Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:18

Виола фон Крамон: Афсуски, Андижон унутилмоқда


Германияда парламентининг Яшиллар партиясидан сайланган депутати Виола фон Крамон Берлинда 2005 йилги Андижон фожиасининг етти йиллиги муносабати билан анжуман ўтказишини маълум қилди.

Германия пойтахтидаги Вавилон кинотеатрида 9 май куни кечки соат 6 да бошланадиган тадбирда БиБиСи журналисти Моника Уитлокнинг Андижон воқеаларига бағишланган филми намойиши ҳамда халқаро ва ўзбекистонлик экспертлар иштирокида мунозара бўлади.

Тадбир немис парламенти депутати Виола фон Крамон ташаббуси билан ўтказиляпти.

- Хавфсизлик соҳасида Ўзбекистоннинг муҳимлиги ортиб бормоқда. Германия Мудофаа вазири яқинда бу давлатга бориб келди. Лекин, ўзбек расмийлари билан сўзлашувлар чоғида у инсон ҳуқуқлари ҳақида оғиз ҳам очмаган. Ваҳоланки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи абгорлашиб бормоқда,- дейди немис парламенти депутати Виола фон Крамон.

2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказида ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларга қарата ўт очиши натижасида аёллар ва болалар дохил юзлаб кишилар қурбон бўлган эди.

Лекин, ҳодисадан деярли етти йил ўтиб воқеаларнинг кўплаб жиҳати ҳали ҳам мавҳум.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, етти йил аввал Ўзбекистон шарқидаги Андижон шаҳрида ҳукумат кучлари қуролсиз намойишчиларни ўққа тутгани, Ўзбекистон ҳукумати эса 2005 йил 13 май куни Андижонда 187 одам ҳалок бўлган ва уларнинг аксарияти экстремистлар бўлганини иддао қилиб келади.

- Европа Иттифоқи Ўзбекистонга санкция жорий этганида учта асосий талабни қўйганди. Шу талаблардан бири Андижон воқеалари бўйича мустақил тергов ўтказиш талаби эди. Ҳалигача мустақил тергов ўтказилгани йўқ,- дейди Бундестаг депутати Виола фон Крамон.

Расмий Тошкентнинг халқаро мустақил терговга оид даъватларни рад этиши ортидан Европа Иттифоқи 2005 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси ҳамда хунрезлик учун масъул амалдорлар учун виза чекловини ўз ичига олувчи санкцияларни жорий қилди.

Лекин, орадан тўрт йил ўтиб Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши лозимлигига оид талабларини унутган ҳолда Европа Иттифоқи ўз санкцияларини бекор қилди.

Халқаро инcон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фаоллар ЕИ ўзининг Афғонистон ва Марказий Осиёдаги манфаатларини ҳисобга олиб, Ўзбекистонга нисбатан сиёсатида Андижон хунрезлиги, инсон ҳуқуқлари аҳволи каби масалаларни кўтармаётгани, кўтарган тақдирда ҳам айни масалани иккинчи ўринга қўяётганини танқид қилиб келади.

13 май воқеаларидан етти йил ўтиб эса Андижон мавзуси Европа Иттифоқи сиёсатида унут бўлаёзган мавзуга айланган, дейди немис депутати.

- Афсуски шундай. Ҳозир Германия учун Ўзбекистоннинг Термез базаси орқали Афғонистонга транзит масаласи муҳим бўлиб турибди. Айни пайтда Ўзбекистон томон биздан ҳарбий техника танк ва вертолётларни истайди. Яъни уларни ҳам биздан истаётган нарсаси бор. Германия эса бунинг учун шартларни қўйиши керак ва бизнингча Германиянинг ҳам босим қилиш имкони бор,- дейди Виола фон Крамон.

Аввалроқ матбуотда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Германия Канцлери Ангела Меркел билан учрашиш ниятини изҳор қилгани, Ангела Меркел эса Каримов инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги шартларни бажармагунча, у билан учрашишга хоҳиш билдирмаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Виола фон Крамон бу ҳақда ўз манбаларидан эшитганини айтади.

- Мен эга маълумотга кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталиши мудҳиш бир тарзда давом этмоқда ва буни ҳамма билади, шундай бир пайтда Германия Канцлери Каримовни қабул қилмайди, буни тасаввур ҳам қилиш қийин,- дейди немис депутати.

Ҳозирда Яшиллар партияси Германия ҳукуматига Ўзбекистон билан муносабатлар юзасидан саволлар жўнатган ва жавобини душанба куни кутишмоқда.

9 май куни ўтказиладиган тадбирга Андижон воқеаларининг бевосита гувоҳлари ва ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларидан ташқари немис депутатлари, журналистлар ва ноҳукумат ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.

Берлиндаги мунозарада Андижон воқеалари гувоҳи бўлган журналист Галима Бухорбоева, ўзбек ҳуқуқ фаоли, Германия – Ўзбекистон форуми раҳбари Умида Ниёзова ва Германиядаги Конституцион ва фуқаролик ҳуқуқлари бўйича Европа маркази Бош директори Вольфганг Калек қатнашади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:51 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG