Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:02

Қозоғистонда ўзбекистонлик 3 йўловчи ҳалок бўлди


Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россияга автобусларда боради
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россияга автобусларда боради

Жанубий Қозоғистон вилояти Қазиғурт туманида 20 декабр куни икки автобус тўқнашиб кетиб, натижада 3 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, жароҳат олган 5 киши касалхонага ётқизилган. Бундан бир неча кун олдин Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилояти ҳудудида бузилиб қолган уч автобуснинг ўзбекистонлик 270 пассажири қутқариб қолинган эди.

Қозоғистон ҳудудида юз берган ўзбекистонликлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Жанубий Қозоғистон вилояти бошқармаси матбуот хизмати вакилидан Озодлик мана бу маълумотни олди:

-Вилоятнинг Қазғурт тумани ҳудудида, “Олмаота-Термиз” автомобил йўлининг 757 километрида “Хюндай” микроавтобуси “Сетра” автобуси билан тўқнашиб кетган ва оқибатда микроавтобус ҳайдовчиси ва унинг икки пассажири ҳалок бўлган, яна 5 киши касалхонага ётқизилган, деди матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходими.

Унинг айтишича, ҳалок бўлган ва жароҳат олганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларидир.

Бироқ бошқарма матбуот хизмати ходими 20 декабр куни эрталаб соат 7 атрофида юз берган авария қурбонларининг исм-фамилияларини айтиб беролмади.
Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Жанубий Қозоғистон вилояти бошқармаси матбуот хизмати вакили.

Қазиғурт тумани ҳудудида юз берган ва 3 ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган авария ўзбекистонликлар билан боғлиқ Қозоғистон ҳудудида юз берган энг сўнгги авариядир.

Бундан бир ҳафта муқаддам, 14 декабр куни Қизил Ўрда вилояти, Қазали тумани ҳудудида, Шимкент-Самара автомобил йўлининг Ақсаут аҳоли пунктидан ўтувчи қисмида ўзбекистонлик 93 йўловчини олиб кетаётган “Сетра” автобуси бузилиб қолган ва пассажирларни Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари Ақсаутдаги 100-мактабга эвакуация қилгани хабар қилинган эди.

Ақсаутдагига ўхшаш воқеа эртасига, 15 декабр куни Қизил Ўрда вилоятининг Орол (Аральск) туманида, Шимкент-Самара автомобил йўлининг 70 километрида содир бўлди: 180 пассажирни олиб кетаётган икки автобус бузилиб қолди.

Ҳодиса юз берган жой яқинидаги “Ақжўл” ва “Саяхат” кафеларига эвакуация қилинган 180 йўловчи ҳам Ўзбекистон фуқаролари эканлиги хабар қилинди.
14 декабр кунги воқеада ҳам, 15 декабрдагисида ҳам қурбон берилмагани айтилди.

Сўнгги жумла – қаторасига икки кун давомида ўзбекистонлик 273 йўловчи тушган 3 автобуснинг бузилиб қолгани тўғрисидаги хабарнинг энг ёруғ қисми.

Бироқ кўпи билан 50 киши ўтириб кетишига мўжалланган автобусда икки баравар кўп йўловчининг Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга етиб олишини тасаввур қилишнинг ўзи, юмшоқроқ айтганда, қийин.

Тасаввур қилиш қийин, лекин қандай бўлишини кўриш мумкин.

Ўтган йилнинг сентябрида Россиянинг НТВ телеканали мана бу сюжетни қўл телефонига яширин туширган эди. Сюжет 49 кишига мўлжалланган “Икарус”га 134 йўловчининг “тиқилгани” тўғрисида.
XS
SM
MD
LG