Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:48

"МТС Ўзбекистон" раҳбари Интерпол орқали қидирилмоқда


Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари қаллоблик ва пул ювиш амалиëтларида айбланаëтган "МТС Ўзбекистон" мобил алоқа ширкати раҳбари Беҳзод Аҳмедовга Interpol орқали халқаро қидирув эълон қилди.

Interpol саҳифасида 38 яшар Беҳзод Аҳмедовнинг қаллоблик ва ширкат пулларини ноқонуний йўлда ишлатиш айбловлари бўйича қидирилаётгани айтилади.

Ўзбекистондаги энг йирик уяли телефон ширкати ҳисобланган "МТС Ўзбекистон" ширкати бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг ўтган ҳафта мамлакатдан қочгани хабар қилинган эди.

Аҳмедовнинг компания молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш давомида жиддий қонунбузарликлар аниқланиши ортидан оиласини мамлакатдан олиб чиқиб, ўзи ҳам ғойиб бўлгани айтилмоқда.

“МТС” ширкатининг Москвадаги марказий идораси Ўзбекистондаги бўлими раҳбари йўқолиб қолгани ҳақда ҳамон изоҳ бермаяпти.

- Вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқмагунимизча бу юзадан изоҳ беролмаймиз, деди “MTC” матбуот вакили Валерия Кузменко.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматидаги яқин манбаларга эга айрим агентликлар "МТС" Беҳзод Аҳмедовни топишда ёрдам беришни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратурасига ариза йўллагани ҳақида хабар тарқатди.

Хусусан¸ Ўзбекистон хавфсизлик тизимларига яқинлиги айтиладиган Узметроном Интернет газетаси "МТС" ширкатининг Москвадаги бош қароргоҳи президенти Андрей Дубовсков хати нусхасига эга бўлганини ëзди.

“МТС” президенти аризасида Беҳзод Аҳмедов ва “МТС-Ўзбекистон”нинг бошқа масъул шахслари томонидан бошқарувда инсофсизликка йўл қўйилгани, Москвадаги раҳбарият чалғитилгани, маблағлардан ўз ўрнида фойдаланилмагани ва ширкат мулки ўмарилгани қайд этилган.

“Бу шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари натижасида ширкат маблағларни нақдинага айлантириш ва солиқдан қочиш каби шубҳали ва ноқонуний ишларга аралашиб қолган ”, дея иқтибос келтиради Узметроном Андрей Дубовсков хатидан.

“МТС” президенти ўз аризасида, шунингдек, Беҳзод Аҳмедов шу кунда ҳеч бир изоҳсиз ишга чиқмаётгани ва унинг ҳозирда қаерда экани номаълумлиги юзасидан ҳам ташвиш изҳор қилган.

"Ушбу фурсатдан фойдаланиб, бу иш юзасидан текширув олиб бораётган Ўзбекистон прокуратура органларидан ширкатдаги одатий вазиятни қайта тиклаш ва Аҳмедов Беҳзод Баҳодировичнинг қаерда эканлигини аниқлаш ишида ҳамкорлик қилишини сўраймиз", дейилади "МТС" президенти мурожаатида.

Ўзбекистонда йирик ширкат раҳбарлари ва таниқли ишбилармонларнинг қамалиш хавфи боис қочишлари сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Бундан сал аввалроқ хорижий сармоя асосида ташкил этилган Carlsberg Uzbekistan ширкатининг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко ҳам Ўзбекистонни бутунлай тарк этган.

Жаноб Шевченконинг қочишига ҳам текширувлар пайти ширкат фаолиятида аниқланган камчиликлар сабаб бўлган.

"Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров, Тошкентдаги "Карвонбозор" улгуржи бозори директори Дмитрий Лим каби қатор йирик корчалонларнинг мамлакатдан қочиб кетганлари ҳақида норасмий маълумотлар бор..

Бугунга қадар кўплаб таниқли ишбилармонлар, жумладан "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимовларнинг ҳибсга олингани, баъзи манбааларга кўра эса, мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида хабарлар мавжуд.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:46 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG