Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:48

Швеция Олий суди TeliaSonera иши бўйича ўзбекларни тергов қилишга рухсат берди


Швеция Олий суди мамлакат ҳукуматига қарашли TeliaSonera мобил ширкати Ўзбекистонда пора бергани билан боғлиқ ишнинг Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов қилинишига рухсат берди. Швеция прокуратураси TeliaSonera Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаоларни тергов қилаётган эди, лекин жиноят мамлакат ташқарисида содир этилгани ва бу ишни Швецияда тергов қилиш билан боғлиқ юрисдикция масаласи ноаниқ қолаётган эди. Швеция Олий судининг чоршанба кунги қарори бу масалани аниқлаб берди.


Швеция Олий суди яшил чироқ берди

Швеция прокуратурасининг TeliaSonera ишини тергов қилиш ҳуқуқи тасдиқланди.



Стокҳолм минтақавий суди ўтган йил ноябрида TeliaSonera содир этгани айтилаётган пора бериш ҳолати мамлакат ташқарисида рўй бергани важидан, мазкур иш мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари юрисдикциясига кириш-кирмаслигини аниқлаш масаласини Олий судга оширган эди.

Швеция бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими терговчиси Банд Барригернинг Озодликка айтишича, Олий суд қарори билан TeliaSonera пора бериш жиноятини мамлакат ташқарисида содир этган бўлса-да, Швеция юрисдикцияси доирасида тергов қилиниши қонуний деб топилган:

- Олий суд мазкур ишнинг минтақавий судда кўриб чиқилишига рухсат берди. Яъни олий суд мазкур иш Швеция юрисдикциясига киради, дея қарор қилди, дейди Олий судда Швеция прокуратурасига вакиллик қилган прокурор Барригер.

Унинг айтишича, суд қарорига кўра, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари Швеция ташқарисидаги шахсларни ҳам мазкур жиноят иши доирасида жавобгарликка тортиши мумкин бўлади:

- Биз терговни давом эттиришимиз мумкин, жумладан Швеция ташқарисидаги шахсларни ҳам тергов қилишимиз мумкин бўлади. Яъни нафақат пора берганлар, балки порани олганларни ҳам жавобгарликка тортиш ваколати берилди, дейди Банд Барригер.

Швецияда тергов қилинаётган жиноят ишида Ўзбекистоннинг уч фуқароси Гаянэ Авакян, Беҳзод Аҳмедов ва Алишер Эргашев пора олганликда гумонланаётган шахслар экани маълум. Гулнора Каримовага яқин экани айтиладиган бу шахслар Швейцарияда ҳам пул ювиш ва пора олиш жиноятларида гумонланмоқда.

Пора олган ўзбеклар ҳам жавобгарликка тортилади

Швед прокурори мамлакат ташқарисидаги пора олганлар, деганда ким назарда тутилаётганини аниқлаштиришни истамади. Лекин Озодлик мухбирининг пора олганликда гумон қилинаётган Гаянэ Авакян, Беҳзод Аҳмедов ва Алишер Эргашев Швеция прокуратураси томонидан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинми, деган саволига “назарий жиҳатдан, ҳа”, деб жавоб берди:

- Назарий жиҳатдан, ҳа уларни жавобгарликка тортиш ҳуқуқимиз бор. Лекин ҳозир бу ҳақда гапиришнинг фурсати эмас. Биз учун асосий масала TeliaSonera эканини айтишимиз лозим, дейди прокурор.

Банд Барригер TeliaSonera ширкатидан пора олганликда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароларини қидирувга бериш истиқболлари ҳақида гапиришни истамади.
Швед прокурорлари очиқлаган имейлларга кўра TeliaSonera 2007 йилда Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринган.
Швед прокурорлари очиқлаган имейлларга кўра TeliaSonera 2007 йилда Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринган.
Швеция прокуратураси шу ой бошида Олий судга TeliaSonera Ўзбекистонда иш бошлашдан аввал Ўзбекистон президенти оиласи, хусусан Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринганига ишора қилувчи, ширкат ижрочи мулозимлари ўртасидаги имейл ёзишмаларни тақдим қилди.

Бу ёзишмаларга кўра, TeliaSonera билан Гулнора Каримова номидан ўша пайтда рақиб ширкат МТС бош директори бўлган Беҳзод Аҳмедов музокара қилган.

TeliaSonera ишини яқиндан ўрганаётган швециялик журналист, ТТ агентлиги мухбири Ола Вестерберг Швеция Олий судининг чоршанба кунги қарори мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларига, ўзбекистонликлар томонидан пора олишда воситачи сифатида ишлатилган Takilant Ltd. фирмасига қарашли активларни ҳибсга олиш ваколатини ҳам беради, дейди. Гулнора Каримова назорат қилиши айтиладиган Takilantнинг 30 миллион АҚШ долларига тенг маблағи Швецияда аллақачон ҳибсга олинган.

- Бу иш ва Takilant пулларини музлатиш масаласи Швецияда кўриб чиқилиши мумкин, деб топилди. Энди прокуратура Стокҳолм минтақавий судига Takilantнинг бошқа активларини, 2 миллиард швед кронасигача (тахминан 340 миллион АҚШ доллари) пулини музлатиш масаласини оширади. Шведларнинг бу пулларга қўли етса, албатта. Лекин назарий жиҳатдан улар Takilantнинг қўшни Швейцариядаги банк ҳисоб рақамларидан олиши мумкин. Бундан ташқари Takilant назоратида UCell мобил компаниясининг 6 фоиз улуши бор, ўшани ҳам швед прокуратураси ҳибсга олиши мумкин, дейди швед журналисти.

TeliaSonerа 2007 йил июл ойида Ўзбекистондаги Coscom уяли алоқа оператори улушларининг 74 фоизини қарийб ярим миллиард АҚШ долларига сотиб олган эди. Кейинчалик Ucell дея номи ўзгартирилган ширкатнинг 26 фоизига эгалик қилган Takilant Ltd. ширкати яна 20 фоизлик улушни 2010 йилда 320 миллион АҚШ долларига сотган.

Швеция прокуратураси очиқлаган имейл ёзишмаларига кўра, Takilant Ucell ширкатининг қолган 6 фоиз улушини ўтган йилнинг апрелида 85 миллион АҚШ долларига сотишга уринган. Лекин ўша пайтда Швецияда Ucell мобил оператори Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига ўз мижозларига оид маълумотларни бергани билан боғлиқ жанжалнинг чиқиши ортидан бу амалга ошмай қолади.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганига оид айбловлар илк бор ўтган йилнинг сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган “TeliaSonera – ўзбек иши” номли ҳужжатли филмда илгари сурилди.

Ўтган ойда швед журналистлари “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли навбатдаги суриштирув репортажини эфирга берди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:10 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG