Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

ICG: Ўшда ўзбеклар ҳуқуқлари бузилмоқда


Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи (ICG) Ўшда этник ўзбеклар ҳуқуқлари поймол қилинаётганидан бонг урмоқда.

Гуруҳнинг “Қирғизистон: жанубда этник бўлинишнинг кучайиши” деб номланган ҳисоботида ўзбек миллатига мансуб фуқаролар қувғин қилинаётгани ва уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда тўлақонли иштирок этишига йўл берилмаётгани таъкидланади.

Қирғизистон расмийлари мазкур ҳисобот юзасидан икки ҳил муносабат билдирмоқдалар. Бишкекдаги марказий ҳукумат мамлакат жанубида бундай ҳолат мавжуд эканини тан олмоқда, бироқ Ўш шаҳар расмийлари ҳисоботни “ҳақиқатдан узоқ ҳужжат” деб атамоқдалар. Ўш шаҳар мэриясига кўра, бугунги кунда Ўш шаҳрида миллатлараро ишонч ва иноқлик қайта тикланган, шаҳарда ўзбеклар ҳуқуқлари камситилмаяпти, вазият кундан-кунга барқарорлашиб бормоқда.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг этник, диниий сиёсат ва фуқаролик жамияти билан ишлаш бўлими раҳбари Мира Карибаева Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи ҳисоботида келтирилган ҳолатлар қирғиз ҳукуматига маълум эканини билдирди:

- Бундан аввал ҳудди шунга ўхшаш ўндан ортиқ ҳисобот эълон қилинган. Бу ҳисоботларда ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг муаммолари, ҳуқуқ-тартибот органлари билан муносабати ва тил масаласи ҳақида гапирилган. Президент маъмурияти ўзбек миллатига мансуб фуқароларнинг барча муаммоларини яхши билади. Шу муносабат билан президент вазиятни яхшилаш юзасидан бир қатор фармонларни чиқарган. Биз ана шу фармонлар доирасида иш олиб бораяпмиз, -деди Мира Карибаева.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи ҳисоботида Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов “миллатчилик сиёсатини олиб бораётгани”, шунинг учун ҳам ҳукуматнинг миллатлараро ишончни қайта тиклашга қаратилган ҳаракатлари самарасиз бўлаётгани қайд этилади.

Ҳисоботда Ўшда ўзбек тилида нашр этилган кўплаб оммавий ахборот воситалари ёпиб қўйилгани, ўзбек миллатига мансуб фуқаролар ишдан ҳайдалаётгани алоҳида таъкидланган.

Ўшдаги қирғиз-ўзбек университетининг ўз исмини сир тутишимизни илтимос қилган профессори миллати ўзбек бўлган кўплаб ўқитувчилар ҳақиқатан ҳам ишдан ҳайдалганини эътироф этади:

- Ўзбекларни ишдан ҳайдаш жараёнида ректор ёки бошқа расмийлар томонидан босим ўтказилгани йўқ. бироқ “ОБОН”чи (Отряд Баб Особого Назначения- ўзбекчаси “Махсус Топшириқни бажарувчи Хотинлар Отряди”. 2005 йил инқилобидан кейин ташкил топган норасмий гуруҳ, собиқ президент Бакиев ва бир қатор сиёсатчилар бу “отряд”дан ўз мухолифларига ва рақибларига босим кўрсатиш, маънавий тазйиқ ўтказиш ва жисмоний жазолаш мақсадида фойдаланиб келган- таҳририят) хотинлар ўзбекларга “сенларни ишлатмаймиз, сенларни ишдан ҳайдаймиз” каби босим ва таъқибларни ўтказган, -деди профессор.

Қирғизистондаги миллатлараро муносабатлардаги муаммоларни ўрганган таҳлилчи Руслан Ташановнинг айтишича, қирғиз ҳукумати мамлакат жанубидаги миллатлараро вазият, жумладан, ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги муносабатнинг яхши эмаслигидан ўз сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланиб келмоқда. Шунинг учун ҳам Ўшда вазиятни тўла барқарорлаштиришга муваффақ бўлинмаяпти.

- Айни пайтда марказий ҳукумат ва маҳллий ҳокимиятнинг бир йўналишдаги аниқ стратегияси мавжуд эмас. Улар иккита йўналишда иш олиб бормоқда. Бир томон ҳокимиятга эришиш учун миллий озчиликлар муаммоларини чайқов қилмоқда. Иккинчи томон эса миллатчилик ғояларини тарғиб қилиш орқали ҳукуматни эгалламоқчи бўлаяпти. Шунинг учун ҳам мана шундай вазият юзага келмоқда, -деди Руслан Ташанов.
XS
SM
MD
LG