Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:48

Ўзбек имомлари ҳам пахта теримига жалб қилинди


Ўзбекистон расмийлари, аҳолининг катта қисми далада бўлса, имомлар бўш қолган масжидларда бекорчилик қилмасин, деган кўринади.
Ўзбекистон расмийлари, аҳолининг катта қисми далада бўлса, имомлар бўш қолган масжидларда бекорчилик қилмасин, деган кўринади.

Имомлар далада пахта териш билан биргаликда, теримга чиқмаган ўқувчиларни далага чиқишга даъват ҳам қилмоқда.


Ҳамма имом пахтада!


Бу йилги пахта мавсумида Ўзбекистон имомлари илк бор пахта теримига жалб қилиндилар.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг жойлардаги бўлимларидан олинган маълумотга кўра, пахта мавсумида имомлар зиммасига бирданига тўртта масъулиятли вазифа юклатилган.

Биринчидан, имомлар далада пахта териб, Ўзбекистоннинг кўп тонналик хирмонига ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Иккинчидан, пахта теримига чиқмаган ўқувчи-талабалар, ишчи-хизматчилар, маҳалла аҳли орасида тушунтириш ишлари олиб бориб, уларни пахта теримига даъват қиладилар.

Учинчидан, имомлар дала бошида ўтириб олиб, қуръон тиловат қилиб, Олоҳдан мўл ҳосил сўрайдилар.

Тўртинчи шарафли вазифа ўлароқ эса, кам таъминланган оилалардан бўлган теримчиларни моддий рағбатлантириш ҳам маҳаллий имомлар зиммасига юклатилди.

Озодлик Ўзбекистонинг турли ҳудудларидаги масжидлар билан боғланганида, барчасидан бир хил - ҳамма пахтада деган жавобни олди.


Имомлар - теримчи!


Жиззахдаги Қўшчинор масжиди имомларидан бири кўрага - тақсир исмини ошкор қилмади - вилоятдаги 171 та масжиднинг имомлари ва масжидда фаолият кўрсатувчи бошқа диндорлар бир кунда ўртача 20 тоннадан пахта тераяптилар.

- Вилоят бўйича 171 та масжидимиз бўлса, ҳаммаси ҳар кунига 40-50 та одам чиқараяпти. Ҳар битта туман ўртача 5-6 тонна бераяпти. Масалан, Жиззах туманида кўп. Бошқа туманларда камроқ. Ўшанга ўртача қилиб айтадиган бўлсам, тахминан 15-16-20 тоннагача тераяпти бир кунда. Ўзимиз ҳам кеча чиқиб келдик.Мен ўзим 35 кило тердим. Норма берилмаган. Ёши ўтган, қарироқ имомларимиз 20-30 атрофида тераяпти,- деди Қўшчинор масжиди имоми.

Имомлар - даъватчи!


Турли вилоятлардаги масжидлардан олинган маълумотларга кўра, пахта мавсумида имомлардан кўпроқ ташвиқот-тарғибот ишларида фойдаланилмоқда.

Қўшчинор масжиди имомига кўра, имомларнинг сўзларига одамлар орасида ишонч кучли бўлгани учун, улар пахтага чиқмаётганларни теримга давъат қилиш ишларига жалб қилинган.

- Мактаб, коллежларнинг чиқмаган болалари борку. Ўшаларнинг уйига бориб чиқишга жалб этаяпмиз. Тушунтириш ишлари олиб бораяпмиз. Иложини қилган жойимизда, пахтага чиқаяпти мактаб болалари ҳам. Мен ўзим, ëрдамчиларимиз билан ҳар куни чиқиб, маҳалларда уйма-уй кириб пахтага чиқмаганларни чиқариб кейин ишга келаяпмиз,- деди Қўшчинор масжиди имоми.

Имомлар - тиловатчи!


Навоийдаги "Қосим шайҳ" масжиди имомларидан бири, бу киши ҳам ўзларини таништирмадилар, вилоят имомлари кўпроқ пахта терими пайтида тиловат ва дуо ўқиш билан машғул бўляпти, деди.

- Диний идорадан кўрсатма беришди, ҳашарчилардан хабар олиб, пахтани ҳосилнинг ҳақларига, деҳқонлар, фермерларнинг ҳақларига дуолар қилинглар, деб топширди. Доимий биздан талаб қилинаëтгани йўқ. Шунча теринглар, нимага термадинглар, деган гап бизларга бўлгани йўқ. Борамиз, ëши улуғ отахон, ҳожи боболар билан бирга фермер хўжаликларига бораяпмиз. Ҳожи боболар 2-3 та қовун-тарвуз олиб бериб, фермерларнинг далалари бошида тиловат қилиб, дуолар қилиб, ҳосилнинг ҳаққига барака тилаяпмиз. “Хизмат қилаëтганларнинг боши омонда бўлсин. Офат шикаст етмасин” деб дуолар қилиб қайтаяпмиз,- деди "Қосим шайҳ" масжиди имоми.

Имомлар - рағбатлантирувчи!


Жорий йил пахта мавсумида имомлар ўзларининг саҳоватпешалигини ҳам намойиш қилмоқдалар.

Жиззахдаги Қўшчинор масжиди имомига кўра, улар илғор теримчиларни моддий рағбатлантириш билан ҳам шуғулланмоқдалар.

- Ҳар битта яхши терган теримчилар ëки кам таъминланган теримчиларга гилам ва шунга ўхшаган қимматбаҳо совғалар берилаяпти. Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Жиззахдаги вакиллиги ташаббуси билан бўлаяпти бу. Вакиллик томонидан айтаяпмиз туманларга. Совғалар бўйича Жиззах тумани, бошқа туманларнинг ҳисоботларини берганмиз ҳокимиятга, бошқа жойга,- деди Қўшчинор масжиди имоми.

Бу йилги пахта мавсумида, дарҳақиқат жамиятнинг барча қатламлари бир ёқадан бош чиқариб, аниқроғи, бошлари бир ёқадан чиқарилиб, "оқ олтинни" нест-нобуд қилмасдан териб олишга аҳд қилинган кўринади.
XS
SM
MD
LG