Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:39

Тожик чекистлари 13 яшар ўзбек болакайни жосусликда айблади


Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг тожик томонидаги футбол ўйинини мобил телефонига ëзиб олган бекободлик 13 яшар Юсуфжон¸ Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилганликда айбланди.

Шу йилнинг 15 июнида содир бўлган бу воқеа ҳақида 20 август куни хабар берган 12.uz нашрига кўра¸ Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг 10 нафар мулозими Ўзбекистон ҳудудига ўтиб¸ чегара яқинидаги маҳаллада яшовчи Соҳиба опа уйига бостириб кириб¸ унинг 6-синфда ўқийдиган ўғли Юсуфжонни ушлаб олиб чиқиб кетган.

Пировардида қўйиб юборилган Юсуфжон тожик чекистлари тарафидан Ўзбекистон фойдасига жосусликда айбланган.


Ишқибозлик оқибати

Бекободдаги маҳаллий газетанинг исми айтилиши ва овози ëзилишини истамаган журналисти Озодлик билан суҳбатда бу воқеага ойдинлик киритди.

Суҳбатдошга кўра¸ 13 яшар Юсуфжон чегаранинг Тожикистон тарафида футбол ўйнаëтган тожик чегарачиларини қўл телефонида суратга олган.

Юсуфжоннинг бу ҳаракатини тожик чекистлари Тожикистоннинг стратегик ҳудудларини суратга тушириш орқали жосуслик амалини содир қилганлик¸ деб малакалашган.

12.uz газетасига кўра¸ тожик футболчиларидан бири рақибини чалиб йиқитганида шовқин-сурон чиққан ва бу томошани Ўзбекистон фуқароси Юсуфжон ўз телефонида муҳрлашга шошилганини ëзди.

Айни нашрга кўра¸ 20 яшар Ўзбекистон фуқароси Охунжон Ғаниев ҳам бу “футбол мусобақа”сини суратга олгани боис тожик чекистлари тарафидан ушлаб олиб кетилган.

Воқеадан хабардор бекободлик журналистнинг Озодликка айтишича¸ ҳар иккала Ўзбекистон фуқароси қўл телефонлари Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мулозимлари тарафидан мусодара қилинган.

Тожикистоннинг Нов шаҳридаги Озодлик мухбири Маъсумжон Имомовга кўра¸ бу икки “футбол ишқибози” осон қутулишган.

- Улар осон қутулишибди. Кўп ҳолларда жосусликда айбланганлар қамаб қўйилади. Кейинги пайтларда бир-бировни жосусликда айблаш икки қўшни давлат ўртасида анча урчиди. Икки давлат ораси совуқлашгани баробарида жосус-жосус ўйинлари ҳам кўпаймоқда¸ дейди бу суҳбатдош.

Тожикистон Миллий хавфсизлик хизмати бу каби ҳодисаларни изоҳламасликни маъқул кўради¸ деб гапини якунлади Новдаги Озодлик мухбири Маъсумжон Имомов.


Жосус-жосус ўйини

Бекободнинг Тожикистонга энг яқин “Плотина” маҳалласида яшовчи Собиржонга кўра¸ кейинги 10 йил мобайнида Ўзбекистон ҳудудида қўшни тожик махфий хизматлари фаоллигининг ошгани яққол кўринмоқда:

- Чегарадан бемалол ўтиб кечиб юришибди. Чегара бўйида халқ орасида ëзувчи деб аталган хуфиялар бор¸ улар сизнинг гап-сўзингизни махсус эшитиб юришади.

Ҳозир Бекободда қўшни тожикистонликлар квартиралар сотиб олишмоқда. Квартира нархлари ҳам ошиб кетди¸ дер экан суҳбатдош бу квартираларнинг тожик жосусларига оид эканини иддао қилади.

Жорий йилнинг 14 апрелида Бекобод шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон чегара қўшинлари қўмондонларининг учрашуви бўлиб ўтган эди.

Бу учрашувда икки томон ҳам “чегарани қўриқлашда барқарорликни сақлаш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш” йўналишида ҳамкорликни кучайтириш борасида бир тўхтамга келганлиги ҳақида хабар қилинган эди.

Аммо бу келишув икки ўртадаги ишонч муҳитини ярата олмади¸ дейди Бекободдаги маҳаллий газета журналисти.

Бекобод шаҳрига Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 10 нафар ходимининг кириб¸ Ўзбекистон фуқароларини ушлаш ҳодисаси халқаро ҳуқуққа кўра¸ "давлат суверинететига тажовуз" дея малакаланади.

Озодлик мухбири бу юзадан изоҳ сўраб Ўзбекистон Миллий хавфсилик хизмати матбуот вакили Олимжон Тўрақуловга мурожаат қилди.

МХХ расмийси бу воқеани инкор қилмаган ҳолда¸ унга изоҳ бермасликни маъқул кўрди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:42 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG