Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:43

Бухоро Арки деворининг қулаши: ўзбекча реставрация нима?


Бухоро Арки деворида таъмир ишлари бот-бот олиб борилади.
Бухоро Арки деворида таъмир ишлари бот-бот олиб борилади.

Арк деворининг таъмирдан кўп ўтмай қулаши Ўзбекистондаги тарихий обидалар вазиятининг оғирлигидан даракчи бўлди.

Қадим Бухородаги Арк қалъаси деворининг бир қисми яқинда қулаб тушди.

Бухоро Арки деворининг яқинда таъмирланган қисми кутилмаганда шундай қулади.
Мутахассислиги бўйича тарихчи бўлган бухоролик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниев шу йил апрел ойи охирларида Бухоро Арки деворининг қулаганини ўз кўзи билан бориб кўрган гувоҳлардан бири.

- Мен девор йиқилганидан бир соат ўтиб ўша ерда бўлдим. Уйим Арк яқинида. Менга деворнинг бир қисми йиқилганини айтишганида, тўғриси, яқинда таъмирланган қисми бўлса керак, деб ўйладим. Аниқроғи, “реставрация” қилинган қисми. Бу таъмир бухороликлар кўз ўнгида амалга оширилганди. Аркнинг ташқи томонидаги деворнинг ўнг қисми. Қурилишдан анча-мунча хабари бор одамлар деворни синчлашда нима учун калта ёғочлардан фойдаланилаётгани ҳақида саволлар беришар эди. Аслида бу кўзбўямачилик эди. Мана, бир ой ҳам ўтар-ўтмас девор қулади. Хайриятки, ҳеч ким жабр кўрмади, дейди тарихчи Шуҳрат Ғаниев.

Воқеа гувоҳига кўра, Аркнинг йиқилган деворини тезлик билан кўтаришган. Бироқ, Шуҳрат Ғаниев фикрича, бу таъмирни ҳам сифатли, деб бўлмайди.

- Мен реставрация технологияси ҳақида умуман гапирмай қўя қолай. Ахир бизда реставрация деганда таг-туги билан йўқ қилиб, қайтадан қуришни тушунишади. Бу ишда янги технологиялар ва замонавий қурилиш материаллари қўлланилади. Бу реставрация эмас, бу тарихий бинонинг кўринишини капитал ўзгартиришдир, дейди у.

Бухоро Аркининг 30-йиллардаги кўриниши. Совет сураткаши Макс Пенсоннинг бу суратни 1935 йилда олгани тахмин қилинади. (Бу сурат maxpenson.com сайти рухсати билан чоп этилмоқда.)
Суҳбатдошимиз фикрича, Ўзбекистонда реставрация ишлари маълум бир расмий сана олдидан амалга оширилади. Бухоро Арки ҳам Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг “Асрлар садоси” фестивали олдидан таъмирланган¸ аммо расмий тадбир бошланиши арафасида қулаган. Деворнинг қулаган қисмини меҳмонлар кўзидан яшириш учун¸ Uzmetronom.com интернет газетасининг ëзишича¸ унинг устига улкан реклама ëзувлари битилган матоҳ осишган.

Шуҳрат Ғаниев ошиғич олиб бориладиган реставрация ишларида цемент каби замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилганидан даҳшатга тушгани ва Арк деворининг қулашига ҳам ана шундай реставрация учун номақбул материаллар ишлатилгани сабаб бўлганини тахмин қилади.

Шоҳи Зинда тарихий мажмуасида қазиш ишларини бошқарган тошкентлик таниқли археолог ва архитектор Нина Немцова ҳам Шуҳрат Ғаниев фикрини қувватлар экан¸ ўз тажрибаси асосида Ўзбекистонда урф бўлган консервация эмас¸ замонавий реставрациядан туғилаëтган хавотирларини айтади.

- Қурувчилар мен топган ва консервация қилиб қўйган меъморий мақбаралар қолдиқларини таг-туги билан кўчириб олишди ва унинг ўрнига янги обида қуришди. Бу обиданинг мен қазиб топган ва ҳужжатлаштирган обидага ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Ҳозир у ерда мутлақо бошқа обидалар турибди. Келаётган сайёҳлар баланд замонавий мақбарани кўраяптилар, олдинги обидадан асар ҳам йўқ, дейди куюниб Нина Немцова.

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмий веб-саҳифасида ёзилишича, бугунги кунда Хива, Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий қисми ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилларидан бугунги кунда Ўзбекистон шаҳарларида тарихий обидаларни реставрация қилиниши борасида фикр олишнинг имкони бўлмади. Ваколатхона котибаси ўз раҳбарининг чет эл сафарида эканини, шу важдан ваколатхона ходимларидан бирор киши бу ҳақда гапира олмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш бош илмий-ишлаб чиқариш бошқармаси раҳбари Равшан Мансуров эса Бухорода реставрация қилинган девор қулаганини қатъиян инкор этди:

- Деворнинг йиқилган жойи йўқ. Нураган қисми олиб ташланаяпти. Мисол учун, 500 йилдан бери турган девор. Шу деворни болорлари ўз кучини йўқотади. Шу олиниб, қайта тикланаяпти. Реставрация қилинган жой йиқилгани йўқ. "Синдираман, бузаман" деган одамлар республикада ишламайди. Нима иш қилинган бўлса, ўша келажак авлодга етказиш мақсадида қилинади. Мана, мисол учун, ғиштни олади-қўяди. Ёмон бўлиб қолган бўлса, чиқаради. Бўлмаса, бузади, қайтадан тиклайди, дея изоҳ берди Равшан Мансуров.

Шундай бўлса-да, тарихчи олимлар реставрация баҳонасида Ўзбекистонда ҳақиқий тарихий обидалар йўқолиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Тарихий обидалар эса ҳар бир реставрациядан кейин замонавий кўринишга эга бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG