Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:44

Ўзбекистонда рўйхатга олинган антивирус дастури баҳс марказида


Жавоҳир Мамбетов миллий антивирус дастурини ўзи ишлаб чиққанини идда қилмоқда.
Жавоҳир Мамбетов миллий антивирус дастурини ўзи ишлаб чиққанини идда қилмоқда.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгани айтилаëтган миллий антивирус дастури¸ компютер дастурчилари эътирофича¸ ўғирланган.


18 ёшли Жавоҳир Мамбетов икки ой олдин Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари томонидан “Миллий антивирус дастури муаллифи” дея эътироф этилди. Жавоҳир 2010 йил декабрида “Келажак овози” истеъдодли ёшлар танловида ҳам вирусларга қарши дастури билан ғолиб бўлган эди.

Ўзбекистондаги машҳур интернет форумлардан бирида бир ойдан бери унинг лойиҳаси ҳақида қизғин баҳс кетмоқда.

Форум иштирокчиларидан кўпчилиги миллий антивирус дастури ўғирланганлигини иддао қилмоқда.

“Ўзбекистон телеканали бу ҳақдаги хабарига расмий раддия берадими?” деб ёзади Элдар Ишимбаев исмли форум иштирокчиси.

“Жуда шубҳадаман. Ахир бу миллий маҳсулот-ку", дея унга жавоб беради форум иштирокчиси Ефим Кушнир.

Мазкур антивирус баҳсида ўзини «Black 40x» дея таништирган форум иштирокчисига кўра, миллий антивирус дея эътироф этилган лойиҳанинг асоси ўзининг талабаликдаги ишининг кўчирмасидир.

“Бу қасос эмас, бу адолатни тиклаш дейилади. Мен бу лойиҳани 4 йил олдин 2-курс талабаси бўлган пайтим ишлаб чиққанман. Унинг дастлабки код тузилмасини интернетдан топса бўлади. Бу одам нимани кашф этди? Ҳеч нарсани. Менда савол туғилди- қандай қилиб бу лойиҳа лицензияни қўлга киритди? Лойиҳа плагиатликнинг ҳақиқий кўриниши-ку! Мен муаллифлик раддиясини талаб қиламан”, дея шарҳ қолдирди ўзини антивирус дастури асосини ишлаган муаллиф дея таништирган «Black 40x”

Озодлик мазкур форум иштирокчиси билан боғланмоқчи бўлди. Бироқ дастурчи айни пайтда телефон орқали боғланиш имкони йўқлигини айтиб, гапни қисқа қилди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон антивирус дастури муаллифи дея эътироф этилаётган тошкентлик Жавоҳирнинг ўзи бу айбловларни асоссиз дейди:

- Мен ўзимнинг фикрим эканлигига, ўзим яратганимга аминман. Шунинг учун уларнинг фикрига қизиқмайман. Балки уларга жавоб қайтармаётганимга уларнинг жаҳли чиқаётгандир, - дейди Жавоҳир.

Жавоҳир нима сабабдан антивирус дастури интернетга қўйилмаётганлиги, ҳамда интернетда жойлаштирилган россиялик дастурчининг лойиҳаси билан бир хиллигини шундай изоҳлайди:

- Бу модулга украиналик хакер ёрдам берган. Модулни, яъни қўшимчасига ёрдам берган, антивируснинг ўзини ишлаб чиқишни эса мен қилганман. Ҳали калити қўйилмаган.Чунки ҳали лабораториям йўқ. Уни очиш керак. Лаборатория бир кишининг иши эмас. Тарқатиладиган ҳар бир дастурга бошқача калит қўйиб чиқиш керак,- дейди ёш дастурчи.

Ўзбекистонда антивирус дастури пайдо бўлганига ўзини «Clone security» хакерлик гуруҳи вакили дея таништирган ўзбекистонлик хакер ҳам ишонмаслигини айтади.

- Агар Ўзбекистонда антивирус дастури ишлаб чиқилганида ва у патентланган бўлганида биринчи галда интернетга чиқарилган бўлар эди. Одамларнинг қўлига ишлатишга берилар эди, - дейди ўзбекистонлик хакер.

Шу билан бирга суҳбатдошимиз Ўзбекистонда антивирус дастурини туза оладиган ёшлар борлигини, бироқ бундай дастурга эҳтиёжнинг ўзи йўқлигини ҳам айтади:

- Албатта, Ўзбекистонда антивирус дастурини ишлаб чиқариш имкони бор. Балки ҳозир қилган антивируслар одамларни қониқтираётгандир. Масалан, Касперский, Нортон антивируслари, - дейди ўзбекистонлик хакер дея ўзини таништирган суҳбатдош.

Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқи агентлигининг рўйхатга олиш бўлимида Жавоҳир Мамбетовнинг антивирус дастури ўтган йилнинг 7 июнида расман қайддан ўтган. Бироқ мазкур агентликнинг ўз исмини айтмасликни истаган ходимига кўра, унинг рўйхатга олингани ҳали муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритганликни англатмайди.

-“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар” деган қонун бор. Қонуннинг 10-моддаси “муаллифлик презумпцияси” ҳақида бўлиб, муаллифлик ҳуқуқи асар яратиш пайти вужудга келади. Ҳеч қандай расмий ҳужжат, расмий қоғозлар шарт эмас. Бизда рўйхатдан ўтказадиган функция бор, -деди идора вакили.

"Рўйхатдан олинганлик тўғрисидаги ҳужжат қачон бекор бўлиши мумкин?" деган саволга идора вакили шундай жавоб берди:

- Бу бекор бўлиши мумкин, агар суд қарори билан тасдиқланса. Муаллиф асарни рўйхатдан ўтказаётганида, учинчи шахсларнинг ҳуқуқи бузилмаган дея кафолат беради. Чунки агентлик рўйхатдан ўтказаётганида муаллиф ўзи яратдими, интернетдан кўчириб олиб келдими текширмайди, - деди Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқи агентлиги ходими.

“Келажак овози” Ўзбекистон иқтидорли ёшлари танловининг расмийлари билан мазкур мавзу бўйича суҳбат қила олмадик.

Айни пайтда, миллий антивирус кашф этилгани ҳақида мақола чоп этган бир нечта ўзбек расмий веб саҳифалари, жумладан, Ўзбекистон хукумати портали, “ЎзА” ахборот агентлиги бу ҳақдаги мақолани ўз сайтидан олиб ташлаган.
XS
SM
MD
LG