Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:36

"Роғун қурилиши яширинча давом этмоқда"


Ўзбекистон расмий агентлиги эълон қилган мақолада¸ ана шундай иддао илгари сурилади.


13 июл куни ЎзА ахборот агентлиги Тожикистон ҳукуматини танқид қилиб, катта мақола эълон қилди.

Ушбу мақолада, Роғун ГЭСи хавфсизлик даражасини ўрганиш бўйича Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси иштирокидаги халқаро комиссия текширувлари тугамасдан, Тожикистон томони Роғун ГЭСи атрофида яширин тарзда қурилишларни давом эттираётганини иддао қилади.

Мақолада расмий Тошкент Роғун лойиҳаси атрофида бир қанча хавотирларини билдирган.


Хавфсизлик хавотирлар


ЎзА иддао қилишича, Тожикистонда ўртача ҳар тўрт йилда бир марта кучли ва ҳар 10-15 йилда бир марта талофатли зилзила бўлиб туради.

Роғун қурилиши 80 миллион куб метр тупроқ кўчкисига сабаб бўлади. Сув омбори ҳавзасида 14 миллиард тонна сув босими пайдо қилади.

Агар Роғун ГЭСи тўғонида бузилиш пайдо бўлса, сув тўфони 100 метр баландликдаги ва 500 километр соат тезликдаги цунамига айланиб, Вахш дарёси ўзанидаги Нурек ва бошқа бир қанча ГЭСларни ювиб юборади, Нурек, Сарбон, Қўрғонтепа ва Румий шаҳарларини сув босади.


Экологик хавотирлар

Амударёнинг қуйи қисмида жойлашган давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кучли қурғоқчилик, ўта талофатли қишки сув тошқинлари кузатилиши мумкин.

Қурғоқчилик натижасида миллионлаб одамлар ўзлари яшаб турган жойларни ташлаб, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлишади.

Иқтисодий зарарлар

ЎзА таъкидлашича, Роғун ГЭСи агар ишга тушадиган бўлса, Ўзбекистонга келадиган иқтисодий зарарлар миқдори 20 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин.

Роғун ГЭСи атрофидаги қурилишлар тўхтатилсин!

ЎзА мақоласида айтилишича, Ўзбекистоннинг эътирози асосида, Роғун ГЭСини текшириш учун халқаро ташкилотлар иштирокида гуруҳ тузилган.

Гуруҳ ўз тадқиқотларини 2013 йилнинг биринчи кварталида тугатгунга қадар, Тожикистон Роғун ГЭСи атрофидаги қурилиш ишларини мутлақо тўхтатиши лозим эди.

Бироқ ЎзАнинг эътирофича, Тожикистон яширин тарзда ушбу қурилиш ишларини нафақат тўхтатмаган, балки жадаллаштирган.

Аҳолига Роғун ГЭСи қурилишини таъминлаш мақсадида мажбурий тарзда акциялар сотиш давом этмоқда.

Ушбу мақолада, Ўзбекистон томони Тожикистондан ГЭС атрофидаги барча қурилиш ишларини мутлақ тўхтатилишини талаб қилади.

“Ўзбекистон томони келтирган ушбу хавотирлар қанчалик асосли?” деган савол билан ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповга мурожаат қилдик.

- Мақолада келтирилган рақамлар ҳисоб-китоб қилинган бўлиши мумкин. Шунингдек, айтилган хавфсизлик масалаларига ҳам эътироз билдириш қийин бўлади. Аслида, бу ерда келтирилган таҳдидлардан қатъий назар, иккала давлат – Ўзбекистон ва Тожикистон, боши берк кўчага кириб қолди деб ўйлайман. Иккала давлат қўллаётган стратегия ечимни бермайди.

Озодлик: Сиз айтган фикрлардан келиб чиқиб, ҳозирдан Роғун лойиҳасининг нима билан тугашини тахмин қилиш мумкинми?

- Менимча, Роғун ГЭСи фаолиятини ўрганиш бўйича халқаро комиссия, нуфузли халқаро ташкилотлар ходимларидан ташкил топганлиги боис, бир томоннинг ёнини олмасдан, дипломатик - нейтрал позицияда туриб баҳо беришга ҳаракат қилади. Бундан эса на Тожикистон, на Ўзбекистон қониқмайди.

Озодлик: Бу яқин йиллар ичида Роғун муаммоси ўз ечимини топмайди деб хулоса қилиш мумкинми?

- Йўқ, бундай хулоса қилиб бўлмайди. Ечим битта нозик масалага бориб тақалади. Бу масалани, ҳалқаро даражага кўтармасдан, икки томонлама олий даражада ва экспертлар даражасида ҳал қилиш мумкин бўлади. Бунинг учун, албатта, сиёсий ирода керак холос.

Эртами-кечми топилса, бу техникавий ечим бўлади. Яъни, ГЭС қурилиши ва иншоотларни техникавий масала деймиз. Уни қандай қуриш мафкуравий масала эмас, техникавий масала. Техникавий ечим топилар экан, бунинг учун икки давлатнинг энг юқори даражасида сиёсий ирода, очиқлик ва ишонч пайдо бўлиши керак.
XS
SM
MD
LG