Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:57

Ўзбек ижодкорлари халқни "ўлдириш"га хизмат қилмоқда


Мустақиллик даврида Оқсарой маддоҳига айланган ўзбекнинг катта шоиру ëзувчилари¸ ëлғон билан халқ руҳини хор қилди¸ дейди сирдарëлик зиëли.


Шоирлари ëлғон айтса, ўлади эл

Сирдарëдан телефон қилган Бобур домла шоир Усмон Азим ëзган бу мисра бугунги ўзбек ëзувчилари учун катта айбнома эканлигини айтди.

- Мен Сирдарëдан Бобур домламан. "Эркин микрофон"га гапирмоқчиман. Мана сизлар “Нима қилиб қўйдингиз?” деган эшиттиришлар бераяпсиз. Мана шу эшиттиришларда ўзбек халқининг ëзувчию шоирлари Аҳмад Аъзам, Усмон Азим, Омон Матжон, Жамол Камол, Зокиржон Машрабовлар қатнашишди. Мен мана шу ëзувчию шоирларнинг чиқишларига ўзимнинг муносабатимни билдирмоқчи эдим. Улар кейинги 20 йилда қилган ишлари, ëзган китоблари ҳақида гапириб бердилар.

Булар кейинги 20 йил ичида ўзбек ҳукуматининг содиқ хизматкорларига айланишди. Улар мақтанчоқлик билан фалонча китоб, фалонча шеърий тўпламлар, 20 йилда фалонча набираларим бўлди¸ деб айтишди. Мен билмадим¸ бу ўзбекларнинг катта арбоблари қачондан бошлаб бу қадар мақтовбозлик касалига учрашди.

Улар, менинг фикримча, кейинги 20 йил ичида иккиюзламачилик, риëкорлик, ëлғончилик билан шуғулланишди. Улар бу беш кунлик ўтар дунëда ҳамма нарса олишди. Амал, мансаб, сохта обрў, данғиллама уй-жойлар, қўша-қўша машиналар, лекин ўз устозлари Абдулла Қаҳҳор айтганидек¸ адабиëтнинг атомдан кучлилигини ўтин ëришга сарфлашди. Улар Абдулла Қаҳҳорнинг ўгитларини унутиб қўйишди назаримда. Мен уларнинг гапларини эшита туриб “Наҳотки бу алломалар 20 йил давомида ўзбек ҳукумати 4-5 миллион ўзбек халқини мардикорга айлантирганларини, хор-зор қилиб тирикчилик учун жуда қийин бир аҳволга тушириб қўйганларини, минглаб ўзбек йигитларимиз бегуноҳ қамалиб, қамоқхоналарда азоб чекаëтганини, ўзбек қиз-жувонларини мардикорга айлантиришиб, фоҳишага айлантиришганини, ўнлаб ислом уламоларининг ном-нишонсиз йўқ қилинганини, ўз ҳамкасблари Мамадали Маҳмудов, Мақсуд Бекжон, Муҳаммад Солиҳни 17 йилдан бери чет элда сарсон-саргардон юришга мажбур қилганликларини кўришмаëтган бўлса? Наҳот 28 миллионлик халқни ҳукумат қўтир бир эшакка айлантириб қўйганлигини¸ Шавкат Раҳмон таъбири билан айтганда¸ кўришмаëтган бўлса?” деган фикрлар хаëлимдан ўтди. Усмон Азим “Шоирлари ëлғон сўзласа, ўлади эл” деган эди бир замонлар. Улар мана шу 20 йилда ўз халқларини тириклай ўлдиришга хизмат қилишди, дейди сирдарëлик Бобур домла.


Чет эллардаги кўзи ожизлар ҳақида эшиттиришлар истаймиз

Наманганлик кўзи ожиз ногирон Мўминжон ака Мукаррамов Озодлик радиоси орқали Рамазон ойида ногиронлар аҳволи ҳақида лавҳалар берилишини истайди.

- Намангандан телефон қилаяпман. Исмим Мўминжон. Менинг кўзим ожиз. Биринчи гуруҳ ногирониман. Менинг илтимосим шундайки, бизда битта ногирон қиз бор. Албатта¸ сизларнинг яхшилигинглар бўлиб қолади, ëрдаминглар тегса деб чиқиб радио орқали айтиб қўяй деган эдим. Фамилияларини ëзиб олишингиз мумкинми телефонларигача деб мурожаат қилаяпман. Оëғидан ногирон. 6-7 йилдан бери ëтган. Зулфия Бегалиевага қилган яхшилигингларга миннатдорчилик билдираяпмиз-да. Ўшаларнинг номидан мурожаат қилиб, керак бўлса телефонларини ҳам бераман. Ҳақиақатан Озодлик эшиттириши яхши бўлаяпти. Мен жуда миннатдорман.

Ўша қиз 2004 йилдан бери ëтибди. Ташкилотларга борганда эътибор ҳам бермади. Агар маъқул келса, мен телефонини, фамилиясини берсам. Коди 94. 271-60-62. Қурбонова Азиза. Дадасининг оти Ëқубжон. Онаси биринчи гуруҳ ногирони. Ташкилотларга мурожаат қилди эътибор бермади. Ҳалиги моддий томонданми, бошқа томондами. Ëтиши керак эдида. Ëтқизишга ҳеч қайси ташкилотлар аҳамият бермаяпти. Ўшанга сизларнинг мурувватинглар керак. Мана Зулфия Бегалиевани эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Шунга ўхшаган бўлса деб мен ўшаларнинг номидан гапираëтган эдим.

Яна битта илтимос бор ука. Бизнинг илтимос шундайки, чет эллардаги кўрларнинг ҳаëти тўғрисида ëритиб борсанглар. Шунга жуда талабгормизда. Буни ўтган сафар Садриддин Ашуровга ҳам айтган эдим. “Майли” деган эди. Билмайман нима бўлди қолиб кетдими.

Иккинчиси, Малоҳат Эшонқуловалар тўғрисида маълумот бериларди. У ҳам берилмай қўйди. Ўшанга ëрдаминглар бўлса, жуда миннатдор бўлардик. Гапираман деса жуда гап кўп, дейди наманганлик кўзи ожиз ногирон Мўминжон ака.


Боринга шукур¸ Озодлик!

Москва вилоятида истиқомат қилаëтган асли фарғоналик меҳнат муҳожири Расулжон Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси қилиши керак бўлган ишни Озодлик қилаëтганига тасаннолар айтди.

- Мен Расулжонман. Москва вилоятида ишлайман. Озодлик радиосига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдирмоқчи эдим кўп сонли тингловчилар номидан. Ўтган йили ҳам Озодлик радиоси Сибир ўрмонларидаги ўрмон кесувчиларга пул бермай қийнаб қулчиликда ишлаëтганларни қутқариб олган эди. Сизларнинг радио орқали қутқарилган эди. Бу йил Тулада 90та мусулмон бандалари қулчиликда яшаб ишлаб турган экан. Шуларни ҳам сизлар қутқариб олдиларинг¸ қаранг. Ўзбекистондаги бирорта радио, газета ëки ҳукумат аъзолари парво ҳам қилмади. Фақат сизлар қутқардинглар-да. Жуда хурсанд бўлиб, борларингга шукур деб нима қилаяпманда. Рўза ойларида жуда катта савоб иш қилдиларинг. Сизларга жуда меҳрим ошди. Ўтган йил ҳам меҳрим ошган эди. Шунга анча қўшилиб, сизларнинг борларингга шукур дейманда. Ëрдамларингни аямай нима қилаяпсизлар¸ раҳмат сизларга.

Озодлик: Асли қаердансиз?

- Фарғонадан. Айтадиган гапим шу борларингга шукур. Бор бўлинглар. Минг йиллар яшанглар. Тингловчилар миллионлаб, миллиардлаб бўлсин, дейди асли фарғонлик Расулжон.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG