Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:58

Тожикистонлик мадҳиячи Путинга янги қўшиқ бағишлади


Толибжон Қурбонхоновнинг “Юбилей муборак, жаноб президент” клипидан лавҳа.
Толибжон Қурбонхоновнинг “Юбилей муборак, жаноб президент” клипидан лавҳа.

Тожикистонлик қўшиқчи Толибжон Қурбонхонов Россия президенти Владимир Путинга бағишлаб навбатдаги “Юбилей муборак, жаноб президент” деб номланган қўшиғини эълон қилди.

Асли Тожикистондан бўлишига қарамасдан, айнан Рунетда ўзининг мадҳиялари билан ном қозониб бораётган Толибжон Қурбонхонов севимли шахси – Владимир Путиннинг 60 йиллик юбилейига бағишлаб яна бир қўшиқ ҳадя этди.

Владимир Путин ҳокимиятига қарши 15 сентябрда уюштирилиши режалаштирилаётган Россия мухолифатининг оммавий норозилик чиқиши олдидан “Юбилейингиз муборак, жаноб президент” қўшиғи Путинга қарши бўлганларга “совға” ўлароқ тақдим этилди.

YOUTUBE порталида эълон қилинган қўшиққа Толибжон қуйидаги “дил сўзларини” илова қилди:

“7 октябрда оппозиция митингга чақираяпти, Толибжон Қурбонхонов эса амалдаги Россия президенти Владимир Путин юбилейини янги қўшиғи остида бутун мамлакат бўйлаб нишонлашга чақирмоқда! Бир ижрочининг бирданига учта қўшиғи бир кишига бағишлангани – бу юксак рекорд. Туғилган кунингиз муборак, жаноб президент!” деб ўзи ҳам қандай қилиб бир кишига учта қўшиқ бағишлаш мумкинлигига қойил қолади Толибжон.



Қўшиқ мазмунига келадиган бўлсак, у саёзлиги ва бадиятдан ҳолилиги билан олдингиларидан унчалик фарқ қилмайди.

"07.10.52 йил//Буюк шаҳар Ленинград,//Оддий она Мария Владимирни туғди,//
Унинг ҳатто тушига кирмабди... У бу оламдаги барча чўққиларни забт этди,//оиласи,//Россия учун жавобгардир,//Ахир у тарихнинг бир қисмидир!" каби сўзлар йиғиндиси янги қўшиқнинг мисра-қаторларини ташкил қилади

Ўз клипида эндиликда Санкт-Петербургнинг кўчаларию иншоотлари олдида қора кўзойнак тақиб, "кумир"ининг 60 га тўлаётганидан севиниб, хиром айлаётган Толибжонов президентни ҳурмат қилиш кераклигини бундай тушунтиради:

"Давлат раҳбарига ҳурмат – бу Она Россияга кўрсатилган ҳурматдир! Уни мендек ҳурмат қилинг! Уни ҳурмат қил Россия!" дея барчани Путинни ҳурмат қилишга чорлайди мадҳ устаси.

Ўз қўшиқларида Путинни жон-жаҳди билан учинчи маротаба кўкларга кўтараётган Толибжон Қурбонхонов ҳозирга қадар Россия президенти аппарати томонидан бирор гилам ёки бошқа оддийроқ совға билан ҳам тақдирланмаган, лекин у тўрт-беш карра “Путин мадҳиячиси” унвонига сазовор бўлиш фикридан воз кечишни хаёлига ҳам келтираётгани йўқ.

Тожикистонлик менестрел Толибжонниннг “ВВП” деб номланган биринчи қўшиғи Россияда мунозараларга сабаб бўлганига қарамасдан, YouTubе порталида бир ойда 1,5 миллион одам томонидан мазза қилиб томоша қилинган эди. Интернетни “портлатиб” юборган иккинчи мадҳия эса “Худойим, Владимир учун ўзингга шукр!” деб номланган эди.

Кузатувчилар Қурбонхоновнинг навбатдаги қўшиғи Россия президенти Владимир Путиннинг пастлаб кетган рейтингига рейтинг қўшиб бораётганини таъкидламоқдалар. Путиннинг айрим тарафдорлари эса ҳатто очиқчасига тожикистонлик қўшиқчига Россия президентига мухолиф бўлган кучлар ҳомийлик қилаётганини иддао қилмоқда.

Айтиш жоизки, бу Владимир Путинга бағишланган ягона қўшиқ эмас: YouTubе порталида Қурбонхоновнинг қўшиқларига қатор жавоблар ҳам пайдо бўлди.

Хусусан, Москвада ҳарбий десантчилар томонидан тузилган мусиқа гуруҳи Қурбонхоновдан бошқачароқ қарашга эга эканини билдиришди. Улар ўз фикрини эркин билдирган россияликларни “маймун-одамларга” ўхшатган Владимир Путинга бошқа қўшиқ бағишладилар: “Сен оддий амалдор,//На подшоҳ ва на Худосан,//Сен учун одам - эси пас “бандерлог”.//Сен менга ўхшаган оддий одамсан,//Мен сенга ўхшаган оддий одам – лох эмасман”.
XS
SM
MD
LG