Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:54

Ўзбекистон 2011: Чўмичи катта раҳбарлар даври


Таҳлилчиларга кўра, гарчи президент Ислом Каримов йил аввалида сўзлаган нутқида “бундан буён муштумзўр раҳбарларнинг зўравонлиги ўтмаслиги” ҳақида гапирган бўлса-да, йил охирига қадар ҳокимликларга айнан муштуми зўр раҳбарларни тайинланган.
Таҳлилчиларга кўра, гарчи президент Ислом Каримов йил аввалида сўзлаган нутқида “бундан буён муштумзўр раҳбарларнинг зўравонлиги ўтмаслиги” ҳақида гапирган бўлса-да, йил охирига қадар ҳокимликларга айнан муштуми зўр раҳбарларни тайинланган.

Таҳлилчилар 2011 йилда раҳбарлар сафи кўпроқ МХХ ва прокуратуранинг иштаҳаси ва мушти катта кадрлари билан кенгайганидан хавотирда.


Кадрлар бу йил ҳам қўнимсиз бўлди

2011 йилда ҳам, худди аввалги йилларда бўлгани каби, Ўзбекистонда изчил кадрлар алмашинуви жараёни кузатилди.

Бир неча йирик вилоят ва шаҳар, жумладан, Наманган шаҳри ҳокими Илҳомиддин Ботиров, Фарғона вилоят ҳокими Эркин Нуралиев, Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниев ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевлар ишдан олинди.

Шунингдек, бир неча туманлар ҳокимлари ҳам ишдан олинди ва бундай ҳокимлар бу йил ҳам энг камида “масъулиятсизлик, ташаббуссизлик, талабчанликнинг етишмаслиги, принципсизлик” каби нуқсонлар, кўпи билан эса бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланди.

Наманган ва Тошкент шаҳар, Фарғона вилояти ҳокимлари ҳибсга олинди.

Яна бир қизиқ ҳоким алмашинуви йил охирига келиб Сурхондарёда бўлди. Вилоят ҳокими Туроб Жўраев Қашқадарёга олинди, унинг ўрнига эса Сариосиё тумани ҳокими Нормўмин Чориев Сурхондарёга ҳоким қилиб олиб келинди.

2011 йил давомида, шунингдек, бир неча йирик вазирлик, бошқарма, қўмита раҳбарлари ишдан олинди. Ўзбекистон Халқ таълими вазири Аваз Мараҳимов, Ўзбекистон Давлат монополиясидан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Жаҳонгир Исмоилов, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Қобул Нақибовлар шулар жумласидандир.

2011 йилда кузатилган яна бир жиддий кадр алмашинуви Ўзбекистон президенти девонида бўлди.

Ўзбекистон президентига хуқуқ-тартибот, куч ишлатар ва фискал тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш буйича 9 ой маслаҳатчи бўлган Муиджон Тоҳирий ишдан олинди. Унинг ўрнига келган янги давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддинов ҳам орадан 3 ой ўтмай ишдан бўшатилди ва қисқа муддатдан сўнг ҳибс қилинди.

Муиджон Тоҳирий генерал-майор, бунгача Миллий хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, ундан аввал Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раис ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Равшан Муҳиддинов эса бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Адлия вазири, Жиззах вилояти прокурори каби юқори лавозимларда ишлаб келган.

Шу кунлардаги норасмий маълумотларга кўра, 2011 йил давомида ишдан олинган баъзи амалдорлар, жумладан, Равшан Муҳитдинов, Абдуқаҳҳор Тўраев, Эркин Нуралиевлар панжара ортида сақланмоқда.

Булар номи жамоатчиликка ошкор бўлган амалдорлардир.

Номи жамоатчиликка, хусусан, матбуотга ошкор бўлмаган, аммо ишдан олиниб, панжара ортига ташланган катта-кичик амалдорлар ўтган йиллардаги каби 2011 йил давомида ҳам кўп бўлгани тахмин қилинади.


Бу йил ҳукуматга келган "силовиклар" кўпайди

Йил давомида Ўзбекистондаги кадрлар алмашинуви жараёни ҳақида энг кўп хабар бериб келган Uzmetronom сайти муҳаррири Сергей Ежков сўнгги бир йилнинг бошқа йиллардан фарқли ва мамлакат келажаги учун муҳим деб билган бир жиҳатини тилга олди.

- Менимча, ҳозирга келиб ҳокимиятга амалдорларнинг иккинчи авлоди эшелони кирадиган палла келди. Яъни шу вақтгача ўрнатилган алоқалар, тартиб ва ёш жиҳатдан ҳокимиятни ушлаб турган биринчи эшелон кетаяпти. Бу сиёсат ўзини қанчалик оқлайди, буни вақт кўрсатади, албатта. Аммо ҳозирги вазият учун бу нормал мантиқий қарор, - дейди Сергей Ежков.

У шу вақтгача ўринбосар бўлган ва энди биринчи раҳбарга айлантирилаётган кўплаб кадрлар куч ишлатар тузилмалардан чиққанига алоҳида урғу берди.

Ўзбекистонда шу йўл билан ҳукумат ўз мустаҳкамлигини тобора кучга боғлаб бораётганини эътироф этган собиқ мулозим, бир вақтлар президент девонида кадрлар масаласи бўйича масъул лавозимда ишлаган Шароф Убайдуллаев ҳам мустақилликнинг 20 йилидан сўнг ҳукумат теграсига йиғилаётган раҳбарларнинг кўпроқ куч ишлатар тузилмаларидан келаётганига эътибор қаратди.

У киши сўнгги норасмий маълумотлардан бири — Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари этиб Бухоро вилояти прокурори Пўлат Бобожоновнинг тайинланганини тилга олар экан, аҳоли билан бевосита мулоқот қилишга масъул ҳокимликка бундай кадрларнинг келишини оқламаслигини айтди.

- Област прокурори, тасаввур қилинг, шунақа жабр берадики одамларга. Чунки у жами дунëга делолар орқали, жиноят орқали қарайдиган одам. Кўп пайтда ҳокимлар милициядан ҳам қўйиб юрилди. Бу ақлга сиғмайдиган ҳодиса, - дейди Шароф Убайдуллаев.


Марказда мушт столга урилаяпти, қуйида эса аҳоли бошига

Бу йил давомида ҳам Ўзбекистон вилоятларидаги раҳбарларнинг зўравонлиги, хусусан, муштумзўрлигига оид бир неча ҳисоботларни чоп этган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, гарчи президент Ислом Каримов йил аввалида сўзлаган нутқида “бундан буён муштумзўр раҳбарларнинг зўравонлиги ўтмаслиги” ҳақида гапирган бўлса-да, йил охирига қадар ҳокимликларга айнан муштуми зўр раҳбарларни тайинланган.

У ҳам ўз фикрига сўнгги ҳолатлардан бири – Сурхондарё ҳокими Туроб Жўраевнинг Қашқадарёга олинганини мисол келтирди.

- У киши илгари Халқ таълим вазири бўлиб юрган пайтларида ҳам қабулига келган қуйи лавозимдаги амалдорни бўралаб сўккани, ургани ҳақида гаплар бор. Президент навбатдан ташқари сессияда ҳам буни тан олди. “Қашқадарёликлар бунақа сўкишларни кўтармайди, булар билан хушмуомала бўлинг”, деган маънода. Лекин бу кадр алмашинувининг асосий сабабларидан биттаси Қашқадарёни тартибга солиш эди аслида, - деб ҳисоблайди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Унинг фикрича, Сурхондарёга қўйилган янги ҳоким Нормўмин Чориев ҳам муштумзўрликда Туроб Жўраевдан қолишмайди ва бу феъл ҳануз Ўзбекистонда ҳокимликка қўйилаётган кадрларнинг бирламчи “фазилати” сифатида инобатга олинишда давом этмоқда.

- Сирдарë вилояти ҳокими Ойбек Ашурматов ёки Жиззах вилоятининг ҳокими Сайфиддин Умарович Исмоилов ё Навоий вилоятининг ҳокими Эркин Турдимов. Бизлар бир неча марта катта мажлисларда бу ҳокимларнинг одамларни оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўккани, ҳатто одамларни ургани ҳақида маълумотларни олдик. Яъни 2011 йилда ҳам Ўзбекистонда ҳокимларнинг позициясини куч билан мустаҳкамлашга уриниш давом этди, - дея хулоса қилади суҳбатдош.


Сиёсий транформация даври

"Ўзбекистонда кадрлар алмашинуви билан боғлиқ жараённинг 2011 йилдаги энг муҳим нуқтаси президент девонида бўлди" деб ҳисоблайдиган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бу жараённи президент Каримовнинг энг қуйидан бошлаб, энг юқори поғоналарига қадар бир-бирига боғланган амалдорлар занжирини ўз фойдасига мустаҳкамлаш истагида экани билан изоҳлайди.

- Шахсан Каримов ва унинг атрофидаги садоқатли шахслар яқин йиллар ичида Ўзбекистонда бўлиши керак бўлган ўзгаришларга тайëрланаяпти, назаримда. Ҳокимиятнинг трансформация даврида бир-бирига садоқатли бўлган, мустаҳкам команда бўлган структура тузишга ҳаракат қилинаяпти. Аслида президент девонида бегона одам йўқ, лекин уларнинг ишончлилик даражаси бир-биридан фарқ қилади, - дейди К.Раббимов.

Сиёсий таҳлилчи фикрича, 2011 йил давомида Каримовга бўлган ишончидан фойдаланган кучларнинг ҳаракатлари ва бу асосда Каримов берган қарорлар натижасида келгусида ҳокимият алмашинуви қандай кечиши бўлмаса ҳам, алмашинув жараёнидан сўнг ҳокимиятга кимлар келиши мумкинлигидан ишорат берувчи айрим ҳолатлар кўзга ташланган.

- Каримов айнан кимни ўзига ўриндош сифатида кўраëтганини билмаймиз ҳалиям. Лекин Каримов шундай бир сиëсатчиларданки, ҳар қандай вазиятга, ҳар қандай ўзгаришларга тайëр туриш керак, деб ҳисоблайди. Шундан хулоса қилиш мумкинки, кейинги йилларда кадрлар базасини йиғиш, кучли команда шакллантириш, ички ва ташқи сиëсатда тажриба йиғиш, айниқса пул, маблағ йиғиш имконияти бир қанча шахсларга берилди, холос, - дейди Камолиддин Раббимов.

Унга кўра, булар Шавкат Мирзиëев, Гулнора Каримова, Рустам Азимов, Элëр Ғаниев ва шунга ўхшаган яна бир-иккита шахслардир.

У Каримовга ўриндош кўрилаётган сиёсий фигураларни санар экан, президент Каримовнинг 20 декабр куни Москвада қилган чиқишларидан хулоса қилиб: “Ўзбекистонда сиёсий транформация даври жиддий равишда яқинлашиб бормоқда”, дейди.


2012 йилнинг январи охирига қадар кутинг - ўзгариш бўлади!

Тошкентлик журналист Сергей Ежков мамлакат ҳокимиятида жиддий ўзгариш бўладиган паллага жуда оз қолди, деган фикрда.

У ҳатто бу фикрни далилловчи яна бир баҳсли тахминни илгари сурди ва бу яна Uzmetronom сайтида 2011 йил давомида энг кўп баҳс юритилган фигура — Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга дахлдордир.

Сергей Ежковга кўра, бугунги кадрлар алмшинувини мутлақ идора қилаётган президент Каримов ўзидан кейин келадиган ворис учун мустаҳкам ҳукумат - парламентни қолдиришга ҳозирлик кўрмоқда ва бу парламент келгусида бўлиши мумкин фавқулодда ҳолатларда кейинги давлат раҳбарини минтақавий қутблар билан бир муросада тутиб туриши керак.

- У ўзаро зиддиятли кучларни бир маромда ушлаб тура оладиган парламент бўлишини хоҳлаяпти. Яъни янги президент келган тақдирда бу парламент уни ўйланмаган қадамлардан тия олиши ва жамоатчиликда, минтақа, умуман республикада бир муросавий мувозанатни тутиб туришга қодир бўлиши керак, - деб ҳисоблайди Сергей Ежков.

2011 йилнинг дунё учун аҳамиятли бўлган воқеаси – “араб баҳори”дан сўнг бундай ҳолатнинг Марказий Осиё, хусусан, минтақадаги энг жиддий нуқта бўлган Ўзбекистонда такрорланиши мумкинлиги ҳақида йил давомида хавотирлар кўп тилга олинди.

Ҳатто айрим рус нашрларида мамлакатда оммавий норозиликлар бошланганига оид сохта хабарлар ҳам пайдо бўлди.

Сергей Ежковнинг “янги президентнинг ўйланмаган қадамлари” эҳтимоли ҳақидаги фаразлари, Камолиддин Раббимовнинг ҳокимият бўғинларидан “ишонч бўлмаган ва заиф” ҳалқаларнинг олиб ташланиши ҳақидаги хулосалари, қайсидир маънода, Ўзбекистон раҳбариятининг жиддий ўзгаришларга ҳозирлик кўраётганига жиддий далолатдек кўринади.

Табиийки, бу гал ҳам “Қачон бўлади бу ўзгаришлар?” деган савол умумият-ла очиқ қолмоқда.

Аммо бу саволга “ўта ишончли манбалардан олинган” маълумотлари билан доимий баҳсларга сабаб бўлиб келадиган Сергей Ежков яна бир баҳсли маълумот билан жавоб беришга уринмоқда.

- Келинг, 2012 йилнинг январ ойи охиригача қадар кутайлик. Ўшанда Ўзбекистон парламенти қонунчилик палатаси ва сенатининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтади. Ишонинг, ўшанда кўп саволлар жавобини топади, - дейди журналист Сергей Ежков.


Сўнгсўз ўрнида: Раҳбарчалар халқдан узоқламоқда

Бир вақтлар Ўзбекистон президенти девонида айнан кадрлар масаласи бўйича масъул лавозимлардан бирида ишлаган собиқ мулозим Шароф Убайдуллаев яқин кунларда ўзи иштирок этган бир издиҳомда кузатган манзарадан сўз очди.

- Қарийб 15 йил Ўзбекистон Министрлар советининг раиси бўлиб ишлаган, 40 йилдан ортиқ Ўзбекистонда энг юқори лавозимларда ишлаб келган Нормуҳаммад Жўраевич Худойбердиев вафоти муносабати билан ҳукумат кичик бир тадбир ўтказди. Мана шу ерда қарийб 400 кишига яқин собиқ раҳбар йиғилиб қолди.

Буларнинг ичида шахсан кўрганим уч нафар Олий совет раиси: Мирзаолим Иброҳимов, Оқил Умурзоқович Салимов, Шавкат Муҳиддинович Йўлдошевлар бўлди. Собиқ Министрлар советининг раисларидан ҳам уч кишини кўрдим. Ўнлаб вазир, йирик идора раҳбарлари бор эди.

Мени ажаблантиргани шуки, бир хил Олий совет раислари шунақанги хароб плашëвкаларда турибди, денг. Ҳозир Ўзбекистонда жуда совуқ, елкаларимдан совуқ ўтиб кетаяпти, деб бириси ўзини у ëққа, бу ëққа ташлайди. Одамлар уни қўйиб юбормайди, гаплашгиси келади.

Шундай совуқда, очиқ гап, бирорта ярақлаган пўстин кийиб турган собиқ раҳбарни кўрмадим. Айримларининг юпунлигидан бугунги айрим раҳбарчаларимиз уялгандай бўлиб ўзларини четга ҳам тортишди, - дейди собиқ мулозим.

Шароф Убайдуллаев бу гаплари билан собиқ совет даврини қумсамаётгани ва у тузум сиёсатини оқламаётганини алоҳида таъкидлар экан, ўша кездаги баъзи тажрибалардан бугун ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди, деб ҳисоблашини айтади.

- Биз собиқ раҳбарларнинг газозаправкаси, ресторани ëки фалон-фалон заводлари, тижорат тизимлари бор, деб ҳеч қачон эшита олмасдик. Битта-яримта бўлар эди у пайтда ҳам. Лекин бунақанги портлашлар, халқнинг бунақанги қозонига бунақанги катта чўмичларни солиб, халқни оëғи билан кўрсатадиган раҳбарлар у замонда бир кун тура олмас эди.

Бугунги айрим раҳбарлар идорасини бутунлай панжара билан ўраб олганини кўриб, бутун умр шу панжаралар орасида яшашни орзу қилаëтгандир, деб ҳайронман. Тўғри, Кремлни ҳам ўраб олишган у пайтда.

Лекин бугун туман ҳокимлигига оддий фуқаро кира олмаслигини мен тушунмайман ва шу воқеаликни президент билмайди, деб ўйлайман очиқ гап. Туман, вилоят ҳокимликларига бир неча чақиримдан яқин йўлагани имконият бермайди оддий халққа. Бу фарқланиш, халқдан бу қадар узоқлашишнинг, яна бир бор таъкидлашни истайман, охири бахайр бўлсин. Ваҳоланки, халқ ҳам қачондир қўл силташи мумкин, - дейди Шароф Убайдуллаев.

У бир кун келиб халқ бу амалдорлардан қўл силтаса, бунинг оқибати нима бўлишини тахмин ҳам қилмади. Фақатгина қисқа қилиб: “Охири бахайр бўлсин”, деди.

Зеро, 2011 йилги кадрлар алмашинуви жараёнига бирров назар ташлаган бошқа таҳлилчилар ҳам Ўзбекистонда халқ ва ҳукумат ўртасида тобора чуқурлашиб, кенгайиб бораётган жарлик ҳамда бунинг оқибатлари ҳақида якуний хулоса айтишдан кўра, бироз кутиш, борингки, 2012 йилнинг январи охирига қадар кутиш афзаллиги ҳақида сўзламоқдалар.
XS
SM
MD
LG