Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:48

Бўлғуси рассомлар яланғоч аëл расмини чизмайди


Таниқли суратчи Макс Пенсонга оид бу расмда музейга ташриф буюрган ўзбеклар акс этган.
Таниқли суратчи Макс Пенсонга оид бу расмда музейга ташриф буюрган ўзбеклар акс этган.

Ўзбекистондаги тасвирий санъат билим юртларида яланғоч натура чизмаслик борасида тавсия берилмоқда.

Рассомлик коллежларида шу кунларда талабалар яланғоч натура (яланғоч тарзда ўтирган аëл ёки эркакнинг тиригига қараб-таҳр.) расмини чизиш машғулотлари бекор қилинди.

Бу маълумотни бизга етказган Ўзбекистон рассомлик ва дизайн институтининг собиқ ўқитувчиси, ҳозир АҚШда яшаëтган Сергей Игнатьев ўзининг Тошкентдаги талабалари айтганига таяниб, Тошкент рассомлик ва дизайн институтида ҳам яланғоч аëлларни натурага қараб чизиш машғулотларига барҳам берилганини айтди:

- Институтдаги катта курсларга яланғоч аëлга қараб расм чизишни тақиқлаб қўйишибди, дейди рассом Сергей Игнатьев.

Айни пайтда, Ўзбекистон рассомлик ва дизайн институтининг Озодлик билан гаплашган мутасаддиси талабаларнинг яланғоч аëллар суратини чизишни тақозо қиладиган машғулотларга буткул барҳам берилмаганлигини айтди:

- Бунақа дарслар ҳали бор. Европа курсларида яланғоч натура чизиш машғулотлари давом этмоқда, дейди олийгох вакили.

Рассом Сергей Игнатьев эса мулозим гапига аниқлик киритиб, рассомлик институтида тирик натура эмас балки маникенлар (қўғирчоқлар) сурати чизилаëтганини айтади:

- Бу мутлақ маразмдан бошқа нарса эмас, дейди рассом.

Бир ўқ билан икки қуëн

Немис рассоми Эрнст Людвиг Киршнернинг "Ҳаммомдаги уч ялонғоч қиз" асари ҳам Ўзбекистон музейларида осилмаган бўларди.
Немис рассоми Эрнст Людвиг Киршнернинг "Ҳаммомдаги уч ялонғоч қиз" асари ҳам Ўзбекистон музейларида осилмаган бўларди.
Ўзбекистонлик рассом Даврон Йўлдошевга кўра, яланғоч натура чизиш машқларини йўқ қилган санъат коллежлари ва олийгохлар бир ўқ билан икки қуëнни уришган.

- Яланғоч бўлиб туриб берадиган аëлни топиш машаққат, яна унга пул ҳам тўлаш керак. Бу машғулотлар йўқ қилинганидан кейин пул тежалади ва ўзбек менталитетига риоя қилинадиган бўлди, дейди рассом.

Ўз вақтида Бенков номли Тошкент Рассомчилик билим юртида ва Москвадаги Суриков номли Рассомчилик академиясида яланғоч натураларни муттасил чизиб рассомлик машқини олган Даврон Йўлдошев бундай дарсларни бўлғуси рассомлар учун зарур предмет деб билади:

- Инсон анатомиясини билиш учун рассом одам танасини либослардан ҳоли тарзда диққат билан кўздан кечирмоғи керак. Танани ўрганмасдан туриб, гавда тасвирини чизиш мушкул. Шу боис бундай дарслар зарур деб биламан.

Рассом Эрон Ислом Республикаси пойтахти Теҳрон Рассомчилик академиясига борганида шундай ҳолатга дуч келганини айтади:

- Теҳронда яланғоч натура чизиш ўқув дастурида мутлақо йўқ экан. Улар минатюра чизиш йўлидан боришгани боис шундай йўлни тутишган, дейди Даврон Йўлдошев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:45 0:00
Бевосита линк


Ренуар ҳам тақиқ остида

Айни пайтда Ўзбекистондаги кўргазмалардан яланғоч аëллар суратлари бадарға бўлгани кузатилмоқда.

Рассом Даврон Йўлдошевнинг айтишича, кўргазмаларда яланғоч қизлар сурати осилмай қўйгани ëзилмаган таъқиқлар билан боғлиқ.

Сергей Игнатьев эса Ўзбекистонда нафақат замонавий рассомлар, балки Ренуар каби классик рассомлар асарлари ҳам исталмаганлар сафидан ўрин олганини айтади.

Ўзбекистонлик рассом Янис Салпинкидининг “Ўтлоқдаги уч яланғоч соҳибжамол” асари Тошкентдаги кўргазма залидан олиб ташлангани Сергей Игнатьев фикрини исбот қилади.

Салпинкиди асарларида акс этган бўлиқ гавдали яланғоч аëллар Ўзбекистондаги миллий воқеликка зид, дейди ўз исмини айтишни истамаган Тошкентлик мунаққид.

Рассом Давронбек Йўлдошев билан суҳбатни тўла тарзда мана бу ерда тинглаш мумкин.
XS
SM
MD
LG