалари ва таълим услубиятида фарқ бўлса фуқаро махсус синовдан ўтиши шарт.

Агар фуқаро биринчи синовдан ўта олмаса, чекланмаган миқдорда қайта-қайта синовдан ўтишга ҳақли.

Давлат тест марказининг мутахасисига кўра, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистонда тан олинмаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.

- Агар стандартларга мос келмайдиган деб хулоса берадиган бўлса комиссия, демак нострификация рад жавоби берилади. Ўзбекистон республикасининг таълимга оид қонунчилиги, белгиланган меъëрлари бор. Ўша меъëрларга мос келмайдиган бўлса, рад жавоби берилади. Масалан фанлар бизда қонунчиликда белгилаб қўйилган. Агар ўртадаги фанлар фарқи 30 фоиздан кўп бўладиган бўлса, бизда нималиги тан олинмайди. Ëки бўлмаса йил ўқиш меъëрий даври. Бизда бакалавр олиш учун 4 йил ўқиш керак. Таълим тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилган. Меъëрий давр кам бўладиган бўлса, комиссия таркибида мутахассислар ишлайди. Улар амалдаги қонунчиликка қараб текширади мослигини. Масалан меъëрий даври тўғри келмаса, Ўзбекистонда белгиланган таълим шаклида ўқилмай олинган дипломлар бўлса, шунақа ҳолатларда салбий хулоса берилади. Ўзбекистонда тан олинмайди, деди мутахасис.

Хорижий дипломларнинг Ўpбекистонда тан олинмаслик ҳолатлари кўплаб учраши ҳақида гапирган мутахасис мамлакат қонунларидан бохабар бўлишликни тавсия қилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарорида хорижий дипломнинг Ўзбекистонда тан олинмаслик ҳолатлари сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

1) Хорижий давлатларда профессионал маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври Ўзбекистон таълим стандартларида назарда тутилган даврдан бир йилдан кам бўлса;

2) Таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатда унинг эгасига Ўзбекистондагига қараганда кам академик ёки профессионал ҳуқуқлар берилган бўлса (масалан, ҳужжат эгаси олий ўқув юртларига, магистратура ёки докторантурага кириш, профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги);

3) Хориждаги таълим Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса.


Амалдаги қонунларга кўра, “Умид” жамғармаси тавсияси билан, давлатлараро битимлар асосида хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги олинган ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш тўғридан-тўғри текширувсиз амалга оширилади ва тегишли ҳужжат расмийлаштирилади.

Давлат тест марказининг мутахасисига кўра, хорижий давлатлардаги нодавлат таълим даргоҳларининг бирорта ҳам ҳужжати Ўзбекистонда тан олинмайди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг расмий сайти: www.dtm.uz
Манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Богишамол кўчаси, 12-уй.
индекс: 100202
тел.: (99871) 235-19-14
Факс: (99871) 234-71-84

Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) билан Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси шуғулланади.

Ўзбекистон қонунларига кўра, хорижий давлатларнинг олий аттестация органлари томонидан 1992 йил 1 январгача фуқароларга берилган фан доктори ва номзоди дипломлари, профессор, доцент ва катта илмий ходим шаҳодатномалари Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқий ҳисобланади.

1992 йил 1 январидан кейин хорижда олинган илмий даража эса фақат Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси томонидан нострификациялангач қонуний ҳисобланади.

Ўзбекистон Олий аттестация комиссиясида илмий даража ҳақидаги дипломларни нострификациялаш муддатлари фан доктори илмий даражаси дипломи учун 3 ойдан, фан номзоди илмий даражаси дипломи учун 2 ойдан ошмаслиги керак.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация Комиссияси (ОАК)нинг расмий сайти: www.oak.uz
Манзил: 700047, Тошкент шаҳри, Академик Яҳё Ғуломов кўчаси, 70
Тел.: (99871) 233-28-83
Факс: (99871) 233-06-47
Э-почта: info@vak.uz



Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:04 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG