Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

Жамшид Мухторов террорчилик айбини инкор қилди


Жамшид Мухторов.
Жамшид Мухторов.

Пайшанба куни Денверда бўлиб ўтган маҳкама давомида асли жиззахлик Жамшид Мухторов¸ Оллоҳга қасам ичиб¸ ўзининг террорчиликка алоқаси йўқлигини билдирди.


Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах бўлимининг собиқ раиси¸ 2007 йилдан бери АҚШдан сиëсий бошпана олган Жамшид Мухторов 21 январ куни Чикаго халқаро аэропортида Истанбулга учиш олдидан қўлга олинган эди.

АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) агентлари Жамшид Мухторовни 2005 йилдан бери халқаро террор гуруҳлари рўйхатига киритилган Исломий жиҳод иттифоқига моддий ëрдам берганлик ва унинг сафига қўшилишга уринганлик айбини қўймоқда.

Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажраб чиққан жиҳодий иттифоқ¸ ФТБ мутахассислари айблов хулосасида келтиришича¸ Ўзбекистон¸ Германия¸ Туркия¸ шунингдек Афғонистондаги АҚШ кучларига қарши уюштирилган қатор террор ҳужумлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Жамшид Мухторовга бундай жиддий айб қўйиш учун унинг 2011 йил февралидан 2012 йил январи охирига қадар Интернетда Исломий жиҳод иттифоқи веб маъмури билан олиб борган ëзишма ва телефон суҳбатлари асос бўлган.

“Оллоҳга қасам¸ мен ҳеч қачон бунақа иш қилган эмасман”¸ деди пайшанба куни Денвер маҳкамаси ҳаками Катлин Тафоя олдида рус тилида берган кўрсатмасида Мухторов.

Ўзбекистонлик судланувчи ўзининг қўлга олинганидан бери террорчи каби ушланаëтгани ва ҳозирга қадар адвокат ҳам берилмаганидан шикоят қилганидан сўнг ҳакам унга адвокат тайинлаш ҳақида буйруқ берди ва Мухторовдан адвокатсиз бошқа баëнот бермасликни сўради.

Чикагода қўлга олинганидан икки кун ўтиб Мухторов Чикаго маҳкамасига олиб келинган ва бу ерда ҳакам уни ўзи яшаб келган Колорадо штатида суд қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Чоршанба куни Колорадога олиб келинган Мухторов¸ сочи олинган¸ соқоли қиртишланган ҳолда енги калта оқ кўйлак кийган ҳолда маҳкама мажлисига келтирилди.

“Қўлга олинганимдан бери менга террорчи каби муомала қилишмоқда¸ хотинимга телефон қилишга ҳам қўйишмади. Мени якка ҳужрадан бошқа маҳбуслар каби умумий хонага ўтказишингизни сўрайман”¸ дея мурожаат қилган Мухторов.

Аммо ҳакам бу сўровга жавобан АҚШ қамоқхона маъмурияти қарорларига аралашиш ваколати йўқлигини айтиб¸ уни рад қилган.

Сешанба кунга белгиланган навбатдаги маҳкама жараëнида Жамшид Мухторовга расмий айблов эълон қилиниши белгиланган.

Агар ўзига қўйилаëтган айблар судда тасдиғини топса¸ Мухторов 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиб¸ 250 минг АҚШ долларигача жаримага тортилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG