Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:39

Москвада ўзбекистонликларни асоратда тутганлар қўйиб юборилган


Узоқ йиллик асоратдан озод бўлган Боқия Қосимова (ч.) ва Лайло Аширова (ў).
Узоқ йиллик асоратдан озод бўлган Боқия Қосимова (ч.) ва Лайло Аширова (ў).

Москвадаги дўкони ертўласида марказий осиёлик қуллар сақлангани юзасидан жиноий иш очилди. Бироқ тергов ҳанузгача “айбланувчилар” аниқланмаганини айтмоқда.

Қулдор ким?

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳар Преображенский туман бошқармаси қозоғистонлик эр-хотинга қарашли озиқ-овқат дўконида марказий осиёлик мигрантларнинг бир неча йил давомида ноқонуний равишда ушлаб турилгани юзасидан жиноий иш қўзғатди.

Бу хабарни Озодликка етказган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова бир гуруҳ мигрантларни қулликда ушлаб турган дўкон эгалари аниқ бўлишига қарамасдан, терговчилар “аниқланмаган шахслар”га нисбатан жиноий иш қўзғатганини айтади.

“Тергов қўмитасининг Россия Жиноят Кодекси 127-моддаси, яъни “қонунга зид равишда шахсни озодликдан маҳрум қилиш” бўйича жиноий иш очганидан норозимиз”, дейди Озодликка Анастасия Денисова.

- Биз бу вазиятга мос келаётган 127.2 -модда (қуллар меҳнатидан фойдаланиш) асосида жиноий иш очилишини талаб қиламиз. Энг ажабланарлиси – иш “аниқланмаган шахслар”га нисбатан очилган! Ахир дўкон эгалари бўлган эр-хотин барча изларни йўқ қилиб юбориши, озодликка чиқарилганларни қўрқитиши ёки умуман қочиб кетиши мумкин. Кеча бу эр-хотин қулдорлар сўроқ қилиниб, қўйиб юборилибди, дейди Анастасия.

Анастасия Денисованинг Озодликка айтишича, дўкон ертўласида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган 12 киши озод қилинган.

- У ерда ҳақиқатан Ўзбекистон ва Қозоғистондан келган бир неча киши - 5 нафар аёл, 4 нафар эркак чиқарилди. Ундан ташқари яна 3 нафар 4 ойли, бири 4 ёшли ва яна бири 5 ёшли бўлган ёш бола қулликдан озод этилди. Яна бир аёлнинг қаерда яширилганини биз аниқлашда давом этамиз, дейди “Фуқаровий кўмак” қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова.

Озодликка чиқарилган одамларнинг айтишича, дўкон хўжайинлари – Қозоғистон фуқаролари - одамларни мажбурлаб ишлатган, калтаклаган, аёлларни эса зўрлаган. Уларнинг баъзилари шу вақт мобайнида болали бўлган.


"Биз қулдек ишлардик..."

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларига кўра, ҳозирча Лайло Аширова ва Боқия Қосимовалар жабрланувчи, деб тан олинди.

Озод этилганидан кейин журналистлар олдида қилган чиқишида бу аёллар узоқ йиллар давомида Москванинг Голяново туманида жойлашган ва қозоғистонлик тадбиркор эр-хотин Сакен Муздибаев ва Жансулу Истанбековаларга тегишли бўлган озиқ-овқат дўконида қулликда сақланганини маълум қилди.

Тошкент вилоятидан 2002 йилда алдов билан олиб келинган Лайло Аширова 10 йил давомида дўкон ертўласида яшагани ва бирор тийин иш ҳақи олмаганини гапиради.

- Шу 10 йил давомида биз улар айтган ҳар қандай ишни бажариб келдик: "пол юв" деса, пол ювардик, юк таширдик, ваҳоланки, Қозоғистон орқали келаётганимизда у оғир иш буюрмаслиги, 8 дан 8 гача ишлашимизни ваъда қилганди. Кассада ишлардик. Бизнинг ҳолатимиздан туман полиция участка нозирларининг хабари бор эди. Менимча, улар бунинг учун пора оларди, чунки бирор сабаб билан келган полициячиларга моддий таъминлаб турганини ўзим кўргандим, дейди 26 ёшли ўзбекистонлик Лайло Аширова.

Матбуот анжуманида аёллар бир неча маротаба қочишга урингани, бироқ маҳаллий полиция ходимлари ёрдамида ортга қайтарилгани ва қаттиқ дўппосланганини маълум қилишди.

Яна бир жарбрланган – 35 ёшли ўзбекистонлик Боқия Қосимова арзимас баҳоналар билан дўкон эгаси Жансулу Истанбекова томонидан калтаклангани ва турли жазоларга маҳкум этилганини маълум қилди.

Аниқланишича, Москвада Бақия бир ўғил ва бир қизни туққан, бироқ болалар дўкон эгаси томонидан тортиб олинган ва Қозоғистонга олиб кетилган.

- 2003 йилда туғилган қизчамни у тортиб олди ва ўзи болани туғруқхонадан олиб кетди. Ярим йил давомида мен болани бир-икки маротаба кўрдим, холос. 6 ойдан кейин қизчамни Қозоғистонга жўнатиб юборибди. 3 йилдан кейин у менга қизча ўлиб қолганини маълум қилди. “Касал бўлиб қолди”, деди. Бир танишимизга эса “Болани сигир туртвориб, ўлдириб қўйди”, дебди, дейди ўзбекистонлик Боқия Қосимова.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти мутахассислари бу аёллар дўкон ертуласида доимий равишда зўрланиб келинган бўлиши мумкинлиги, бироқ аҳлоқий нормалар нуқтаи назаридан бу ҳодиса тафсилотлари очиқланмаслигини гапиришди.

2012 йил 30 октябрь куни Россия Федерацияси Тергов Қўмитасининг сайтида Москванинг Новосибирская кўчасида жойлашган дўкондан 2006 ва 2007 йилда туғилган болаларнинг ўғирланиши бўйича текширув олиб борилаётгани ҳақида қилинди. Жабрланган аёллар берган аризада айтилишича, улар дўкон ертўласида 10 йил давомида ноқонуний равишда ушлаб турилган.

Қулликда сақланаётганларни озод қилишга бир гуруҳ кўнгилли ёшлар ва жамоатчилик фаоллари киришди.

Кўнгиллилар ва тележурналистлар Новосибирская кўчасидаги дўконга ёпирилиб кириши тасвири Интернетда энг кўп кўрилган видеороликка айланди.




Одамларни озод қилишда қатнашган кўнгиллилардан бирининг айтишича, бу ердаги аёлларнинг баъзилари 10 йилдан кўпроқ вақт давомида умрини ўтказиб, бирор марта ҳам кўчага чиқмаган.

Озодликка чиқарилган Лайло Аширова журналистларга 10 йил давомида Москвада яшаб, Кремл ва Қизил майдонни кўрмагани, лекин Ўзбекистонга кетишдан олдин албатта у ерларни зиёрат қилишини билдирди.

Озод этилган мигрантлардан олинган маълумотларга кўра, дўконда зўрлик билан ушлаб турилган қизлардан камида биттаси вафот этган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари яна бир аёл ва унинг иккита фарзанди ҳаёти юзасидан хавотир билдирмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан Россия ҳуқуқ тартибот идораларига махсус илтимоснома юборди.

Ўзбекистон элчихонаси одатдагидек бу масалага оид бирор муносабат билдирганича йўқ.
XS
SM
MD
LG