Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:41

“Раҳбар бўлмоқчимисан, сўкишни ўрган!”


Кўпчилик ҳокимларни халқ орасида "муштумзўр ва сўконғич" ҳоким бўлган Шавкат Мирзиёев эришган чўққилар тинч қўймаётган кўринади.
Кўпчилик ҳокимларни халқ орасида "муштумзўр ва сўконғич" ҳоким бўлган Шавкат Мирзиёев эришган чўққилар тинч қўймаётган кўринади.

Ўзбекистонда каттаю кичик даражадаги ҳокимларнинг муштумзўрлигию сўконғичлиги ҳақида халқ орасида гап-сўзлар юради. Озодлик муштарийларидан бири Блогистонга юборган мақоласи шу ҳақда.

Ўзбекистондаги ўрта асрларга хос феодал бошқарув услуби, давлат ҳокимияти органлари вакилларининг маънавий қиёфаси масаласи ҳақида аввал ҳам кўп гапирилган.

Сийқаси чиққанига қарамай мавзу жозибадор, чунки ҳар биримизинг ҳаётимизга кўп жиҳатдан дахлдор бир масала бўлгани учун ҳам бу борада ўйламаслик мумкин эмас. Боз устига, мамлакат мустақилликка эришганидан кейинги шаклланиб келаётган идора услуби тадрижини кузатсангиз, руҳингизни алланечук бир ваҳима эгаллайди.

Ошириб юбораётганим йўқ, ҳокиму ҳукамолар, раҳбару раҳбарчалар билан ҳамнафас, уларнинг мажлисларида иштирок этган кишилар билан гурунгда бўлсангиз, муболаға қилмаётганимни ҳис қиласиз.

Кеча Қашқадарёга бориб келдим. Касбим тақозосига кўра, доим қулоғим динг юради. Одамларга қулоқ тутаман, ўзбек жамиятининг нимани ҳис этиб яшаётганини билишга уриниш, ҳаёт ритми ва кишиларнинг ўй-хаёлларини кузатиш нуқтаи назаридан ҳам бу муҳим.

Масалан, бугунги кунда мамлакатнинг энг йирик стратегик вилоятаридан бири бўлган Қашқадарёдаги мусоҳабаю гурунгларнинг етакчи мавзуси иқтирдордаги ҳоким масаласи экан. Боиси Туробжон Жўраев аталмиш бу одам ҳақида ўйламасликнинг иложи йўқ. У, унинг номи ҳар бир хонадонга қайсидир маънода кириб борган.

Бош вазирнинг карераси “лом”дан бошланган

Туроб Жўраев ҳақида гапиришдан аввал бир одамнинг ўтмишига қисқа саёҳат қилишга тўғри келади. Боиси у ҳам Жўраевнинг ҳозир босаётган йўлини одимлаган, унинг профессионал карерасини ҳам бўралатиб сўкиш, дўппослашдан бошланган, дейишади.

Бу ҳозирда Ўзбекистон ҳукуматини бошқараётган Шавкат Мирзиёевдир.

1999 йилда “Ҳуррият” газетасида ишлаб юрган пайтларим эди. Мирзиёев ҳокимлик қилган Жиззахдан бир гуруҳ чоллар таҳририятга шикоят билан келди. Чоллар Жиззахнинг шунчаки мўйсафидлари эмас, балки бир гуруҳ ўртамиёна раҳбарларнинг оталари. Уларнинг айтишларича, вилоят ҳокими кимгадир ун заводи, кимгадир туман ҳокимлиги ва яна қимгадир ёғ заводини бериш учун 30000 дан 80000 АҚШ долларигача йиғиштириб олибди. Лекин ваъдасини бажармай, ҳукмдорнинг топшириғи билан Самарқандга ҳоким қилиб юборилибди. Пули куйган корчалонлар тақдирга тан бермай ўзлари боришдан қўрқиб, Самарқандга оталарини юборишган.

Табиийки, бўлғуси бош вазир эски гиналарни кўтариб келган оталарни бир пиёла чой ва иззат-икром билан қарши олмайди. Бундан ранжиган оталар ҳокимни ҳурматсизлик ва кексалар олдидаги одобсизлиги учун ҳукмдорга айтиш билан қўрқитишибди. Шунда ҳоким истеҳзо аралаш: “Бораверинглар, у ҳам кабинетида учта бобойни уриб ўлдирди” деган экан.

Шундан сўнг чоллар кўп ёзди. Мирзиеёевнинг Жиззахдаги пахта пайкалида жигарини эзиб ўлдирган талаба ҳақида ҳам, Самарқанднинг Челак туманидаги ғалла майдонида мол боқиб ўтирган болакайни отгани, Самарқанд тумани ҳокими, президентнинг эркатойларидан бири Раҳима Ҳакимовани дўппослагани ҳақида ҳам ҳукмдорга айтди. Оқибатда Мирзиёев орадан бир йил ўтиб, ҳукуматга раҳбар бўлди.

Ўшандан бери бош вазир тарихидан хабардор кишилар унинг эски ҳунари, сўкиши ҳақида гапиришади: “Лом тиқаман”!

Ҳоким қочди...

Халқимизда “Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим” деган мақол бор. Лекин бу мақол доим ҳам тўғри чиқавермас экан. Боиси ўтган ҳафта Қашқадарё вилояти Нишон тумани “Дўстлик” фермерлар уюшмасида вилоят фаолларининг йиғини бўлиши, унда Қашқадарё вилояти ҳокими Туроб Жўраев, вилояти ИИБ бошлиғи С. Ҳайдаров, республикадан вилоятга куратор ва ваколатли вакил этиб тайинланган Фавқулодда вазиятлар вазири Т. Худойбергенов қатнашиши лозим эди.

Ҳоким ва унинг командаси йиғилишга кетаётиб, уюшмадаги “Т. Чориев” фермер хўжалиги пайкалидан ўтади ва пайкални ёввойи ўт босиб кетгани учун фермерни “Онангни...” деб сўкади.

Фермер ориятли йигит экан, дарҳол укалари билан бирга 80 ёшни қоралаган онасини олиб келиб, ҳокимга рўбарў қилибди. “Отамиз ўлиб кетганидан афсусда эдик, янги оталик бўлдик” дея ҳокимнинг гарданига мушт туширади, онахон эса миршаббошининг ёқасидан олади.

Воқеадан хабар топган қариндошлар тўпланишиб, қишлоқнинг тор ва чанг йўлини бекитишади. Эҳтирослар жунбушга келиб, фавқулодда вазиятлар вазири ҳам довдираб қолади ва ҳокимни кечирим сўрашга, вазиятни юмшатишга чақиради.

Аҳвол танглигини сезган ҳоким кечирим сўраган, аммо одамлар тинчимагач, мажлис қолдирилиб, ҳоким ва унинг командаси дала йўли орқали қочиб қолишга улгурибди.
Шу палладан ҳукмдорнинг халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг декабр ойида ўтган навбатндан ташқари сессиясидаги гаплари эсимга келди: “Жўраев, Сиз қашқадарёликларга қўпол муомалада бўлманг, улар қўрполликни кўтармайди”, деган эди у.

Демак, ҳар доимгидек узоқни кўра биладиган ҳукмдор Жўраевнинг номаи аъмолини башорат қилган. Лекин ҳукм қандай бўлади: Жўраев ҳозирги бош вазир каби кўтарилиб кетадими ёки пошшонинг башоратига қурбонлиқ келтириладими, кўрамиз.

Сўконғичларнинг ўз жаргони бор

Миллий фолклоримиз, яъни халқ оғзаки ижодининг тилга олинмайдиган жанрларидан бири сўкиш бўлиб, юқорида таъкидлаганимиздек, у асосан катта-кичик раҳбарларимиз томонидан бойитилмоқда.

Янграётган бу сўкишларни ёзиб бориш ёки тўла қайд қилишнинг имкони йўқ. Аммо бот-бот қулоққа чалинадиган бу каби “сийлов”ларнинг айримларини айтиб ўтсак зарар қилмайди.

Масалан, 2011 йилнинг кузида Қашқадарё вилояти Нишон тумани собиқ ҳокими Рустам Саъдуллаев “Гулистон” ММТП раиси Элмурод Жўраевни мажлисда “Қизингни... ” деб сўккан. Одатда “...йбан”, “ж...лаб” деб сўкиб, маҳаллий аҳолининг бошини қотирадиган ҳокимнинг бу сўкиши тушунарлироқ бўлди.

Туманга сўнгги бир йил давомида куратор бўлган, ҳозирда жизахликларнинг "онасини сиёлаётган" Сайфиддин Умаров (Жиззах вилояти ҳокими) оддийгина қилиб, “Энангни...” деб сўкаркан.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Амир Омонов эса адабий тил "нормаларига амал қилган ҳолда" Қашқадарёда ўтказилган мажлисларда йиғилганларни “Онангни...” деб ҳақоратларди.

Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Ҳамидулла Кароматов Сурхондарё вилоятининг собиқ ҳокими Жўра Норалиевни Алпомишнинг 1000 йиллиги тантаналари олдидан катта йиғинда “Онангни...” деган оддий қилиб.

2000 йилларда Қашқадарёда ҳоким бўлиб ишлаган Бахтиёр Ҳамидов вилоятнинг Чироқчи тумани ҳокими Мустафо Темировни “Аячангни...”, “Бувингни...” деб сўкканди. Маҳаллий шевага ёт бу сўкиш тури кейингиларининг олдида ҳолва экан.

Сўкишни ўрган!

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бўралатиб сўкишни, дўппослашни билган раҳбарлар узоқ йиллардан бери ишламоқда. Билмайдиганлари эса... дарров курсини бўшатади. Кетгандаям бадном бўлиб, шармисор бўлиб кетади. Ишларни бўшаштирганликда, бўшангликда, лапашангликда айбланиб кетади. Шунақа бизнинг келажаги буюк мамлакат. Халқ оғзаки ижоди, унинг чамбарчас қисми бўлган сўкиниш санъати ривож ва қадр топаётган ўлка.

Уста Ҳақгўй
XS
SM
MD
LG