Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Ўзбекистонда ҳар ўн одамнинг бири тўйиб овқатланмайди


Ўз сўнгги ҳисоботида шундай рақамни келтирган Economist Intelligence Unit иқтисодий таҳлил марказининг 105 давлатдаги аҳвол таҳлил қилинган "Озиқ-овқат хавфсизлиги индекси"да Ўзбекистон 72-ўринга қўйилди.

Ўзбекистонда одамларнинг ўртача кундалик овқатланиш рациони керакли нормадан 180 калория камдир.

Шунга қарамай¸ озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги рейтингда Ўзбекистонга 100 баллик шкала бўйича 93.9 балл берилган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти нормасига кўра, бир одам кунига ўрта ҳисобда 1800-2000 калория овқатланиши керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти ўлчамларига кўра, кунига 1800 калориядан кам миқдорда озиқланиш очлик билан баравардир.

Бу миқдор одамнинг соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун энг минимум меъёр ҳисобланади.

Ўзбекистон тўйиб овқатланмаслик даражаси "ўртача" бўлган давлатлар сирасига киритилган.

EIU мутахассисларига кўра, йиллик ялпи ички маҳсулоти 83.0 миллиард долларни ташкил этувчи 29 мллион аҳолига эга Ўзбекистонда аҳолининг 11 фоизи тўйиб овқатланмайди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш расмийлари мамлакатда калория етишмаслиги муаммоси йўқлигини айтиб келишади.

Мамлакатдаги Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари ҳам шу фикрда.

- Аҳолининг кундалик овқатланиш калорияси ҳатто халқаро мезонлардан ҳам баланд. Калория етишмаслиги бўйича бизда муаммо йўқ, Бизда айнан озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги бўйича гапирадиган бўлсак, бу масалага ҳукумат тарафидан катта эътибор қаратилади¸ деди Соғлиқни сақлаш ходимларидан бири.

105 мамлакатни ўз ичига олган ҳисобот одамларнинг овқатланиш имконлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати каби омилларни ўз ичига олган.

Аҳолиси энг сифатли озиқ-овқат истеъмол қиладиган давлатлар учлигига АҚШ, Дания, Норвегия кирган.

Овқатланиш билан боғлиқ энг абгор аҳвол эса Африканинг Эфиопия, Руанда, Нигерия ва Мозамбик давлатларидадир.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича 53-ўринда Тожикистонга эса 84-ўрин берилган. Қирғизистон ва Туркманистон рўйхатга киритилмаган.

Economist Intelligence Unit ҳисобтида таъкидланишича, ҳатто дунёнинг энг бой мамлакатларида ҳам аксар аҳоли сифатли озиқ-овқат истеъмол қилмайди.

Бундай мамлакатларда одамларнинг кундалик овқатланиш рациони 1200 калорияни ташкил қилса-да, улар истемол қиладиган маҳсулотларда одам организми учун фойдали микроэлементлар етишмайди.

БМТ Озиқ-овқат дастурига кўра, бугунги кунда ер юзи аҳолисининг 17 фоизи доимий очликни бошидан кечирмоқда.

Яқин ўн йил ичида ер куррасида очлар сонининг икки баравар ортиши кутиляпти.
XS
SM
MD
LG