Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:50

13 май қирғини ажратган оила Прагада бирлашди


Равшан Асқаров 6 йиллик айрилиқдан сўнг ўз ўғли билан бирга.
Равшан Асқаров 6 йиллик айрилиқдан сўнг ўз ўғли билан бирга.

13 май қирғинидан кейин Асқаровлар оиласининг Андижонда қолиб кетган бир бўлаги, фожианинг 6 йиллиги арафасида Прагага етиб келди.


13 май Андижон қирғини куни 6 ойлик қизалоқ бўлган Хадичахон орадан 6 йил ўтиб, отаси Равшанбек билан Прага аэропортида кўришди. Чехия Ички ишлар вазирлиги саъйи ҳаракати туфайли Асқаровлар оиласи бирлашди.

Ҳадичахон билан биргаликда Равшанбекнинг саккиз ярим ëшга кирган ўғли Ëқубжон, рафиқаси ва қайнонаси ҳам Чехия Республикасига келди. Равшанбек ҳижрон азобларига нуқта қўйган чех бюрократиясидан мамнун.

36 ёшли Равшанбек бундан 6 йил аввал Андижоннинг Бобур майдонига йиғилган намойишчилар орасида эди. Ҳукумат ўқларидан қочган Равшанбек юзлаб андижонликлар қатори аввал Ўшда, кейин эса Руминиядаги қочқинлар лагерида яшади. Кейин эса Чехия Равшанбекка бошпана берди. Ҳозир Равшанбек Асқаров Прагада дурадгорлик қилади.

Ўтган 6 йил мобайнида у ўз оиласи билан фақат телефонда гаплашиб турди. Кейинги бир-икки йил ичида Skype камераси воситасида юз кўришиб туришди.

Ҳозирги кунда Равшанбекнинг оиласи Брнодаги қочқинларни қабул қилиш идораси қарамоғида. Оилани чех жамиятига интеграциялаш, уларга тил ўргатиб мактаб маориф тизимига жалб қилиш, ижтимоий таъминот масалалари Чехия Ички ишлар вазирлиги қочқинлар идораси тарафидан амалга оширилади.

Андижон қирғинидан қочган 500 га яқин қочқиндан 15 нафарига 2005 йил декабр ойида Чехия сиëсий бошпана берган эди.

Айни пайтда андижонлик қочқинлари Австралия, Канада, АҚШ, Швеция, Швейцария, Ҳолландия, Белгия ва Германияда истиқомат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG