Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:39

Ўзбекистонда 220 та пахта териш машинаси ишлаб чиқарилади


Тошкент трактор заводида йиғиладиган янги пахта териш машинаси
Тошкент трактор заводида йиғиладиган янги пахта териш машинаси

Тошкент трактор заводида бу йил 220 та пахта териш машинаси ишлаб чиқариш мўлжалланган. Бу машиналар тракторнинг орқасига тиркама сифатида уланади ва терим мавсумидан сўнг уни ечиб олиб қўйиш мумкин.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхатига кўра, жорий йилда Тошкент трактор заводида 220та пахта териш машинаси ишлаб чиқарилади.

Тошкент трактор заводининг конструкторлик бюроси раҳбари Исроил Усмоновнинг Озодликка айтишича, янги машиналар ўтмишдошларидан анча фарқ қилади:

- Бу машинани тракторга тез қўйиб, тез ечиб олиш мумкин. Бунда асосий мазмун нима? Масалан, махсус комбайнлар жуда қиммат бўлади ва икки ойлик терим мавсумидан бошқа пайт ишламайди. Буни эса икки ой тракторга улаб ишлатиб, кейин ечиб қўйса бўлади. Бу анча олдин лойиҳалаштирилган эди. Биз йиғишни бошладик ва биринчи намуналарни чиқардик,- дейди бош конструктор.

Бош конструкторга кўра, бу терим машиналари ўтган йилги пахта терими мавсумида синаб кўрилган ва техник кўрсатмага кўра яхши очилган пахтани 86 фоизигача териб олади:

- Тажрибадан маълум бўлдики, бу машина бир соатда ярим гектар ер пахтасини теради. Гектари 30 центнер ҳосил берадиган ер бўлса, икки соатда 3 тонна пахта териши мумкин. Бир кунда 8-12 тоннагача териши мумкин. Бу фермерга ҳар томондан қулай бўлади, - дейди Тошкент трактор заводининг конструкторлик бюроси раҳбари Исроил Усмонов.

Тошкент трактор заводи экспедиторларидан бирининг айтишича, терим агрегатининг нархи 62 миллион 100 минг сўм, трактори билан эса 110 миллион сўмдир.

Тошкент трактор заводи собиқ иттифоқ пайтида ҳар йили минглаб терим машинаси ишлаб чиқарган ва ўша пайтда бундай машиналар ишлаб чиқариш бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турган.

Бироқ Ўзбекистон мустақилликка эришгач, пахта териш машиналари ишлаб чиқариш кескин камайиб кетди ва пахта асосан қўлда териладиган бўлди.

Ўзбекистон пахта теримида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши йиллар давомида инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади.

Миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 100 дан ортиқ йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Ўтган йилда, гарчи кичик ёшдаги болалар пахта теримига жалб қилинмаган бўлса ҳам, коллеж ва университетлар талабалари, шифокорлару ўқитувчилар, ишчию хизматчилар мажбурий тарзда пахта теримига жалб қилинди.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида истиқомат қиладиган, узоқ йиллар қишлоқ хўжалигида турли лавозимларда ишлаган Мухторали Матғозиев фикрича, агар Ўзбекистон техника асрида пахта теримидаги ибтидоий усулларга қайтмасдан пахта териш машиналаридан фойдаланишни жорий қилганда эди, бундай ҳолат юз бермаган бўларди:

- Ўтган асрнинг 70-йилларида пахтани асосан машиналар терарди. Энди эса техникаларни тамоман йўқ қилиб бўлишди. Мен ҳозир бирорта фермер пахтани машинада теряпти, деган гапни эшитмадим. Масалан, ҳозир 16-18 ёшга кирган болалар пахта териш машинаси нима эканлигини ҳам билмайди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мустақиллик даврида қанча орқага кетиб қолганини билиб олса бўлади,- дейди қишлоқ хўжалиги мутахассиси.

Мухторали Матғозиевга кўра, бугунги кунда фермерлар учун пахта териш машиналари жуда ҳам керак, бироқ уларнинг бундай машиналарни сотиб олишга қурби етмайди:

- Техника деҳқонни қаноти дейишарди. Бу тўғри гап эди. Бироқ ҳозир фермерларимиз жуда хароб аҳволда. Ҳозир фермерлар йил якуни бўйича ё учма-уч бўлиб чиқяпти ёки қарзга ботяпти. Ўзининг қўл остидаги ишчиларига ҳам ойлик топиб беролмаяпти. Бундай ҳолатда у қандай 100 миллион сўмлик пахта териш машинасини сотиб ололади? Ололмайди ҳам.

Демак, агар ҳукумат қишлоқ хўжалигини кўтармоқчи бўлса бу машиналарни арзон нархда ва лизингга бериши лозим. Пахта териш машиналари фермерлар учун жуда керак, чунки у ортиқча харажатдан қутуларди ва қўл теримига сафарбар этилган талабаю студентлар, ишчию хизматчилар икки ойлаб иш-ўқишларидан қолиб овора бўлмасди,- дейди Мухторали Матғозиев.
XS
SM
MD
LG