Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Чиқиш визаси муддати тугади - жазо қандай?


OzodJavob Форумига келган саволларнинг аксари чиқиш визаси билан боғлиқ ҳолатларга доир бўлгани учун бу сафар ана шу мавзуга оид жавобларни излашга қарор қилдик.


Чиқиш виза муддати тугагани учун жазо йўқ

“Чет элда юрган пайти чиқиш визанинг муддати ўтиб кетса нима бўлади? Ўзбекистонга қайтиб бориш хавфли эмасми? Қандай жазо бериши мумкин? Бу саволлар четда юрган жуда кўпчиликни қизиқтиради. Илтимос шу саволларга жавоб берсангиз” дея сўради исмини ёзмаган ўзбекистонлик фуқаро.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон фуқароси хориждалиги пайтида чиқиш визасининг муддати ўтиб кетган тақдирида қонунда ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган.

“Чиқиш виза олиб бирор давлатга борган фуқаро фақат ўша давлатнинг ўзида юрса ва бу пайтда унинг чиқиш визасининг муддати ўтиб кетса, бу ерда ҳеч қандай жиноят йўқ. Дейлик, фуқаро чиқиш виза олгач Кипрга саёҳат қилди. Ўша ерда юрган пайти чиқиш визасининг муддати ўтиб кетди. Бундай ҳолатда фуқаро Ўзбекистонга бемалол қайтиш ҳуқуқига эга. У Ўзбекистонга кираётган пайти унинг чиқиш визасининг муддати ўтгани учун ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу нормал ҳолат. Қонунда бунга қарши ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган”, деди Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.



Чиқиш визасиз саёҳат қилиш учун маъмурий жазо

Лекин суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон фуқаросига берилган чиқиш визасининг муддати ўтган вақтда у борган давлатидан бошқа давлатга саёҳат қилса, бу маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

“Фуқаро хорижда юрган пайти унинг паспортидаги чет элга бориш учун рухсат ёзуви ёпиштириладиган стикери (чиқиш визаси)нинг муддати ўтиб кетса ва бу пайтда фуқаро бошқа бир хориж давлатига саёҳат қилса, у маъмурий жавобгарликка жалб қилиниши мумкин. Масалан, фуқаро Кипрда пайти стикернинг муддати ўтганига қарамай, Буюк Британияга саёҳат қилди. Бу мумкин эмас. Шунингдек, фуқаро чиқиш визасиз хорижга саёҳат қилса ҳам маъмурий жавобгарлик кўзда тутилади. Бу ҳолатларда фуқаро жаримага тортилади ёки унинг хорижга чиқишига тақиқ қўйилиши мумкин. Жарима ҳар бир фуқарога индивидуал белгиланади. У қанча марта муддати ўтган стикер (чиқиш визаси) билан саёҳат қилгани инобатга олинади. Хорижга чиқиш тақиқи ҳам турлича бўлиши мумкин. Уч йилдан беш йилгача хорижга чиқиш учун тақиқ қўйилиши мумкин”, деди Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Чиқиш визаси олиш тартиби

Ўзбекистон Вазирлар Махкамасининг 1995 йилнинг 6 январидаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартиби ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 8-сонли Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлатларга, шунингдек, қўшни давлатлар: Тожикистон ва Туркманистонга боришлари учун чет элга бориш учун рухсат ёзуви ёпиштириладиган стикер (чиқиш визаси)ни расмийлаштиришлари шарт ҳисобланади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида ёзилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги Ҳукуматлараро шартномага асосан Қиргизистонга 60 кундан ортиқ муддатга бораётган фуқаролар ҳам чет элга бориш учун рухсат бериш ёзуви стикери (чиқиш визаси)ни расмийлаштирадилар.

Вазирлик сайтидаги маълумотга кўра, чет элга вақтинча бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари белгиланган шаклдаги 2 нусхада тўлдирилган ариза-анкета, паспорт, 35 Х 45 мм хажмдаги 4 дона (Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар учун 5 дона) фотосурат, давлат божи тўлаганлиги ҳақидаги чиптани тақдим этган ҳолда доимий рўйхатдан ўтган жойидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қиладилар.

Хужжатлар 15 кун ичида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, фуқаронинг паспортига 2 йил давомида амал қилувчи хорижга чиқиш учун рухсат бериш ёзуви ёпиштириладиган стикер (чиқиш визаси) расмийлаштириб берилади.

Икки йиллик муддат давомида фуқаролар ички ишлар идораларига қайта мурожаат қилмасдан бир неча бор чет элга боришлари мумкин.

Чиқиш визасини беришдаги чекловлар

"Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартиби ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарорига кўра, қуйидаги сабаблар чет элга бориш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин:

а) агар шахс давлат сири ҳисобланган маълумотлардан воқиф бўлса ёки унинг чет элга боришига монелик қилувчи бошқа шартнома, контракт мажбуриятлари амалда бўлса — бу ҳолатларнинг амал қилиши тугагунга қадар;

б) агар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса — иш бўйича якуний қарор қабул қилингунга қадар;

в) агар шахс суднинг ҳукми билан алоҳида хавфли рецидивист деб тан олинган ёки ички ишлар органларининг маъмурий назорати остида бўлса — судланганлик бекор қилинмагун (олиб ташланмагун)га қадар ёки назорат қилиш тўхтатилгунгача;

г) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса — мажбуриятлар ижро этилгунга қадар;

д) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни берган бўлса;

е) агар судда шахсга нисбатан фуқаролик даъвоси қўзғатилган бўлса — иш кўриб чиқилгунга қадар;

ж) агар шахс чақириқ участкасида рўйхатга олинган ва ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлса — ҳақиқий муддатли хизматни ёки сафарбарлик чақируви захирасидаги хизматни ўтагунга қадар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундан озод қилингунга қадар;

з) агар шахсга нисбатан Ички ишлар вазирлигида ёки Ташқи ишлар вазирлигида ваколатли органларнинг ушбу шахснинг чет элда бўлган вақтда келган мамлакати қонунларини бузганлиги (қонун бузилишлари рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) тўғрисидаги ахбороти, шунингдек бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган ахбороти мавжуд бўлса — ахборот ҳисобга олинган кундан бошлаб икки йил ўтгунга қадар.

Ўзбекистондаги айрим ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистлар юқорида кўрсатилган сабаблардан ҳоли бўлса ҳам чиқиш виза берилмайдиган фуқаролар рўйхатига киритилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:45 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG