Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:51

Сармоядорлар "ўзбекча ўйин қоидаси"га амал қилиши керак


Ислом Каримов илгари сурган “Ўзбекистонда катта бойлар бўлмайди” тамойили сармоя муҳитига путур келтиради, дейди таҳлилчилар.
Ислом Каримов илгари сурган “Ўзбекистонда катта бойлар бўлмайди” тамойили сармоя муҳитига путур келтиради, дейди таҳлилчилар.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати яна хорижий сармоядорларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида баёнотлар бера бошлади. Лекин Озодлик таҳлилчиси Камолиддин Раббимовнинг фикрича, ҳукумат олиб бораётган сиёсат Ўзбекистондаги сармоя муҳити жозибасини оширмайди.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган маълумотларга кўра, 2012-2013 йиллар давомида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги йирик меҳмонхоналарга оид акциялар бошқарув пакетларини хорижий сармоядорларга сотиш режаланган.

Ўтган ойда Ўзбекистонда ягона беш юлдузли меҳмонҳона бўлган Intercontinental меҳмонхонасини бошқариб келган Intercontinental Hotel Group ширкатининг мамлакатдан чиқиб кетиши ортидан бошқа хорижий сармоядорларни жалб этиш режалари ҳақида гапирилди.

Май ойининг бошларида Ислом Каримов Ўзбекистон бўйлаб давлат тасарруфидаги сал кам 500 йирик корхонани, хусусийлаштириш мақсадида, савдога қўйиш дастурини имзолади. Бу корхоналарнинг барчаси кейинги 3-4 йил ичида маҳаллий ва хорижий сармоядорларга сотилиши режаланган.

Жумладан, Тошкентдаги “Отел Ўзбекистон” меҳмонхонасининг 78 фоиз активлари, Самарқанддаги Afrosyob Palace ва Бухородаги “Бухоро” меҳмонхона мажмуаларининг 100 фоизлик активлари сотувга қўйилади.

Кўпчилик иқтисодчилар Ўзбекистон сармоя муҳити хорижий инвесторлар учун ўзига хос хатарларга эга, деб келади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўп йиллар фаолият юритиб, охир-оқибат ўз бизнеси, мулки ва маблағидан маҳрум бўлган хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистон ҳукумати устидан халқаро судларга шикоят қилиши ҳоллари кўпаймоқда.

Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнига ва сармоядорлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланганинга жиддий шубҳа билдирилган мақола куни-кеча Американинг Washington Times газетасида ҳам чоп этилди.

Ўзбекистонда шаклланган сармоя муҳити қандай шаклланган, сотувга қўйилган юзлаб корхоналарга сармоядорлар келадими, умуман, давлатнинг сармоя ва ҳусусий мулк борасида сиёсати қандай каби саволлар долзарблигича қолмоқда.

“Ўзбекистонда катта бойлар бўлмайди” тамойили

Ўзбекистон ҳукумати инвестиция, катта хусусий мулк борасида шу пайтгача барқарор, ўзгармас ва дахлсиз бўлган давлат сиёсатини шакллантира олмади. Ҳукумат ҳусусий мулк дахлсизлиги, сармоядорлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси кафолатланганини иддао қилиб келади.

Бироқ амалиёт бу гапларнинг нисбий, вазиятга қараб қўлланилишини кўрсатади. Шу пайтгача ўзгармас, ягона барқарор қонуният – бу ҳукуматнинг мутлақ суверинитети бўлиб қолмоқда.

2009 йил декабрида, Конституция кунига бағишланган нутқида, Ислом Каримов “Ўзбекистонда жуда бойлар ҳам, жуда камбағаллар ҳам бўлмайди” деган тамойилни илгари сурган эди.

Ислом Каримов бу фикрни ундан кейин ҳам бир неча марта такрорлади ва кейинги 2-3 йил ичида бир қанча йирик мулкдорлар, бизнесменларга жиноий ишлар қўзғатилиб, баъзилари ўз сармояларию корхоналаридан ажрагани бу тамойилнинг амалга кўчганини кўрсатади.

Гарчи “Ўзбекистонда жуда бойлар бўлмайди...” деган фикр жамиятнинг маълум қатламларида қанчалик ижобий қабул қилинган бўлмасин, уни икки жиҳатдан кўриб чиқишга эҳтиёж бор.

Биринчиси, масаланинг ҳуқуқий жиҳати. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, “жуда бой бўлиш” жиноят эмас, аксинча, қонунчиликка кўра, ишлаш, тадбиркорлик, солиқ тўлаш, одамларни иш билан таъминлаш юқори қадрланиши, давлат томонидан ҳимоя қилиниши таъкидланади.

Давлат раҳбари, Конституция ва қонунларнинг кафолатчиси мақомида фаолият кўрсатаётган Ислом Каримов айтган бу гап ҳуқуқий жидатдан бир қанча оддий ва ўринли саволларни юзага келтиради.

Масалан, “агар тадбиркор қонун доирасида ишлаётган бўлса, нима учун жуда бой бўлиш мумкин эмас, бунинг ҳуқуқий асослари борми?”; “одамнинг бойлиги қайси миқдорга етганда жуда бой ҳисобланади, ва бу жараённи қайси давлат муассасаси, қандай мезонлар асосида назорат қилади?”; “тадбиркорнинг маблағи ошиб бораётган бўлса, жуда бойлар сафига тушиб қолмаслик учун, солиқ тўлашдан бошқа яна нима қилиш керак?”; “одам жуда бой деб тан олинса, унга нисбатан давлат қандай санкциялар қўллаши назарда тутилган?” кабилар ана шунда ҳуқуқий саволлар сирасидандир.

Иккинчидан, Ислом Каримовнинг “ижтимоий тенглик” оҳангидаги “катта бойлар бўлмайди” тамойили жиддий иқтисодий-сиёсий оқибатларга ҳам эгадир.

Бундай ёндашув Ўзбекистонда сармоя муҳитига салбий соя солиши табиийдир. Чунки сармоядорлар энг эҳтиёткор “xалқ” келади, улар бирор давлатга сармоя киритар экан, вазиятга вазиятга баҳо беришда миллий тадбиркорларнинг аҳволи, маҳаллий хусусий мулкдорларга нисбатан ҳурмат мезони орқали ўлчашади.

Сармоя киритишга чақириқлар ва бюрократиянинг зиддиятли манфаатлари

Ўзбекистон ҳукумати, сармоя ва хусусий мулкни ривожлантириш борасида бир вақтнинг ўзида бир қанча зиддиятли вазифалар домида яшаб келади.

Бир томондан, рақобатбардош иқтисодни шакллантириш мақсадида ҳусусий мулкчилик ва сармоядорларни ҳимоя қилиш лозимлигини таъкидлаб, бу таъкидларни ҳаётга тадбиқ қилишга ҳаракат ҳам қилиб келади.

Бошқа томондан, кундалик ижтимоий-иқтисодий муаммолар, молиявий танглик ва нақд пул етишмаслиги давлатнинг сармоядорларга, уларнинг мулкларига "ола кўз" билан қарашига сабаб бўлмоқда.

Давлат сиёсатини амалга оширувчи амалдорларнинг манфаатлари, юқоридан пастга тушган сари, ўзгариб боради. Юқори даражадаги амалдорлар вазиятни сиёсий назорат қилишни ўйлайди. Шу сабаб, Ўзбекистон ҳукуматида сармоядорнинг келиб чиқишига катта эътибор қаратишади. Яъни, сармоя киритсаю унинг сиёсий ҳокимиятга ва давлатлараро муносабатларга таъсири бўлмаса.

Бунинг сабаби, Ўзбекистон ҳукумати катта сармоя киритиш орқали ўз сиёсий сувернитетини қисман бўлса-да йўқотиб қўйишдан қаттиқ қўрқишидир.

Кейинги йилларда Россия, Хитой каби давлатларнинг Ўзбекистондаги сармояси ошиб бораяпти, бу иқтисодий боғлиқликнинг тарихий, сиёсий сабаблари мавжуд. Унинг устига иқтисодий инқироз, бошқа сармоядорларнинг йўқлиги ҳам ҳукумат олдида танлаш имкониятини торайтиради.

Ўрта ва қуйи поғонадаги амалдорлар эса мавҳум “инвестицион муҳит, иқтисодий ривжланиш” мезонлари билан умуман ҳисоблаша олмайди.

Табиатан, уларнинг манфаати, мойилликлари тўлалигича сармоядорлардан фойдаланиш, уларни ўз таъсир доираларига олиш ҳаракатида бўлишади.

Ўзбекистонда шаклланган бюрократиянинг фаолияти жамоатчилик фикрига, жамиятнинг кундалик ижтимоий кайфиятига боғлаб қўйилмаган.

Амалдорлар фақат марказий ҳокимиятга боғлик, сўз эркинлиги йўқлиги сабабли маркзий ҳокимият ҳам вазият ҳақида биринчи бўлиб айнан қўл остидаги амалдорлардан сўрашади. Бу амалдорларнинг тадбиркорлар, сармоядорлар устидан тўлиқ назорати бор деганидир. Бу вазият Ўзбекистонда инвестиция муҳитига жиддий соя солаётган омилдир.

Дунё бўйлаб жуда катта маблағларга эга кўплаб сармоядорлар қулай инвестицион муҳит излаб юради. Ўзбекистонда катта инвестициялар киритиш учун асосий табиий ва демографик шароитлар мавжуд.

Ишга яроқли миллионлаб аҳоли бор, дунё миқёсида ўлчаганда ишчи кучи анча арзон. Бироқ хорижий ва миллий сармоядорларнинг Ўзбекистонга сармоя ётқизишдан ҳуркитаётган асосий омиллар – бу сиёсий ҳокимиятнинг зиддиятли, тез-тез ўзгариб турувчи “ўйин қоидасидир”.

Токи ушбу “ўйин қоидаси” сармоядорлар учун содда, тушунарли ва мақбул бўлмас экан, Ўзбекистон сармоялар ҳисобига ўз иқтисодиётини ўнглаб олишга, рақобатбардош иқтисод шакллантиришга умид қилмаса ҳам бўлаверади.

Бунинг учун эса, ҳокимият, ҳукуматнинг фикрлаши, ҳаракатланиши ўзгариши лозимдир.
XS
SM
MD
LG